Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Беўхшов қилиқлар билан тасвирга тушган қиз видеосидан катталар «қурол» сифатида фойдалангани айтилмоқда

Беўхшов қилиқлар билан тасвирга тушган қиз видеосидан катталар «қурол» сифатида фойдалангани айтилмоқда

Фото: Xabar.uz

Ижтимоий тармоқларда «Айтишларича, видеодаги аёл Бухоро вилояти, Қоракўл туманидаги 4-мактаб психологи экан. Мактаб психологининг аҳволи шу бўлса, мактабни аҳволи қанақа экан?!» сарлавҳаси остидаги видео аслида қандай мақсадда тарқатилган?! Ўзаро келишмовчилиги бўлган ўқитувчилар ушбу видеодан «қурол» сифатида фойдалангани билдирилмоқда, дея маълум қилмоқда «Xabar.uz» мухбири.

Ушбу видеода спиртли ичимлик шишасини олиб, хорижий мусиқа куйлаганча беўхшов қилиқлар қилган қиз тасвирга олинган. «Xabar.uz» мухбирининг аниқлик киритишича, ҳолат 2020 йилда Қоракўл туманидаги 4-умумий ўрта таълим мактабининг 8-синф ўқувчиси томонидан юзага келтирилган.

«Xabar.uz» мухбири Қоракўл туманидаги «Тинчлик» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган ушбу мактабда бўлиб, ўрганиш олиб борган. Қиз билан суҳбатда бўлган.

«Бундан икки йилча олдин хориж клипларидан бирини куйлаб, унга ҳамоҳанг ҳаракатларни ижро этишга уриниб кўрдим. Оилавий тадбирлардан биридан кейин ўзимизнинг уйимизда опам тасвирга олган эди. Эртасига мактабга дарсга бордим. Инглиз тили фанини чуқур ўзлаштираётганим учун синфдошларим менинг қўл телефонимдан кўпроқ фойдаланишарди. Шунда бир ўғил бола синфдошим фойдаланиш учун олди ва мен унинг шахсий «галареям»даги видеотасвирни ўзлаштириб олганидан хабардор эмасдим»,—деб йиғлаб юборди қиз.

Маълум бўлишича, ўқувчи қизнинг қўл телефонини олган синфдош бола уни ўз телефонига сўроқсиз ўтказиб олган ва бошқа тенгдошларига ҳам тарқатган. Орадан кўп ўтмай, мазкур видеотасвир мактаб ўқитувчиларига ҳам тарқалиб кетган.

«Мен мактабда психолог бўлиб ишлайман. Ижтимоий тармоқларда «Қоракўл туманидаги 4-мактаб психологи экан. Мактаб психологининг аҳволи шу бўлса, мактабни аҳволи қанақа экан», деган талқинда тарқалди. Лекин у менмас, у – ўқувчи қиз. Аммо ўқувчи тарбиясиз эмас, одобли, ахлоқли. Синфдошлари ўртасида ҳам билими юқори, «беш» баҳоларда ўқийди. Бу видеотасвир эса, бевосита мен билан келишмовчиликка борган ва ўртамиз низоли бўлган Лайло Сахатова исмли собиқ ўқитувчи томонидан тарқатилган. У ўзининг ишдан бўшаб кетиши сабабини мендан билиб, шубҳаланиб юрибди. Унинг биргина шубҳаси билан бир ўсмир қизнинг икки йил илгариги ўз хонадонида олинган видеотасвири оммага тарқалиб кетган»,—дейди мактаб психологи Ҳожар Қутлиева.

2022-2023 йилнинг ўқув даврида бор-йўғи, 4 ойча ўқув-тарбия ишлари бўйича мактаб директори ўринбосари лавозимида ишлаб келиб, сўнг ишдан бўшатилган Лайло Сахатова эса ушбу видеотасвирни ижтимоий тармоқларга тарқатмаганини, бундан унга ҳеч қандай наф йўқлигини, мактаб психологи унга туҳмат қилаётганини билдирган.

«Ўсмир қизнинг шаънига путур етказувчи видеотасвирнинг ким томонидан тарқатилгани билан боғлиқ ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ички ишлар идоралари томонидан ҳаракатлар олиб борилмоқда. Бироқ, бизни ўйлантираётгани таълим муассасаси ўқитувчилари ўртасида ички муҳитнинг бузилгани, гуруҳбозлик шакллангани. Муҳит бузилган жойда ўқувчи қиздан «қурол» сифатида фойдаланилгани эса энг хунук, кечириб бўлмас ҳолат. Ўқув йили якунига кўра, барча кадрлар масаласи кўриб чиқилади ва мактабда соғлом муҳит яратиш учун барча чора-тадбирлар белгиланади»,— дейди Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Қурбонов.

Ўқувчи қизнинг синф раҳбари Зебунисо Абдиеванинг айтишича, қиз турли ҳаракатлар билан ижро этган қўшиқ мазмунида «Сени севаман, сендан бошқа севгилим йўқ» деган маъно мужассам бўлган.

«Ўқувчим синфдаги билимли, тарбияли қизлардан. У шунчаки хориж клипига ҳамоҳанг ўзи билмаган ва тушунмаган ҳаракатларни такрорлаган. Ҳа, айтмоқчи, у спирт шишасидан май эмас, кока-кола ичган. Ўзининг ҳатти-ҳаракатлари нима эканиниям тушунмаган. Бироқ, ўқувчимнинг видеотасвиридан ёши катталарнинг шахсий низо сабаб бир-бирига зиён етказмоқчи бўлгани жуда хунук манзара. Мен буни умуман оқламайман. Ва ўқувчи қиз шаънига путур етказганлар қонун олдида жавоб бериши керак»,—дейди куйиниб синф раҳбари.

«Xabar.uz» мухбири мактаб психологи билан суҳбатда ундан 500 дан ортиқ ўқувчи таҳсил олаётган мактабда болалар билан қандай психологик суҳбатлар олиб боргани, бу борада бажарилган ишлар ва уларнинг натижаси билан боғлиқ маълумотлар ҳақида сўраган. Бироқ, Ҳожар Қутлиева ўз фаолиятига доир иш ҳужжатларни олиб келиш важи билан чиқиб кетиб, қайтиб келмаган. Ва мухбир билан телефон орқали суҳбатда қон босимининг ошиб, уйига кетганини билдирган.

Ўзини таништиришни истамаган мактаб ўқитувчиларидан бири эса мактаб психологи болалар билан деярли, ишламаслигини, ўқувчи қиз ўқитувчилар ўртасидаги гуруҳбозлик сабаб ёмонотлиқ бўлганини билдирган.

«Xabar.uz» мухбирининг аниқлик киритишича, мактаб психологи бундан бир неча йил илгари Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг 25-, 168-модданинг 1-қисми, 227-модданинг 1-қисми, 228-модданинг 1- ҳамда 3-қисмлари билан айбланган.

«Ёши катталарнинг ўзаро можаросига «қурол» бўлиб олган, ўсмир қиз шаънига путур етказувччи мазкур ҳолатни батафсил ўрганиб чиқиш мақсадида тегишли соҳа вакилларидан иборат таркибда алоҳида ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳининг ўрганиш якунлари юзасидан қўшимча маълумот берилади. Шу ўринда, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан вазиятга аниқлик киритилгунига қадар видеодаги ҳолатни турлича талқин қилмасликларини сўраб қоламиз»,—дейди Фаррух Қурбонов.

Маълумот ўрнида: Айни пайтда ўқувчи қизнинг руҳий ҳолати, тушкунликка тушиб, турли таъсирларга берилмаслиги учун тажрибали психологлар жалб қилинган. Оиласи ва яқинларининг, мактаб жамоасининг эътиборида.

Бухоро вилояти ИИБ ахборот хизмати раҳбарининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан суриштирув ишлари бошланган. Ўқувчи қизнинг қадр-қиммати, шаънига путур етказишга сабаб бўлган шахсларга нисбатан тегишли қонунларга кўра, жазо чоралари қўлланилади.

Лайло Ҳайитова

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг