Трамп: АҚШ Ғазо секторини ўз назоратига олади

Вашингтон Ғазо секторида кенг кўламли миналардан тозалаш ишларини олиб бориш ва кейинчалик ҳудудни тиклаш учун назорат ўрнатишни режалаштирмоқда.
Бу ҳақда АҚШ президенти Доналд Трамп Оқ уйда Исроил бош вазири Бинямин Нетаняху билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Оқ уй раҳбари Ғазо сектори улкан вайронагарчилик зонасига айлангани, у ерда деярли ҳамма нарса ер билан яксон қилинганига эътибор қаратди.
Трампнинг сўзларига кўра, агар эксклав аҳолиси қўшни мамлакатларда, биринчи навбатда Миср ва Иорданияда қуриладиган янги турар-жой мажмуаларига кўчиб ўтишса, «яхшироқ бўларди».
«АҚШ Ғазони назоратга олади ва у ерда иш олиб боради. Биз барча портламай қолган бомбалар ва бошқа қуролларни олиб ташлаш, ҳудудни текислаш ва вайрон бўлган бинолардан қутулиш учун жавобгар бўламиз», — дея қўшимча қилган Оқ уй раҳбари.
Аввалроқ ҳам Трамп Ғазо секторини «тозалаш» мақсадида анклавнинг 1,5 миллион аҳолисини Миср ва Иорданияга кўчириш кераклигини айтганди. Исроил молия вазири Бецалель Смотрич Трампнинг бу таклифини «зўр ғоя» деб атаганди.
Бироқ Иордания ҳам, Миср ҳам фаластинликларни мажбурий кўчириш ташаббусини рад этган.
Ҳатто АҚШнинг Европадаги иттифоқчилари ҳам Трамп илгари сурган таклифга қарши чиққанди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter