Трамп айбдор деб топилди. Энди у президент сайловида қатнаша олмайдими?
Аввал хабар берганимиздек, Нью-Йорк ҳакамлар ҳайъати АҚШнинг 45-президенти Дональд Трампни ҳужжатларни сохталаштиришда айбдор деб топди. Шу тариқа мамлакат тарихида биринчи марта собиқ президент жиноий жавобгарликка тортилмоқда.
Суднинг якуний ҳукми 11 июль куни эълон қилинади.
Дастлабки хабарларга кўра, Трамп айбдор деб топилиши ортидан республикачилар партиясининг айрим сайловчилари унга овоз бериш фикридан қайтган.
Жорий йил 5 ноябрь куни ўтадиган президентлик сайловида амалдаги раҳбар Жо Байденга асосий рақиб бўлиши кутилаётган Трампнинг маҳкамага тортилиши унинг Оқ уйни эгаллаш йўлидаги уринишларига қандай таъсир кўрсатади? Бу масала сиёсий доираларда қизғин муҳокама қилинмоқда. Би-Би-Сининг Шимолий Америкадаги мухбири Энтони Зуркер шу саволга жавоб излаган.
«Дональд Трампнинг жиноят ишида айбдор деб топилиши бир неча омилларга кўра мисли кўрилмаган ҳолатдир. Гап шундаки, АҚШ тарихида биринчи марта собиқ ёки амалдаги президент суднинг қора курсисида ўтирибди, унга аллақачон айблов ҳам эълон қилинди. Бундан ташқари, мамлакатдаги икки асосий партиядан бирининг президентликка эҳтимолий номзоди илк бор жиноят ишида айбдор ўлароқ кўрилмоқда», – деб ёзади Энтони Зуркер.
Трамп 11 июль куни чиқариладиган ҳукм юзасидан шикоят қилишини маълум қилган бўлса-да, назарий жиҳатдан у қамоқ жазоси ёки катта миқдорда жаримага тортилиши мумкин.
Судловнинг Трамп сиёсий карьерасига таъсири борасида узил-кесил фикр айтишнинг имкони йўқ. Негаки, АҚШ тарихида аввал бундай ҳолат кузатилмаган.
«Воқеалар ривожи борасида аниқ тасаввур ҳосил қилиш учун одатда тарихга юзланамиз. Аммо архив ҳужжатларида бунга ўхшаш ҳолат қайд этилмаган», – дейди Жанубий методист университети ҳузуридаги Президентлар тарихи маркази раҳбари Жеффри Энгель.
Трампнинг республикачилар партиясидан номзод сифатида кўрсатилиши осон кечгани йўқ. Вазиятнинг мураккаблиги шундаки, суд ҳукми эълон қилинганидан бир неча кун ўтиб, республикачилар партияси қурултойи номзодни маъқуллаш ҳақида қарор чиқаради.
Ижтимоий сўров натижаларига қараганда, Трамп кимўзар пойгада амалдаги президент Байден билан қадам-бақадам кетмоқда. Ҳатто сайлов тақдири ҳал бўладиган айрим штатларда кичик устунликка ҳам эга. Аммо сўнгги ижтимоий сўровлар суд ҳукми кучлар нисбатига таъсир кўрсатиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
Қишда ўтказилган сўровларда республикачиларнинг 10 фоиз электорати агар собиқ президент айбдор деб топилса унга овоз бермаслигини билдирган эди.
Апрель ойида Ipsos ва ABC News ўтказган сўровда эса Трамп айбдор деб топилса, унинг тарафдорларидан 16 фоизи ўз қарорини ўзгартиришини очиқлаган.
Баҳорда собиқ президентнинг айбдор деб топилиши ҳали фараз эди. Эндиликда, унга қарши айблов ҳукми эълон қилинган пайтда сайловчилар аниқ фактга кўра хулоса ясайди.
«Чинакам ҳукмни халқ чиқаради», – деган Трамп 2024 йил 5 ноябрь кунги сайловга ишора қилиб суд залидан чиқар экан.
Сиёсатчининг некбинлигига қарамай, у Капитолийга бостириб киришни ташкиллаштириш, махфий ҳужжатларни сақлаш қоидасини бузиш каби жиноятларда ҳам гумонланаётганини унутмаслик керак.
Жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассис, президент Билл Клинтон билан бирга ишлаган Дуг Шон бошқа фикрда. Унга кўра, ноябрь ойида америкалик сайловчилар Трампнинг ҳужжат сохталаштиришда айбланганини унутиши ҳам ҳеч гап эмас.
«Гарчи жиноят иши бўйича айблов ҳукми нохуш ҳолат саналса ҳам, ноябрда сайловчилар кўпроқ инфляция ҳақида, жанубий чегарадаги девор ҳақида, Россия ва Хитой билан рақобат ҳақида, шунингдек, катта миқдордаги бюджет маблағи Исроил ва Украинага кўмак сифатида сарфланаётгани ҳақида ўйлайди», – дейди Д.Шон.
Айни чоқда, АҚШ сиёсий муҳитининг ўзига хослиги шундаки, кам сонли сайловчилар қўлловидан маҳрум бўлиш ҳам номзодга президентлик пойгасида қимматга тушиши мумкин.
Экспертларга кўра, олий маълумотли ёш америкаликлар Трампнинг хулқ-атвори ва бошқарув усулидан хавотирда. Республикачи сиёсатдонларнинг аксари эса суд айбловидан кейин ҳам Трампни қўллаб-қувватлашда собит. Жумладан, Конгресснинг Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон Нью-Йорк маҳкамаси айблов эълон қилган 30 май санасини мамлакат учун «шармандали кун» деб атаган.
Айрим таҳлилчилар Трампнинг «ўтда ёнмас, сувда чўкмас» хусусиятга эга эканини эътибордан қочирмаcлик керак деб ҳисоблайди. Cўнгги саккиз йил мобайнида унинг мухолифлари муқаррар мағлубиятга учраши ҳақида башорат қилиб келади. 2016 йилги сайлов кампанияси даврида ҳам бир неча жиддий сиёсий можаро келиб чиққан, аммо у сувдан қуруқ чиқишни уддалаган эди. Бу гал ҳам бари сайловчилар кайфиятига боғлиқ дейилса тўғри бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter