Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хитой тезюрар поезди чиптаси неча пул?

Хитой тезюрар поезди чиптаси неча пул?

Фото: Myskillsconnect.com

Хитойда тезюрар поездлар чипталари 15 июндан 20 фоизга қимматлашади, бу ҳақда тезюрар темир йўл линиялари операторларига асосланиб Yicai нашри хабар берди. Яқинда берилган эълонларга кўра, Ухан ва Гуанчжоу, Шанхай ва Ханчжоу ҳамда Шанхай ва Кунмин оралиғида қатновчи соатига 300 километр тезликда йўл босувчи поездларнинг чипталари қимматлашади.

Сўнгги марта нархлар 2021 йил июнида оширилган, Шанхай-Пекин тезюрар поездига иккинчи тоифали чипталар 11 фоиз — 598 юандан 662 юанга ($85 дан $94 га) оширилганди. Маълумот учун: Пекин ва Шанхай ўртасидаги масофа — 1 207,7 км.

Ўтган йили йўловчилар сони анча кўпайиши ортидан темир йўл компанияларининг даромадлари ошди, шу боис чўчимасдан нархларни оширишмоқда. Хитой давлат темир йўллари, темир йўлларда йўловчи ва юкларни ташувчи миллий оператор рекорд даражада йиллик даромад ўсишига эришиб (39 фоиз), жами даромади 964,1 млрд юанга ($133,6 млрд) етди.

2023 йилда Хитойда темир йўллар орқали 3,68 миллиард йўловчи ташилди, кунлик юқори кўрсаткич 20 миллион йўловчини, ўртача 10 миллиондан ортиқ йўловчини ташкил этди. 2024 йилда Хитой давлат темир йўл компанияси йўловчилар сони 3,9 миллиардга етишини ёки 5 фоизга ўсишини кутяпти.

Темир йўл рекордлари биржада рўйхатга олинган темир йўл компаниялари даромадларида ҳам акс этди. 2022 йилдан 580 млн юан ($80,4 млн) камомад билан чиққан Beijing-Shanghai High-Speed Railway компанияси 2023 йилда 11,5 млрд юан ($1,6 млрд) соф фойда олди. Мамлакатдаги энг оммалашган йўналишга хизмат кўрсатувчи компания бу борада Хитойнинг қитъа қисмидаги энг сердаромад Spring Airlines авиакомпаниясини (2,3 млрд юан ($318,8 млн) ортда қолдириб кетди.

Сафарга отланаётган хитойлик ёшлар (21 дан 30 ёшгача) ва кексалар (60 ёш ва ундан катталар) самолётдан кўра поездни афзал кўришмоқда, дейилади Qunar онлайн сайёҳлик агентлиги таҳлил маркази яқинда берган ҳисоботда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг