Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёқубжон Хўжамбердиев: «Ноиложнинг иложи»

Ёқубжон Хўжамбердиев: «Ноиложнинг иложи»

Бу воқеа ўтган ўтган асрнинг 90-йилларида бўлиб ўтган эди. Ўшанда Андижонга йўлим тушди. Тақдир тақозоси билан учала йўлдошим ҳам қирғизистонлик ўзбек ўқитувчилари экан. Йўл-йўлакай турли мавзуларда суҳбатлашиб бордик.

— Ҳамкасбимиз Манзурахоннинг номзодлик ҳимоясига келдик, — дейди Ҳайитхон исмли йўлдошларимдан бири.

— Ҳамкасбингиз Тошкентда турадими?

— Йўқ, Жалолободда яшайди, Олим Ботиров номидаги халқаро университетда бирга ишлаймиз. Педагогика фани бўйича номзодликни Қирғизистондан келиб, Ўзбекистонда ҳимоя қилди.

— Ўзбекистон раҳбариятига, Тошкентдаги педагогика университети олимларига, кенгаш аъзоларига минг раҳмат, — деб суҳбатга қўшилди Қизлархон. — Қизимизнинг илм қилиб, фан номзоди деган илмий даражага эришиши учун барча шароитни яратиб беришди...

Бундай миннатдорликдан, аёлларнинг фахр тўла сўзларидан кўнглим кўтарилди. Хаёлимдан «Ахир ўзбекмиз-да, яшаш жойларимиз бошқа-бошқа бўлса ҳам, бир миллатнинг фарзандларимиз» деган фикр кечди. Йўлдошларим шу тариқа ҳимоянинг юксак савияда ўтгани-ю номзоднинг ишлаган мавзуси нафақат Қир­ғизистон аҳолиси, балки бутун Марказий Осиё республикаларида яшаётган ўзбек болалари учун ҳам долзарб экани хусусида менга сўзлаб беришди.

— Ҳимояда ўтириб, узилиб бораётган илмий-маданий алоқаларимизни тикласа бўлар экан-ку деган ўй хаёлимдан ўтди, — дейди Қизлархон. — Албатта, бунинг учун алоҳида шахсларнинггина саъй-ҳаракатлари кифоя қилмайди. Бу борада давлатларимиз ўртасида ҳам турли шартномалар, келишувлар бўлиши лозим. Ахир биз ҳам ўзбекмиз. Гарчи Қирғизистонда яшасак ҳам, бир кўзимиз билан бир қулоғимиз Ўзбекистонда. Бу ерда бўлаётган ютуқлардан қувонсак, камчиликларни кўриб, юрагимиз эзилади... Ўзбек қаерда бўлса ҳам ўзбек-да, ўзиникига интилади.­

Дарвоқе, шундай: ўзбек қаерда бўлса ҳам ўзбек. Расмий маълумотларга кўра, бугун дунёда эллик миллионга яқин ўзбек бор. Шундан ўттиз миллиондан ортиғи Ўзбекистонда истиқомат қилса, қолганлари дунёнинг турли мамлакатларида муқим яшайди. Қирғизистонда яшовчи бир миллиондан ортиқ ўзбек бу диёрни ота юрт деб билади. Ўзбеклар тарихи билан шуғулланиб, рисолалар ёзган қирғизистонлик профессор Улуғбек Абдусаломов ўзининг «Биз киммиз?» китобида шундай ёзади:

«...Тарихни ёзмасликэринчоқлик ёки тарихий манбаларнинг йўқлигидан эмас, балки тоталитар тузум «интернационал» сиёсатининг натижаси бўлди. Мен «Ўзбек совет энциклопедияси»да  ўзбекларнинг келиб чиқиши тўғрисида маълумот берилган бўлса керак деб энциклопедиянинг 13-, 14-жилдларини қарасам, ўзбек деган миллат тўғрисида ҳатто мақола берилмабди... Ўзбеклар тўғрисида АҚШнинг Чикаго шаҳрида 1966 йили 200 минг нусхада нашр қилинган «Жаҳон қомусий луғати»да эса мақола берилган бўлиб, унда шундай дейилади: «Ўзбек — жаҳон халқлари орасида биринчилардан, туркий халқлар ўртасида биринчи бўлиб ўтроқлашган, маданий турмуш кечирувчи, жаҳон цивилизациясига ҳисса қўшган миллат...».

Биз мазкур мақоламизда ўзбек миллати тарихи ҳақида қалам юритмоқчи эмасмиз, зотан, халқимиз тарихини ўрганаман деган одам учун бугунга келиб жуда кўп манбалар мавжуд. Ушбу мақолада ташқарида яшаётган, жумладан, қирғизистонлик ўзбекларнинг таълим-тарбия соҳасидаги ютуқ ва муаммолари ҳақида фикрлашмоқчимиз, холос.

Мана, юқорида тилга олганимиз Манзурахон опайнинг номзодлик диссертациясини Ўзбекистонда ҳимоя қилганига ҳам қарийб йигирма йил бўлди.

Хўш, бугун Қирғизистонни ота юрт деб билган ўзбеклар бу борада қандай ютуқларга эришдилар? Аввало бу ерда ҳам мустақилликдан кейинги дастлабки йилларда бошқа миллатлар қатори ўзбек болаларининг ўқиш, таълим-тарбия олишлари учун бир қадар шароитлар яратилди. Ўш шаҳрида ўзбек-қирғиз университети, Жалолобод шаҳрида Олим Ботиров номидаги халқаро университетнинг (2010 йилдан кейин мазкур олий ўқув юртлари ёпилган. Олим Ботиров номидаги халқаро университет биноси дераза-ойналари синдирилиб, вайрон этилганича турибди. Ўш ўзбек-қирғиз университетининг эса мақоми ўзгартирилган) ташкил этилганини алоҳида таъкидлаш керак. Айни пайтда ўзбек мактаблари қаторига хусусий мактаб ва лицейлар ҳам қўшилдики, бу илм масканлари болаларга таълим-тарбия беришнинг янгича усулларидан ҳам кенг фойдаланмоқда. Бу борада «Сотволди ҳожи» халқаро хайрия жамғармасига қарашли ўзбек лицейи (мазкур илм маскани ҳам бугун йўқ) фаолияти, айниқса, ўрнак бўладиган даражада эди.

Бироқ университет, лицей ва мактаблар таълим-тарбия ўчоғи, холос. Болаларнинг, талабаларнинг қай даражада билим соҳиблари, тарбияли инсон бўлиб етишишлари кўп жиҳатдан ана шу ўчоқ ичида ёнаётган оловга боғлиқ. Бу оловнинг тафти — берилаётган билимлар ўқувчилар қалбига қанчалик кириб бормоқда? Ўзбек тилидаги дарсликларнинг аҳволи бугунги кун талабларига жавоб берадими? Ва, ниҳоят, университетлар, мактабларда ўзбек тилининг ўрни, мавқеи қандай?

Айниқса, республикалар ўз мустақиллигини қўлга киритгач, бу саволлар янада долзарб бўлиб турибди. Чунки нима демайлик, собиқ иттифоқ даврида барча республикаларда яшайдиган ўзбеклар учун Ўзбекистон асосий маданий ва маърифий марказ ҳисобланган. Республикалардаги, жумладан, Қирғизистондаги ўзбек ўқитувчиларининг 90 фоизи Ўзбекистондаги олий ўқув юртларида таҳсил кўришган. Дарсликлар, газета-журналлар, бадиий китоблар Ўзбекистондан етказиб берилган. Иттифоқ тарқаб кетгач эса ташқаридаги ўзбеклар ана шундай маданий-маърифий марказдан маҳрум бўлиб қолишди. Ўртага чегаралар тортилиб, алоқалар кейинги йигирма йилда деярли узилиб қолди. Айниқса, Ўзбекистонда лотин алифбосига ўтилгач, масала янада чуқурлашди. Яқин-яқинларгача ҳам ўзбек мактабларида бир пайтлар Ўзбекистонда чиқарилган дарсликлардан фойдаланиб келинди. Бу биринчи ноиложнинг иложи эди. Аммо вақт ҳамма нарсани емиради, қаритади, эскиртиради. Бундан йигирма-йигирма беш йил аввал яратилган дарсликлар бугунга келиб нафақат жисман, айни пайтда маънан ҳам эскирди. Улардан фойдаланишнинг иложи бўлмай қолди. Қирғизистонлик ўзбек лидерларининг қаршисига «Нима қилмоқ керак?» деган мангу савол яна қалқиб чиқди. Шу боисдан бир қатор марказлар ташкил этилиб, уларда ўзбек мактаблари учун дарсликлар яратила бошланди. Аммо бу ҳам муаммони ҳал қилгани йўқ.

Гап шундаки, яратилаётган дарсликлар мазмун жиҳатдан талабга жавоб бермайди. Бу ҳақда Сузоқ туманидаги Дўма ота номидаги мактабнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Соҳибахон Раззоқова шундай дейди: «...6-синфлар учун чиқарилган янги «қарсиллаган» «Ўзбек адабиёти» дарслигини қўлимга олиб, аста варақлай бошладим, лекин мавзуларнинг тартибини унча англай олмадим. Мундарижада бир-бирига сира қовушмайдиган мавзуларга кўзим тушди. 5-синфда ўтилган айрим кенг мавзулар 6-синфда қайта берилган. Масалан, Худойберди Тўхтабоевнинг «Сариқ девни миниб» романидан олинган айрим бобларни биз 5-синфда беш соат ўқиб, асар юзасидан билимларимизни мустаҳкамлаб, ёзма ишларни ҳам ёзиб бўлгандик. 6-синфда айнан ўша боблар ва ёзма иш яна такрор берилган...».

Ўқитувчи «Ўзбек адабиёти» дарслигидаги кўплаб хато ва камчиликлар ҳақида гапириб, шундай хулоса қилади: «...Дарсликларнинг усти шунақа чиройли, сифатли ва пухта ишланганки, кўриб ҳавас қиласиз. Аммо ичкарисида услуб йўқ. Ундан кўра Тошкентдаги «Ўқитувчи» нашриётида чиқарилган «таши тутун, ичи бутун» бўлган эски нашрдаги дарсликни янгилаб берса, дуруст бўлармиди...».

Кўриниб турибдики, Қирғизистондаги ўзбек мактаблари учун муқоваси титилиб, йиртилиб кетган бўлса-да, аммо маъноси тўлиқ бўлган Ўзбекистонда нашр қилинган дарсликлар аъло. Бу фикрларни 6-синфлар учун чоп этилган «Ўзбек тили» ва бошқа фанлар дарсликлари ҳақида ҳам айтиш мумкин. Катта ўқитувчи Ҳакимжон Юсупов шундай дейди: «6-синф учун янги яратилган «Ўзбек тили» дарслигида олмош сўз туркумини ўрганишга 12 та параграф ажратилган. Ваҳоланки, А.Ғуломов, И.Абдуллаев, З.Маъруфов ва М.Олимхоновалар яратган аввалги дарсликда олмош сўз туркуми учун 8 параграф берилган, холос. Унда олмош сўз туркумига берилган таъриф қисқа, лўнда ва ёдлашга қулай. Масалан: «От, сифат, сон ўрнида қўлланадиган сўзлар туркуми олмош дейилади». Ҳозирги дарсликда эса таърифлар анча мураккаб, ёдлашга қийинчилик туғдиради... Муаммони кўпайтирмасдан, Тошкентда нашр қилинган дарсликни лотин алифбосидан кирилл алифбосига ўгириб ёзиб қўйиш янги дарслик яратишдан ҳам осон, ҳам арзон-ку! Ё бу ишни қилишга ҳам кимнингдир бизнеси халақит бераяптими?».

Қирғизистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Мунаввархон Юсуфжонова дарсликлардаги ғализликлар, хатолар ҳақида гапириб, «...Эсизгина муаллифнинг вақти, эсизгина китобга сарфланган маблағ, ўқувчиларнинг умри-ю ўқитувчиларнинг асаблари», — дея афсусланади.

Юқоридаги фикрларнинг айтилганига ҳам ўн йиллардан ошди. Ҳамма муаммо шундаки, айтилган камчилик ва хатолар ана шу ўн йилларда ҳам тузатилгани йўқ. Чунки уларни тузатиб, ўрнига қўядиган марказлар аллақачон тугатилган, ишламайди. Ўз маҳалида батафсил танқид қилинган дарсликлар ҳақида айтилган фикрларни яна бир бор қайтаришдан мақсад тепганнинг устига кўмган қилиш эмас. Гап дарслик яратишнинг қийинлиги, муаммолари ҳақида. Республикалар ўртасидаги алоқалар узилганининг оқибатлари ҳақида. Дарслик шунчаки қўлланма эмас, битта дарслик камида ўн йил хизмат қилиши лозим. Акс ҳолда, у дарслик бўлмайди. Бунинг учун эса муаллифлар дарслик яратиш мактабини ўтаган, тажрибали, кўпни кўрган, энг муҳими, ҳар жиҳатдан саводли ижодкор бўлиши лозим. Ўш ва Жалолободда саводхон, тажрибали домлалар, муаллифлар кўп, аммо дарслик яратиш услублари йўқ. Шундай бўлса-да, дарсликлар яратишга киришилганининг ўзи катта ютуқ. Зеро, бу иккинчи ноиложнинг иложидир...

Кўриб турганингиздек, Қирғизистондаги ўзбек мактабларида таълим-тарбияни сусайтирмаслик учун дастлаб Ўзбекистонда нашр этилган эски дарсликлардан фойдаланилди. Кейинроқ эса ўзлари ҳам дарсликлар яратишди. Лекин дарслик яратишда муаммолар чиқавергач, бошқа, учинчи ноиложнинг иложи сари қадам қўйилди. Бу айрим ўзбек мактаблари ва университетларида дарсларни рус тилига ўтказиш ҳақидаги қарордир.

Йўқ, бу қарорни ҳукумат ёки маориф вазирлиги чиқаргани йўқ. Бу қарорни ўзбек ота-оналари, ўзбек ўқитувчилари, мутахассислари қабул қилишди.

— XXI асрни компьютер асри деб аташади, — деган эди ўшанда профессор Улуғбек Абдусаломов. — Ҳақиқатан ҳам ҳаётимиздаги жуда кўп ишлар компьютер ор­қали қилинадиган бўлди. Лекин ўша компьютерни бошқарадиган, у билан мулоқотда бўладиган одамни тарбиялаш ишлари қай аҳволда? Мутахассислар болани ўқисин, яхши билимли кадр бўлиб етишсин деб ҳаракат қилишса, ота-оналарнинг айримлари «Ўқиб нима бўлардинг, ундан кўра Россияга бориб ишлаб, пул топиб кел» деган ва бугунги кунда оддий мақсадга айланган талабларни қўядилар. Мактаблардаги шароит ўтган асарнинг 80-йиллари даражасида. Ўчакишгандай, мактабларда дарсликлар етишмайди. Борлари чалакам-чатти тайёрланган. Эркак ўқитувчилар мактабни тарк этишган. Бир пайтлар республикада 144 та ўзбек мактаби бор эди. Ҳозирга келиб уларнинг сони 60 тага ҳам етмайди. Бор мактаблардаги ўқитувчиларнинг 60 фоизидан 95 фоизигача аёллар. Барча ривожланган мамлакатларда ислоҳотлар дастлаб маориф соҳасидан бошланишини айтиб ўтирмаса ҳам бўлади. Агар оддий ўқитувчи бир ставка дарсига камида 300 доллар миқдорида ҳақ олганда эди, ўқитувчилик касби бу даражада хор бўлмасди. Ана ўшанда мактаб дарсликлари энг кучли услубчилар томонидан яратилган ва оқибатда билимдон ёшлар етишиб чиққан бўларди.

Бугунги ўзбек тилида ўқитиладиган мактабларда вазият қай даражада эканини билиш учун бир фактга эътибор бериш керакка ўхшайди. Яъни, айрим ўзбек мактабларида дарслар рус тилида олиб бориладиган синфлар очилган ва ўша синфга фарзандларини ўқишга беришга интилган ота-она кўп. Новкентлик ўқитувчи Пўлатжон Саримсоқовнинг фикрича, агар мутахассис бўлса, юқори синфларда ҳам ўқитиш рус тилида олиб борилиши самара берар экан. Сабаби, ота-оналар боланинг интилишини кўриб, унга эътибор беришмоқда. Дарсликлар ҳам сифатли».

Суҳбатдошим юқоридаги далилларни келтираркан, сезиб турибман, наинки юз-кўзларини, айни пайтда юрагини ҳам ғам босди. Айниқса, қуйидаги сўзларни айтиш унга осон бўлмади, кўзида ёш айланди.

— Сафедбулонда Тожихон опа Тошпўлатова исмли мактаб директори бор. Ўша киши шундай деб қолди: «Ота-оналар мактабга қўшимча қурилган бинода рус тилида ўқитиладиган мактаб очишни талаб қилишмоқда. Ўйлаб қарасам, ўзбек тилида ўқиймиз деб орқада қолиб кетаяпмиз. Ахир Беруний, Абу Али ибн Сино, Форобий, Бухорий каби дунё танийдиган алломалар ҳам ўз даврининг илғор тили бўлган араб тилида ижод қилишган-ку. Шу боис ўзбек тилидаги дарсликлар етишмаса ёки бизга бу борада биров ёрдам бермаса, мактабларда рус тилида ўқитиш фойдадан холи бўлмаса керак...».

...Бир миллиондан ортиқ ўзбек аҳолисининг болалари қирғиз ёки рус тилида таълим олишни бошлаганига бир неча йил бўлди. Яна ўн йил, йигирма-ўттиз йилдан кейин нима бўлади? Шу кунларда Ўш шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилаётган 630 ўринли каби мактаблар аҳволни ўнглай оладими? Албатта, бу мактабларда «Ўзбек адабиёти», «Ўзбек тили» ўқитилади. Аммо бугунгидек, чалакам-чатти дарсликлардан ҳам, улардан олинаётган билимлардан ҳам воз кечиш пайти келмайди деб ким айта олади? Рус тилида ўқишга ўтган ўзбек болалари ўзбекнинг тарихини, адабиётини унутиб юбормасмикан? Ўзбекнинг қадриятларини, урф-одатларини, бир сўз билан айтганда, ўзбеклигини сақлаб қола олармикан? Наҳотки, ноиложнинг иложи шу қадар аччиқ?!

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг