Чегарада тўхтатилган «Mercedes-Benz»дан салкам 50 кг наркотик топилди
Давлат хавфсизлик хизматининг Чегара қўшинлари ва Божхона қўмитаси ҳарбий хизматчилари сайъ-ҳаракати билан катта миқдордаги наркотик моддалар контрабандасига чек қўйилди.
Хусусан, Афғонистон Республикасидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келаётган, Термиз туманида яшовчи, 1985 й.т. фуқаро бошқарувидаги «Mercedes-Benz» русумли юк автомашинаси «Айритом» чегара божхона постида чуқурлаштирилган тарзда текширувдан ўтказилди.
Текширув жараёнида автомашина тиркамасининг пол қисми остига жами 98 дона ўрамда 39 кг 86 гр «гашиш» ва 9 кг 498 гр «опий» моддалари яшириб қўйилганлиги маълум бўлди.
Таъкидлаш лозим, наркосавдогарлар гиёҳвандлик воситалари фош бўлмаслиги учун уларни дастлаб полиэтилен пакетга солиб, сўнгра фолга қоғози билан, кейин эса скотч билан ўрашган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу наркотик моддаларнинг буюртмачиларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter