Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Вестминстер саройи хавф остида

Вестминстер саройи хавф остида

Фото: London Walks

Лондоннинг энг диққатга сазовор жойларидан бири — Вестминстер саройига бузилиб тушиш хавф солмоқда. Бу ҳақда Виктория ва Алберт музейи директори Тристрам Ҳантга асосланиб Financial Times хабар берди.

Ҳантга кўра, Британия парламенти биноси маймунлар йиғлайдиган ҳолга тушиб қолган. Фасадининг тош қопламаларига зиён етган, бино хоналаридан зах ҳиди келади, ертўласини каламушлар босган. Электр симларидаги қисқа туташув исталган пайтда саройда ёнғинга сабаб бўлиши мумкин. Камига, интерьерларда ишлатилган канцероген асбест кундан-кунга одамларни заҳарламоқда. Бир сўз билан айтганда, Вестминстер саройи «емирилиш»га юз тутган, таъкидлади Ҳант.

Сарой реставрацияга муҳтожлиги 2012 йилда тасдиқланганди. 2015 йилги ҳисоботда аудиторлар ремонт бошланса парламентнинг кўчиши 3,5 миллиард фунт стерлингга тушишини ҳисоблаб беришганди. Бундан ташқари, 32 йил давом этадиган қайта таъмирлаш қиймати 5,7 миллиард фунтга етиши айтилганди. 2022 йилги хомчўтларга кўра, агар таъмир бошланса, сарой 12 йилга ёпилиши ойдинлашганди. Яна бир ҳисоб-китобда харажатлар 22 млрд фунтгача, таъмирлаш эса 76 йилгача давом этиши тахмин қилиниб, шу билан масала ўз ҳолича қолиб кетганди.

Темза дарёси бўйидаги қирол қароргоҳи ҳақидаги илк маълумотлар XI асрга бориб тақалади. Вестминстер саройи 1860-йилларда замонавий кўринишни олган. Катта ёнғиндан сўнг қайта таъмирланганди. Саройда мингдан ортиқ хоналар, тахминан 100 та зина ва бир неча километрли коридорлар бор. Сарой минораларидан бири — Биг-Бен Буюк Британия рамзи саналади. 1987 йилда Вестминстер саройи ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг