Янги ҳаёт эшигини очган маҳалла
Маҳалла — бу шунчаки мен яшайдиган ҳудуд эмас, балки аждодларимизнинг тарихий хотираси, миллий қадриятлар, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик мужассам бўлган азиз гўшамдир. Ўйлайманки, ҳар биримиз ҳаётимизни янада мазмунли ва фаровон қилишни истасак, энг аввало, ўз маҳалламиз равнақига ҳисса қўшишимиз лозим.
2026 йилнинг «Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили» деб номланиши ҳам маҳаллаларни мамлакатимиз тараққиётининг стратегик таянчига айлантириш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Давлат дастурида маҳаллаларнинг ички инфратузилмасини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, камбағалликнинг олдини олиш ва давлат хизматлари самарадорлигини оширишга қаратилган аниқ вазифалар белгиланди. Бугунги Янги Ўзбекистонда рўй бераётган ислоҳотлар самараси фақат қабул қилинган қарорлар ёки ажратилган маблағлар билан эмас, балки одамларнинг кундалик ҳаётидаги ижобий ўзгаришлар билан ўлчанади.
Янги муҳит ва мослашиш жараёни
Мен учун ҳам шундай муҳим бурилишлардан бири — бундан бир неча йил олдин вилоятдан Тошкент шаҳрига кўчиб келишим бўлди. Олдимда мутлақо янги ҳаёт — шаҳар, қўшнилар ва ҳали кашф этилмаган имкониятлар турарди. Инсон ўзи кўниккан муҳитдан узоқлашиб, нотаниш ҳаётга қадам қўяр экан, қалбида умид билан бирга хавотир ва янги шароитга мослашиш масъулияти ҳам туради. Янги жойга кўникиш, одамлар билан муносабат ўрнатиш мендан муайян вақт ва сабр талаб қилди.
Бироқ вақт ўтиши билан атрофимдаги муҳитга бошқача нигоҳ билан қарай бошладим. Эътиборимни бир жиҳат ўзига тортди: мен яшай бошлаган ҳудуд номларида ҳам янгиланиш руҳи мужассам эди — Янги Ўзбекистон, Янгиҳаёт тумани, Янги Чоштепа маҳалласи...
Бу номлардаги «янги» сўзи мен учун кундалик ҳаётимда тобора чуқурроқ маъно касб эта бошлади. Гўё мен ҳам ҳаётимнинг янги босқичига кириб келган, ўзгаришлар ва имкониятлар остонасида турган эдим. Мен ҳам улар билан бирга янгиландим. Агар инсон ўз ҳаётига янгича назар билан қарай бошласа, кечаги қийинчиликлар бугунги тажрибага, бугунги тажриба эса эртанги имкониятларга айланиши мумкин экан.
Дахлдорлик ҳисси ва маҳалла иқтисодиёти
Янги Чоштепа маҳалласига кўникиб борар эканман, маҳалла мен учун инсонларни бир-бирига яқинлаштирадиган, меҳр-оқибатни мустаҳкамлайдиган ҳаёт мактабига айланди. Бу ерда инсон қўшничилик қадрини, ўзаро ёрдамнинг аҳамиятини, бир-бирининг қувончига шерик, ташвишига ҳамдард бўлиш нақадар муҳимлигини ҳис этади.
Биргина мисол: эрталаб ишга кетаётганимда маҳалла идорасига кириб ўтиш, у ердаги инсонлар билан самимий саломлашиш, бир пиёла чой устида ҳол-аҳвол сўраш кундалик одатларимдан бирига айланди. Бу оддий ҳолат ҳаётимга ўзгача илиқлик бағишлайди. Маҳалла қанчалик аҳил бўлса, инсонлар ўртасидаги ишонч шунчалик мустаҳкам бўлади. Ишонч бор жойда эса ҳамкорлик ва тараққиёт бўлади. Шу сабабли маҳаллани ривожлантириш фақат масъул шахсларнинг вазифаси эмас, балки ҳар бир фуқаронинг масъулияти ва фаоллигига боғлиқ.
Бугун Янги Ўзбекистон деган улуғвор тушунча, аввало, инсон қадри, унинг орзу-интилишлари ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун яратилаётган имкониятларда намоён бўлмоқда. Ҳар қандай ислоҳотнинг энг катта натижаси инсон ҳаётида сезилиши билан қадрлидир. Агар инсон ўз келажагига ишонч билан қараса, демак, янгиланиш инсон қалбига ҳам етиб борган бўлади.
Шу нуқтаи назардан, Янги Ўзбекистон ғояси, Янгиҳаёт тумани ва Янги Чоштепа маҳалласидаги ҳаётим ўртасида ўзига хос маъно уйғунлиги бор. Янги Ўзбекистон — катта мақсадлар ва келажакка ишонч тимсоли, Янгиҳаёт тумани — ривожланиш сари интилаётган ҳудуд рамзи, Янги Чоштепа маҳалласи эса менинг ҳаётимда янги саҳифа очган қадрдон манзилдир. Инсон яшаётган жойидан фақат фойдаланиши эмас, балки унинг ривожига ўз ҳиссасини қўшиши ҳам шарт. Маҳаллага дахлдорлик ҳисси айнан шу нуқтада бошланади.
Маҳаллани ривожлантиришнинг энг муҳим йўналиши — унинг иқтисодий салоҳиятини ишга солишдир. Доимий иш ўрни, барқарор даромад ва тадбиркорлик имконияти мавжуд жойда оилалар фаровонлиги мустаҳкамланиб, ижтимоий муаммолар камаяди. Бугун асосий эътибор «Қанча ёрдам берилди?» деган саволга эмас, балки «Неча киши доимий даромадга эга бўлди, қанча янги иш ўрни яратилди?» деган мезонларга қаратилмоқда.
Маҳалламни таниб, юртимни теранроқ англадим
Мен истиқомат қиладиган «Янги Чоштепа» маҳалласи 2019 йилда ташкил топган бўлиб, бугунги кунда бу ерда кўплаб тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Уйда ўтирган хотин-қизларни даромадли қилиш мақсадида каштачилик ва тикувчилик курслари бепул йўлга қўйилган. Савдо-сотиқ, хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш шохобчалари ва бошқа соҳаларда аҳоли бандлиги таъминланмоқда.
Натижада жорий йил бошида маҳалламизда ишсизлар сони 90 нафар бўлган бўлса, ҳозирда бу кўрсаткич 24 нафарга тушди. Йил якунига қадар маҳаллани ишсизликдан холи ҳудудга айлантиришни мақсад қилганмиз.

Ободонлаштириш ишлари ҳам тизимли йўлга қўйилган. Ҳар йили баҳорги ва кузги мавсумда 300–500 туп кўчат экилади. Хусусан, шу кеча-кундузда 110 туп мевали ва манзарали дарахтлар ўтқазилди. Шунингдек, маҳаллада адаптив спорт тўгараги ташкил этилиб, ногиронлиги бўлган шахсларни паралимпия ўйинларига тайёрлаш тизими яратилди.
Инфратузилма соҳасида ҳам долзарб масалалар ҳал этилмоқда. Тошкент ҳалқа автомобил йўлида пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш ва қўшни «Янги Дархон» маҳалласи билан аҳоли узоғини яқин қилиш мақсадида, 1,5 миллиард сўмлик замонавий кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Маҳалла ҳудудидаги 65-сонли оилавий поликлиника 45 750 нафар аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатмоқда. Касалликларни эрта ташхислаш, лаборатория хизматлари, ногиронлиги бор беморларнинг уйига бориб тиббий муолажалар ўтказиш ва уларни бепул дори воситалари билан таъминлаш ишлари тўлиқ йўлга қўйилган.
«Опен бюджет» лойиҳасининг 2026 йил 1-мавсумида маҳалладошларимиз фаоллиги билан 1 миллиард 600 миллион сўмлик маблағ ютиб олинди. Бу маблағ эвазига замонавий саломатлик йўлаги, мини-футбол майдончаси, болалар ўйингоҳи ва воркаут майдончаси барпо этилди.
Маънавий ҳаётимизни юксалтириш мақсадида ташкил этилган кутубхона эса ёшлар ва уй бекаларининг севимли масканига айланди. Бу ерда ўтказилаётган китобхонлик кечалари ва маърифий учрашувлар аҳолининг маънавий дунёсини бойитмоқда.
Кексаларнинг тажрибаси, зиёлиларнинг билими ва ёшларнинг ташаббуси бирлашган муҳитда жамият пойдевори мустаҳкам бўлади.
Маҳаллани ривожлантириш — фақат кўчаларни обод қилиш эмас, балки инсон тафаккури ва ҳаёт тарзини юксалтиришдир. Янги Ўзбекистонни англаш — юртдаги ўзгаришларни ўз ҳаётингда ҳис этишдан бошланади. Мен англаган янги ҳаёт — тақдиримдаги янги саҳифа, маҳаллам эса шу янгиланишларнинг ҳаётимдаги ёрқин ифодасидир.
Дилноза Ҳақбердиева,
Тошкент ҳарбий округи ҳарбий қисми
Маданият маркази бошлиғи


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter