Трамп қиймати $1 млрд бўлган янги Air Force One’ни намойиш қилди
Доналд Трамп мамлакатнинг янги «Биринчи борт»и – Air Force One’ни жамоатчиликка таништирди.
Қатар томонидан тақдим этилган Boeing 747-8 самолёти АҚШ Мудофаа вазирлиги буюртмаси асосида тўлиқ модернизация қилинган. Трамп уни «дунёдаги энг ҳашаматли самолёт» деб атади.
«Сиз уни кўрсангиз, ишонмайсиз. Ёғоч безаклар сифати, материаллар ва двигателлар даражаси ҳайратланарли», – деди АҚШ раҳбари Вашингтон яқинидаги Эндрюс ҳарбий базасидаги тақдимот маросимида.
Оқ уй раҳбарининг таъкидлашича, янги самолёт аввалги президент лайнерларига нисбатан узоқроқ масофага ва юқори тезликда уча олади.
АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, самолёт хавфсизлик, алоқа ва логистика тизимлари бўйича янгиланган. Интерернинг ҳозирги кўриниши эълон қилинмаган бўлса-да, унинг аввалги ҳашаматли услуби сақлаб қолингани айтилмоқда.
ОАВ ва авиация мутахассислари баҳолашича, Boeing 747-8 самолёти Қатар томонидан топширилган пайтда тахминан 400 миллион долларга баҳоланган. Модернизация ишларидан кейин унинг умумий қиймати 1 миллиард долларга яқинлашган бўлиши мумкин.
Трампнинг маълум қилишича, янги Air Force One 4 июл куни АҚШ мустақиллигининг 250 йиллиги муносабати билан ўтказиладиган авиашоуда иштирок этиши мумкин. Президент самолётдан илк расмий парвозни июл ойи бошида НАТО саммитига йўл олишда амалга оширишни режалаштирмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter