Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Украина миллий банки нохуш маълумотни ошкор этди

Украина миллий банки нохуш маълумотни ошкор этди

Украина Миллий банки 2024 йил апрель ойи учун инфляция ҳисоботини эълон қилди, унда сўнгги икки йил ичида мамлакатда 15 ёшдан 70 ёшгача бўлган ишчи кучи сони чорак қисмдан кўпроққа (25 фоиз) қисқаргани айтилади. Банк бунга сабаб муҳожирлар оқими ва Украинада бўлаётган сафарбарлик билан боғлиқ деб ҳисоблайди.

«Ушбу қисқаришнинг деярли ярми ташқи муҳожирларнинг меҳнат ресурсларини тарк этиши билан боғлиқ. Мобилизация, демографик йўқотишлар ва оккупация (Россия эгаллаб олган ҳудудлар назарда тутилмоқда) ҳам муҳим рол ўйнади», — дейилади Миллий банк ҳисоботида. Украинанинг барча ҳудудларида ишчи кучининг қисқариши кузатилди, бироқ у жанговар ҳаракатлар фаол бўлган ҳудудларда кўпроқ сезилди.

16 апрель куни Украина президенти Владимир Зеленский сафарбарликни кучайтириш тўғрисидаги қонунни имзолади. Мамлакат ҳукумати Украинадан ташқарида ҳарбий хизматга мажбур бўлган эркакларга ички ва хорижий паспортларни беришни тақиқлади. 23 апрелдан бошлаб ҳарбий ёшдаги украиналикларга нисбатан барча консуллик ҳаракатлари тўхтатилди.

Охирги икки йил давомида украиналик қочқинлар яшаб келаётган бир қатор Европа давлатлари Украина ҳукуматини қўллаб-қувватлаб, ҳарбий ёшдаги қочқинларни ўз ватанларига қайтаришга кўнгилли ёрдам беришга қарор қилди. Литва мудофаа вазири Лауринас Касчиунас Украина ҳукуматига мамлакатни тарк этган эркакларни қайтаришда ёрдам бериш зарурлигини маълум қилди. Унинг полшалик ҳамкасби Владислав Косиниак-Камиш ҳам худди шундай ташаббус билан чиқди.

Маълумотларга кўра, Украина назоратидаги ҳудудларда ҳозирда қарийб 30 миллион кишидан ортиқ аҳоли яшамоқда. 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг