Чол ва хўроз (ибрат)
Кун иссиқдан-иссиқ бўлди. Тошбой чол ҳовлидаги бир туп ток таги – чорпояда ёстиққа ёнбошлаган кўйи ўтирар, кафти билан кўзини қуёшдан тўсиб, ҳовли тўрига қур-фур сер солиб, ҳар-ҳар замон ихраб-ихраб қўярди. Унинг икки-уч кундан бери мазаси йўқ – оёқлари ўзига бўйсунмас, ҳоли забун, айни пайтда соя жойга-да етолмас, ҳам бир пиёла сувга зор бўлди.
Чолдан бошқа ҳовлидаги бор тирик жонзот – икки дона чипор товуқ чорпоя четида очиқ қолган дастурхондаги ушоқларни еб, қаттиқ нонни чўқишар, тез-тез бош кўтаришиб, чол тарафга қараб-қараб қўйишар, чолнинг қўл сермаб-қўл сермаб, базўр айтган «кишт-кишт»лари бенафу-бесамар бўлди.
Айни дам иссиқдан лоҳасланиб, лаблари қуриқшаган чол товуқларга қараб ўй сурар, хаёлан уларга гина-ю кудурат қилар бўлди: «Эҳ, сенлар-а, ўз эркларинг ўз қўлларингда, оёқларинг бутун бўлса, сувдондаги сувдан ичиб, соя-салқин катакларингда ётмайсанларми ма-аза қилиб, то соя-салқин тушгунча, занғарлар...»
...Чолнинг хаёли ёшлиги – ўт олов чоғларига кетди. Катта уйнинг кенжаси ва эркаси – Тошбой тиниб-тинчимас, ҳам ўта қайсар эди. Отаси ҳаётлигида унга кўпдан-кўп насиҳатлар қилди. Тошбойнинг жавоби эса оғизда «хўп-хўп» бўлди. Амалда манави товуқлар каби қулоғига гап кирмас бўлди. Уйланди ҳам ўзгармади, хотин қўйиб-хотин олиш унга бир оддий гапдай бўлди. Ота-онасининг ризо-норизолигига мутлақ бефарқ-беэътибор бўлди.
Кунлардан бирида ароқдан кайфи тарақ ўтирган Тошбой қайноғасининг келганини хушламай, унинг бор-йўғи насиҳатомуз айтган гапини ҳазм қилолмай, жанжаллашиб, зўрлигини унга кўрсатиб кўйди, жаҳл устида хотинини-да дўппослади ҳамда «талоғини қўлига тутқазиб» юборди. Натижа – бир неча йиллик умри қамоқхонада ҳайф бўлди.
Чол ўтган ҳаётини бир-бир кўз ўнгидан ўтказаркан, ўша иккинчи хотинининг ўта «рашкчи» бўлгани эсига тушди. Ўзича таъмиз қилди: нега товуқлар хўрозни бир-биридан рашк қилмайди? Сўнг: бу – товуқ, у – хотин деди, товуқда мия йўқ, хотинда мия бор, ўй бор, ҳис бор. Унда «товуқмия» демиш гап-чи? Хотиннинг ўз эрини рашк қилиши ўринлими? Ўринли. Хотинни урганим...
Чолнинг хаёлини, «па-app» этиб чорпояга чиқиб келган хўроз бўлди. Хўроз хўрозлигини қилди, бир икки марта товуқларга хезланиб, гўё дўқ-пўписа қилган бўлди, сўнг тумшуғига бир бўлак қотган нонни илганча тап этиб тушиб кетди.
Пастга тушиб олган хўроз, нон бўлагини ерга ташлаб, гўё: «бери кел, баринг кел» дегандай, қисқа-қисқа «қооқ-қоқ, боқ-боқ-боқ» дея товуш бериб чақирар – чорлар бўлди. Чипор товуқларга қулоқ битиб, бирин-кетин пастга тушишди. Чол ҳайрият-е, деди, ҳам «Э-баракалла!» дея хўрозни алқар бўлди.
Сўнг... сўнг қизиқиши ортиб, ёстиқдан сал бош кўтариб қарар бўлди. Бир бурда нон бўлаги атрофида жамланган бир хўроз, икки товуқ ва чорпоя тагидан чирқиллаб чиқмиш беш-олтита ола чипор жўжаларни кўриб, кўзларига ишонар-ишонмас бўлди.
Ўйланиб туриб, ўсалдан-ўсал бўлган чол туриб-туриб: «Ваҳ, буни қара-буни қара», демиш бўлди. Сўнг: «йўқ-йўқ», деди, «товуғ-у хўрознинг мияси бор, мияси бор», деди. Ўйланиб-ўйланиб: «Шу товуқларда бор мия аслида менда йўқ», деди. Ўзидан-ўзи хафа бўлди.
Яна, паст-бўғиқ овозда, ўзига ўзи: «Қара-я буларнинг аҳллигини, миясининг ишлагани-чи? Хўроз мендан истиҳола қилгандай, нон бўлагини пастга олиб тушди, сўнг хотинларини... йўғ-э, товуқларни пастга чиқарди, жўжаларини ўйлаганини қара... Қара, Тошбой, қара – кўр буни», демиш бўлди.
Алал-оқибат, чолнинг иши уҳ тортиш, ўзини ёзғириш бўлди: «Э, Тошбой, суф сенга, хўрозман деб юраверибсан-у, асли шу бир «Бобоқ»ча бўлмабсан, уч хотиндан туғилган беш фарзандга шу хўрозча меҳрибонлик қилмабсан, уларга нон топиб ейишни-да ўргатмабсан-а... Энди оқибатини кўр, кимга айландинг, бугун кимга керакcан? Биринчингдан туғилган тўнғичинг борди-келди қилмайди, иккинчингдан кўрган боланг эл кўрингга бир-бир хабар олган бўлади, иккита нон кўтариб зўрға оёғини судраб келиб, индамай ўтириб-ўтириб, «майли, эса мен кетдим», дейдию кетади. Ҳол-аҳвол, бир нима керакми, деб сўраш йўқ, худди бегонадай: на бир яқинлик, на бир илиқлик бор. Турмушга чиқиб кетган икки қизингдан-ку хабар ҳам, дарак ҳам йўқ...
А-ҳа, Тошбой, қайтар дунё экан, қара-я, вақтида ота-онангни норози қилганинг бугун олдингдан чиқди, фарзандларингдан қайтди, бировданмас ўзингдан ўпкала...
О-о, Тошбой, Тошбой... Ҳалиям шукр қил, онаси қазо қилгач, кунингга кенжа қизинг яраб турибди, кунда бир келиб хабар олади, «қандайсиз» дейди, «овқат еб олинг» дейди, «кийимларингизни алмаштириб кийиб олинг», дейди. Сўнг илож-ноилож у ҳам «ота, мен кетдим, борақолай» дейди, «Ўз уйим-ўлан тўшагим» дейди-да... Уззу кун тўрт уй наридаги қизингнинг йўлига кўз тикиб ётишдан бошқа чоранг йўқ энди...».
Чол бир ўзи ҳувиллаган ҳовлида, учи-қуйруғи йўқ хаёлларга банди бўлиб, афсус чекиб: «Уҳ, Тошбой, бир хўрозча бўлолмаган Тошбой...», дея ўтган умрини сарҳисоб қила-қила, хатосини англагандай ва ниҳоят, «нима эксaнг, шуни ўрасан», деган нақлнинг нақадар ҳақлигини билгандай бўлди.
Холмўмин Ёдгоров
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter