Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғона водийсида ноқонуний тамаки маҳсулотларининг йирик партияси қўлга олинди

Фарғона водийсида ноқонуний тамаки маҳсулотларининг йирик партияси қўлга олинди

Кейинги бир неча кун ичида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари Фарғона ва Наманган вилоятларида жами 130,2 млн сўмлик 10 680 қути акцизи бўлмаган тамаки маҳсулотларини мусодара қилдилар.

Чунончи, контрабанда тамаки маҳсулотлари сотувчиларини қўлга олиш бўйича биринчи ҳолат Янги Наманган туманида рўй берди. Тезкор тадбир давомида 34,2 млн сўмга тенг 2680 қути ноқонуний сигарет мусодара қилинди.

Яна иккита рейд Фарғона вилоятида ўтказилди. Жами суммаси 96 000 000 сўмдан зиёд бўлган 8000 қути акцизи бўлмаган тамаки маҳсулоти қўлга олинди.

Виждонсиз сотувчиларни суд кутмоқда, мусодара этилган товар эса йўқ қилинади.

Қайд этиш керакки, Фарғона водийси ҳудудлари Ўзбекистонда ноқонуний тамаки маҳсулотлари тарқатилишининг маркази саналади. Мана бир неча йилдан буён бу минтақа яширин тамаки бозори ҳажми бўйича етакчиликни «қўлдан бермай» келмоқда.

2023 йил якунларига кўра ноқонуний савдонинг улуши 41,1% ни ташкил қилди. Бунда контрабанда сигаретлар улгуржи сотилишининг энг йирик нуқталари ҳаммага маълум. Булар Намангандаги «Сардоба» бозори ва Қўқондаги «Навбаҳор» улгуржи бозоридир. Савдо бевосита Фарғона водийсидагина амалга оширилмайди, балки маҳсулот Ўзбекистоннинг бошқа вилоятларига ҳам тарқатилади ва ўтказилган рейдлар мамлакатдаги юзлаб савдо нуқталарида хавфли маҳсулот тарқатилишининг олдини олишга ёрдам берди. Шу сабабли, бундай тадбирлар ниҳоятда муҳим саналади, чунки бозорда ноқонуний тамаки маҳсулотларининг сероблиги кашандаликни айниқса ёшлар ўртасида кенг тарқалишига олиб келмоқда. Бунинг сабаби контрабандачилар сигаретларни арзонроққа сотишлари билан боғлиқ, чунки улар акциз ва ҚҚС тўламайдилар.

Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг фаолияти янада комплекс ва кенг кўламли тус олиши лозим. Ноқонуний тамаки бозорига қарши курашиш учун қўшимча чоралар, масалан, жиноятни содир этиш воситалари – автомобиллар, савдо жиҳозлари ва шу кабилар мусодара қилиниши керак. Божхона органлари Ўзбекистон чегарасини кесиб ўтувчи юкларни қаттиқ текширишлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва солиқ органлари эса мамлакат ичидаги савдо нуқталарини синчиклаб назорат қилишлари лозим.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг