Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон автомобиль бозорида пасайиш кузатилмоқда

Ўзбекистон автомобиль бозорида пасайиш кузатилмоқда

Фото: «Xabar.uz»

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари март ойи якунлари бўйича Ўзбекистон автомобиль бозорини сарҳисоб қилди.

Кетма-кет учинчи ойдирки, автомобиль бозорида фаолликнинг пасайиши кузатилмоқда. Фақат енгил электромобиллар сегментида бироз ўсиш қайд этилди.

Март ойи якунларига кўра, мамлакатда автотранспорт воситаларининг умумий савдоси деярли 109 минг донани ташкил этди. Умуман олганда, автомобил бозори ой давомида 5,8%га камайди.

Март ойида 96,5 мингта енгил автомобилларь сотилди, бу ўтган ойга нисбатан 12,1%га кам.

Ҳудудлар бўйича Сурхондарё, Фарғона ва Навоий вилоятларида енгил автомобиллар бозорида савдо ҳажмининг энг катта пасайиш қайд этилди.

2024 йилнинг I чораги якунларига кўра, енгил автомобиллар савдоси 3,2%га қисқариб, 334,3 мингта автомобилни ташкил этди.

Бирламчи автомобил бозоридаги вазият

Бирламчи енгил автомобиллар бозорида пасайиш тенденцияси кузатилмоқда. Ой давомида сотувлар 16,7%га камайган ҳолда 24 мингдан ортиқ автомобилни ташкил этди. Ўтган йилга нисбатан автомобил бозорининг ушбу сегменти 0,2%га пасайди.

Шу билан бирга, ой давомида мамлакатимизда ишлаб чиқарилган 19,54 мингта енгил автомобиллари сотилди, бу ўтган йилнинг март ойига нисбатан 17,2%га кам.

Хорижда ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар сегменти

Ой давомида хорижда ишлаб чиқарилган автомобил бозори савдоси 13,7%га пасайди. Март ойида жами 2,3 мингта хорижий автомобиллар сотилган. Ўтган йилнинг март ойига нисбатан сотувлар 20%га камайди.

Енгил автомобиллар иккиламчи бозори

Иккиламчи бозорда сотувлар 10,6%га камайди. Март ойида жами 74,6 мингта ҳайдалган енгил автомобиллар сотилган. Йиллик кўрсаткичларда 16%га сезиларли пасайиш кузатилди.

Электромобиллар бозоридаги вазият

Электромобиллар бозори мўътадиллаша бошлади. Шундай қилиб, март ойида енгил электромобиллар савдоси атиги 0,1%га ошди.

Бироқ, йиллик ҳисобда сотувлар 2,4 баробар ошган.

2024 йилнинг I чораги якунларига кўра, савдо ҳажми ҳам 3,7 баробарга кўпайиб, 8 мингта автомобилдан ошди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг