Туркия ташқи ишлар вазири дунё эътиборидаги масала бўйича баёнот берди
Расмий Анқара денгиз чегараларини делимитация қилиш бўйича ваколатга эга бўлмаган Европа Иттифоқи томонидан қўйилаётган талабларни қабул қилмайди. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мавлут Човушўғлининг Грецияда чоп этилувчи «Катимерини» газетасида чоп этилган мақоласида сўз боради.
Туркия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари дунё эътиборидаги масала – Ўртаер денгизидаги зиддиятлар бўйича расмий Анқара позициясини маълум қилган.
Қайд этилишича, Туркия минтақада денгиз чегараларининг адолатли ва тенг делимитацияси, даромадларни тенг тақсимлаш механизмини жорий этиш орқали кипрлик туркларнинг оролнинг очиқ ресурсларига нисбатан тенг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, барча томонлар иштирокида кенг қамровли, адолатли ва тенг энергетик ҳамкорлик механизмларини яратишни истайди.
«Ўртаер денгизи доимо цивилизация бешиги, маданий ва иқтисодий ўзаро алоқалар ҳавзаси бўлиб келган. Ушбу минтақада барчамизнинг ўтмишимиз, бугунимиз ва келажагимиз бир-бирига узвий боғлиқ. Туркия ва Греция доим икки танлов қаршисида бўлиб келган: бир-бири билан икки томонни ранжитадиган тарзда баҳслашиш ёки ўзаро манфаатли йўлни белгилаш учун ғалаба қозониш формуласини топиш», – деб ёзади М.Човушўғли.
Таъкидланишича, доимий қўшничилик табиий равишда бир-бирининг ҳуқуқларини ҳурмат қилишни талаб қилади. Ўзаро ҳурмат эса низоларни тинч йўл билан, дипломатия ва мулоқот орқали ҳал қилишда намоён бўлади. Туркия Ўртаер денгизидаги зиддият масаласида Франция томонининг аралашувини танқид қилиб келмоқда. М.Човушўғли ҳам бу борада мустамлакачилик ўтмиши нафаси келаётганини қайд этар экан, «Мустамлакачилик даври кўп одамлар учун катта азоб-уқубатлардан бошқа ҳеч нарса келтирмаганини нақадар тез унутдик!» – дея хитоб қилади.
«Шу сабабдан Туркия билан Грециянинг орасидаги мавжуд икки томонлама механизмларни қайта тиклаш мақсадида НАТО ва Германиянинг можарони бартараф етиш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватламоқдамиз. Умид қиламизки, Афина буларнинг бир-биридан фарқли эканини тушунади. Туркия, икки қўшни ўртасида тўғридан-тўғри ҳал қилиниши мумкин бўлган масалалар бўйича бошқа томонлар билан музокара ва келишувлар олиб боришни истамаслиги билан Грецияга ҳурмат кўрсатяпти», – дейди Туркия ТИВ.
М.Човушўғлига кўра, Туркиянинг халқаро ҳуқуқ меъёрларида мустаҳкамланган очиқ денгизлар ҳамда ўз денгиз зоналарига кириши ва тасарруф этишига ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди. Чунки на қонун, на мантиқ, на адолат туйғуси бу борада қарама-қарши далилларни илгари суришга йўл қўймайди.
«Минтақадаги энг узун соҳилбўйига, ортиб бораётган аҳолига, ишлаб чиқариш қуввати ва энергия талабига эга бўлган Туркия каби мамлакатни унинг атрофидаги бойликлардан маҳрум этишга уринишлар ҳақиқатдан йироқдир. Олдин ҳам бир неча марта айтганимиздек, бундай бўлмайди. Шу сабабли Туркия ўзининг асосий манфаатларига зарар етказишга уринишларга йўл қўймаслик учун албатта қатъий позицияни эгаллайди», – деб таъкидлайди М.Човушўғли.
Маълум қилинишича, расмий Анқара Грециянинг Туркия билан барча мулоқот каналларини шартларсиз жонлантиришини кутмоқда. Олдиндан қўйиладиган шартлар эса қарши шартларга олиб келади ва бу икки қўшни ўртасида музокара ўтказиш имкониятларини излаш учун яхши усул эмас.
«Ҳар бир музокара жараёни ўзаро олиш ва беришга олиб бориши аниқ. Бошқа вариант – муаммоларни гилам остига супуриш ва уларни йўқ бўлиб кетишига ёки бошқалар сиз учун ҳал қилиб беришига умид қилишдир. Бироқ, муаммолар ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетиш ўрнига вақт ўтган сайин янада мураккаблашиб боради», – дея қўшни давлатни музокараларга таклиф этган Туркия ТИВ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter