Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Учар ликопчалар» жумбоғи ҳақида хулоса эълон қилинди

«Учар ликопчалар» жумбоғи ҳақида хулоса эълон қилинди

АҚШ фазовий тадқиқотлар агентлиги (NASA) илк бор ташкил этилган очиқ мажлисда номаълум объектлар ва ҳодисаларга доир тадқиқотлар ҳақида маълумот берди.

2022 йил июнь ойида NASA тизимида номаълум ҳаво ҳодисаларини (UAP - Unidentified Aerial Phenomena) тадқиқ этувчи махсус гуруҳ ташкил этилган. Номаълум учувчи жисмларга (НУЖ) муқобил равишда номаълум ҳаво ҳодисалари атамаси ҳам қўлланмоқда.

Қайд этилишича, агентлик сўнгги вақтларда НУЖга доир  800 дан зиёд маълумотларни ўрганиб чиқди. Олимлар аксар мавҳумотларга ойдинлик киритишга муваффақ бўлди. Айни чоқда, кам миқдорда бўлса ҳам илмий жиҳатдан изоҳлаб бўлмайдиган ҳолатлар мавжуд.

«Ҳар ойда бир қарашда жумбоқли туюлган ҳодисалар ҳақида 50-100 маълумот келиб тушади. Аммо умумий маълумотлар базасидаги 2-5 фоизга қадар маълумотнигина аномал ҳодиса деб баҳолаш мумкин», – дейди АҚШ мудофаа вазирлиги вакили Шон Киркпатрик.

Пентагон ҳисоботига кўра, 2021 йилда ҳарбий учувчилар 144 та сирли ҳолат ҳақида хабар берган, улардан биттасигина жумбоқ бўлиб қолмоқда. Шунга кўра расмий мулозимлар шу каби объектлар бошқа сайёралардан учиб келганини истисно қилмаяпти.

АҚШ ҳарбийларининг НУЖ билан учрашгани ҳақида бот-бот хабарлар тарқалади. Гоҳида уларнинг видеоси ҳам эълон қилинади.

Аввал хабар берганимиздек, «учар ликопчалар» жумбоғини ечишга қатъий киришган АҚШ мудофаа вазирлиги таркибида НУЖни тадқиқ этувчи махсус бўлим ҳам ташкил этилган.

Разведка ва мудофаа масъулларини учар объектлар ўзга сайёралардан келганми ёки Хитой, Россия каби рақиб давлатларга тегишлими деган жумбоқ қизиқтирмоқда.

Вашингтон кейинги ўн йилларда нафақат рақиб давлатлар, балки ўзга сайёралардан юборилган бўлиши мумкин бўлган учар объектларни тадқиқ этиш учун миллионлаб доллар маблағ сарфлаб келмоқда. Бу йўналишдаги тадқиқотлар учун маблағ ажратиш ҳамиша Пентагон ҳамда Конгресс ўртасида баҳсу мунозараларга сабаб бўлади. Қонунчилик идораси мудофаа вазирлигини миллионлаб долларни ҳавога совуришда айблайди. Вазирлик эса бу миллий хавфсизликка дахлдор масала эканини уқтиради.

АҚШ разведка идораси тақдим этган ҳисоботларда номаълум учувчи жисмлар айнан бошқа сайёралардан келгани тасдиқланмаган, айни чоқда, мазкур факт рад ҳам этилмаган. Бу эса кўп йиллардан буён яшаб келаётган фараз ва тахминларни янада кучайтирмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг