Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Японияга «Шаншан» тўфони ёпирилди

Японияга «Шаншан» тўфони ёпирилди

Фото: Sigma Earth

29 август тонгида «Шаншан» тўфони Япония жануби-ғарбидаги Кюсю оролига етиб келди. Метеорология агентлиги маълумот беришича, тўфон шимол томон соатига 15 км тезликда ҳаракатланмоқда. Кюсю жанубида жума куни ёғин миқдори 1100 мм гача етиши кутилмоқда — бу йиллик меъёрнинг тахминан ярмига тенг, деб ёзди The Guardian.

«Шаншан» тўфони оқибатида камида 54 киши жабрланди, дея хабар берди NHK. Нашрга кўра, Кагосима кўрфазида қайиқдан сувга йиқилган 60 ёшли эркак бедарак йўқолган. Оролдаги айрим префектураларда, жумладан, 400 минг киши яшовчи Миядзакида эвакуация эълон қилинган.

Кучли ёмғир оқибатида Гамагори шаҳрида (Хонсю ороли, Айти префектураси) ер ўпирилиб, уй вайрон бўлган. Бунинг оқибатида уч киши ҳалок бўлган, икки киши жароҳатланган, дейилади NBC News хабарида.

Япония табиий офатларга қарши курашиш вазири Ёсифуми Мацумура огоҳлантиришича, «Шаншан» мисли кўрилмаган кучли шамол ва ёмғир, баланд тўлқинларни келтириб чиқариши мумкин.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг