Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Хитойлик аёл коронавирусдан қандай тузалди?

Хитойлик аёл коронавирусдан қандай тузалди?

Фото: «Reuters»

Хитойда коронавируснинг янги ва ўта хавфли тури пайдо бўлганидан бери жаҳон оммавий ахборот воситалари тингани йўқ: касаллик яшин тезлигида тарқаётгани, кунига қанчалаб одамлар ўлим топаётгани ҳақидаги хабарлар оқимининг охири йўқ. Гонконг, Макао, Тайван, Таиланд, Япония, Жанубий Корея, АҚШ, Канада, Вьетнам, Сингапур, Непал, Франция, Австралия, Малайзия, Германия, Финляндия, БААда ҳам коронавирусга чалинганлар аниқланди. Онда-сонда бўлса-да, хушхабарлар ҳам учраб турибди. Масалан, «Синьхуа» бир хитойлик аёл бу касалликдан қандай тузалгани ҳақида ёзмоқда.

Аёлнинг фамилияси Цзян, ёши 44 да. Асли Чунцин (Жануби-Ғарбий Хитой) шаҳрининг Ушань уездилик бўлиб, охирги йилларда Уханда ишлаб келган.

Унинг айтишича, 15 январь куни миллий Янги йилни нишонлаш учун Чунциндаги уйига жўнаб кетган.

«Мени кутиб олиш учун темир йўл вокзалига чиққан эрим бир қарашда аҳволим яхшимаслигини пайқади ва шу ернинг ўзидан мени маҳаллий касалхонага олиб кетди. Бир неча кун даволансам-да, соғаймадим. 21 январь куни мени Ваньчжоу туманидаги «Санься» марказий шифохонасига ўтказиб, изоляторга жойлаштиришди, янги турдаги коронавирусдан келиб чиққан пневмония ташхисини ўша ерда қўйишди», — деди аёл.

Аёл Чунцинда бу касалликка чалинган биринчи бемор бўлгани учун ҳам врач ва ҳамширалар уни ўзгача эътибор билан даволашди.

«Менга ҳар куни касалликка қарши суюқликларни пуркашар, вирус ва инфекцияга қарши муолажалар ўтказишарди, шифокорлар ҳатто анъанавий хитой табобати усулларидан ҳам фойдаланишди. Охирги кунларда барча симптомлар яхши томонга ўзгарди. Докторлар энди уйга кетишим мумкинлигини айтишди. Шунча даволашса ҳам пул олишмади. Мендан кўплар касаллик қўрқинчлими, деб сўрашади. Менимча, энг асосийси — ўзингиз қўрқмаслигингиз, ниқоб тақиш ва қўлларни тез-тез ювиш зарур. Тана ҳарорати ошса, йўтал ва бошқа аломатлар пайдо бўлса фурсатни бой бермай касалхонага югуриш керак. Сизни бошқалардан ажратиб қўйишларидан қўрқманг, бардам бўлинг, врачларга қулоқ тутинг, уларга ишонинг, шунда албатта тузалиб кетасиз», — деди аёл.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумот беришича, коронавирусга чалинганлар сони дунёда 7 834 кишига етди. Ташкилот шу муносабат билан куни кеча фавқулодда ҳолат эълон қилди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг