Сояда — 47,8 даража: Туркманистон энг қайноқ ёзни ўтказмоқда
«EaDaily» ёзишича, Туркманистондаги жазирамага ҳатто кондиционерлар ҳам дош бермаяпти. «Хроники Туркменистана» хабарига кўра, мамлакатнинг бешдан бир ҳудудида 2019 йил июли кузатувлар тарихидаги энг қайноқ ой бўлди.
Ашхободда июль ойининг ўртача ҳаво ҳарорати янгиланди — 33,6 даража иссиқ. Мамлакат пойтахтида бу йилги максимал ҳарорат 16 июлга тўғри келди: +43,7°C. Ербентда эса 19 июль куни ҳаво ҳарорати сояда (!) +47,8 даражага чиқиб кетди.
Туркманистонликлар имкон қадар кўчага чиқмасликка ҳаракат қилишяпти, аммо барибир ишга бориш керак-ку! Жамоат транспортида кондиционерлар йўқлиги боис қайноқ паллаларда ҳушидан кетиб йиқилганлар ҳам бўлди.
Мавзуга оид: Чилла чиқяпти. Жазирама қачон арийди?
Энг қийини, дейилади хабарда, ҳануз деразаси катта кўчаларга қараган уйларнинг ташқарисига кондиционер ўрнатишга рухсат берилмаган. Одамлар кондиционернинг ташқи блокини балконлар ёки подъездларга ўрнатишга ёинки хона кондиционерлари (ташқи блоксиз) сотиб олишга мажбур бўлишяпти.
Кондиционерларни тузатувчиларга иш кўпайиб кетган: бунақа жазирамада тинмай ишлаган совитиш техникалари тез бузилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter