APK-файл орқали ечилган 6,5 миллион сўм эгасига қайтарилди
Бухоро вилоятида одамларни турли усулларда алдашга қаратилган киберфирибгарликлар кўп кузатилмоқда. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати «Xabar.uz»га маълум қилди.
Қуйидаги ҳолат Бухоро туманида содир бўлди. Бир кишига Instagramда APK-файл юборилган. Бу файл орқали унга «Roha-24» номли иловани юклаш таклиф этилган. Хабарда гўёки унинг 10 миллион сўм жаримаси борлиги маълум қилинган.
Бунга лаққа тушган фойдаланувчи иловани шартта телефонига ўрнатиб, унга кирган. Сўнгра унинг банк ҳисоб варағига тушиши кутилаётган пулнинг 6,5 миллион сўми ғойиб бўлган...
«Roha-24» деган илова келди. Сенга жарима бор, деб. Мен билмай туриб, ўша иловага кириб олдим ва яна чиқдим. Ҳисоб рақамимга 9 миллион сўм пул тушиши керак эди. Шундан 6,5 миллион сўмини ечиб олишган», — деди жабрланувчи.
Сонияларда миллионларидан айрилган одам зудлик билан ички ишлар органларига мурожаат қилди. Ўз вақтида кўрилган чоралар сабабли 6,5 миллион сўм эгасининг ҳисоб рақамига қайтарилди.
Мутахассислар нотаниш шахслардан келган APK-файлларни юкламаслик, шубҳали ҳаволаларга кирмаслик ҳамда банк картаси ва ҳисоб варақларига оид маълумотларни бегона шахсларга бермасликни тавсия этишмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter