Техник носозлик Италия ҳаво ҳудудини фалажлаб қўйди
Кеча эрталаб Италиянинг «ENAV» ҳаво ҳаракатини бошқариш хизмати тизимида юз берган йирик носозлик бутун мамлакат бўйлаб парвозларнинг кечикиши ва бекор қилинишига сабаб бўлди.
Муаммо нафақат самолётларнинг учиши ва қўнишига, балки Италия ҳаво ҳудудидан транзит ўтувчи рейсларга ҳам таъсир кўрсатди.
Носозлик ҳаво ҳаракатини бошқаришда қўлланиладиган маълумотлар узатиш тармоғида кузатилган. Расмийлар киберҳужум ёки қўпорувчилик эҳтимолини инкор этди. Парвозлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, маҳаллий вақт билан соат 06:00 дан бошлаб диспетчерлар ҳаво ҳудудининг ўтказиш қобилиятини вақтинчалик қарийб 50 фоизга камайтирди.
«Cirium» таҳлилий компаниясининг маълумотларига кўра, куннинг биринчи ярмида 192 та рейс бекор қилинган. Италия аэропортларидан самолётларнинг атиги 31 фоизи ўз вақтида ҳавога кўтарилди. Айниқса, Милан ва Римда вазият анча оғирлашди: бу шаҳарларда парвозларнинг атиги 25-28 фоизи жадвалга мувофиқ амалга оширилди.
Кун давомида «ENAV» хизмати захира сунъий йўлдош тармоғини ишга тушириш орқали тизимни қайта тиклашга муваффақ бўлди. Дастлаб бу одатий ўтказиш қобилиятининг қарийб 75 фоизини таъминлади, кўп ўтмай эса ташкилот тизим тўлиқ тикланганини маълум қилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter