Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фириб зўрми ёки одамлар гўлми?

Фириб зўрми ёки одамлар гўлми?

Кўпчилик юртдошларимиз қандай қилиб ўз оёғи билан фириб домига тушиб қолганларини билмай қолишади. Товламачилар тузоғига  илиниб, неча йиллар пешона тери билан мисқоллаб топган мол-мулкидан айрилганларнинг ҳолига кулишни ҳам, куйишни ҳам билмайди киши. Бундай нохуш воқеаларни эшитганда беихтиёр қадимий ривоят ёдга тушади..

Қадим замонда жуда адолатли қози бўлган экан. Кунларнинг бирида унинг олдига бир фуқаро арзу дод қилиб келибди:

—Қози жаноблари, фалончи қассоб мени алдаб чув туширди. Ундан пулларимни олиб беринг.

—  У сени нима деб алдади, пулларингни қачон ва қандай олди, — сўрабди қози.

—  Қассоб бир йил аввал фалон жойда зотдор сигирлар сотилаяпти. Сенга биттасини арзон нархда келтириб бераман деб мендан пул олган эди. Ҳануз на сигирдан, на пулимни қайтаришдан дарак йўқ. Уйига борсам «бир куни олиб бераман-да» деб мени қувиб солди.

Қози воқеани обдон ўрганибди, гувоҳларнинг сўзларини эшитибди. Сўнгра қассобни ҳузурига  келтириб, шу ернинг ўзида ундан арзгўйнинг ҳақини ундириб берибди.

 Орадан бир қанча вақт ўтгач ўша фуқаро яна қозининг олдига келиб:

— Жаноб қози, қассоб мени яна алдади, адолат  қилинг — деб йиғлабди.

— Хўш, бу гал қассоб сени қандай қилиб алдади?

— Ўтган ойда буқамни сўйган эдим. Қассоб  «сен вақтингни кетказма, харидор қидириб қийналма.  Ўзим гўштини сотиб, эртага пулини келтириб бераман» деб меҳрибонлик қилди. Лекин, гўшт ҳам сотилиб кетдики, пулини берай демайди...

Унинг гапини эшитган қози хизматкорини чақирди ва арзгўйни қирқ дарра билан савалашни буюрди. Бу ҳукмни эшитган фуқаронинг фиғони фалакка чиқди:

– Эй адолатли қози, наҳотки мен ёлғон гапираётган бўлсам? Ахир, менинг сўзларимга бутун қишлоқ аҳли гувоҳ-ку.

— Мен сенинг рост гапираётганлигинга ишонаман, – деди қози, – қассобнинг муттаҳамлигини ҳам биламан. Қирқ дарра сенинг ахмоқлигинг ва бошқа алданмаслигинг учун. Токи бу сенга бир умр сабоқ бўлсин.

Юртимизда барча ОАВ саҳифаларида поранинг турли кўринишлари билан боғлиқ ҳар қандай холатларга миллий қонунчилигимизда жавобгарлик чоралари белгиланганлиги, ғараз мақсадли кимсаларнинг найранглари ҳақида кўплаб мақолалар ёритилмоқда. Лекин, олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамай, айрим фуқароларимиз ҳамон  ўз муаммоларини тўғри йўл қолиб, эгри йўл билан ечишни мақбул кўрадилар. Натижада муаммолар исканжасига баттар ботишади.

Жамол Турғунов (исм, шарифлар ўзгартирилган) Ўзбекистон давлат консерваториясининг охирги курсида ўқиб юрган кезлари, нафс домига илинди. Унинг нуфузли олий ўқув юрти талабаси эканлигими ёки «казо-казолар билан танишман» деб керилгани учунми ҳамқишлоқлари орасида анчайин обрўси баланд эди. Ўтган йилнинг март ойида Жамол  «Ўрикзор» савдо мажмуасида савдо билан шуғулланувчи қашқадарёлик эски танишини учратиб қолади. 

– Сен катталар билан танишсан, бир укалик қилгин – деди Маматқул ака салом аликдан сўнг. – Ўғлим Ойбек бу йил мактабни битираяпди. Тошкентдаги бирор институтга киргизиб қўйиш керак.

– Ойбекнинг ўзи нимага қизиқади? – сўради текин ўлжа хидини сезган Жамол қиёфасига дарров салобатли тус бериб.

Маматқул акага унинг бу сўзи «қайси ўқув юртига киргизиб қўяй» дегандек туюлди:

— Э, унга барибир. Ишқилиб институт бўлса бўлди. 

– Майли, мен бир акахонлардан сўраб суриштирай-чи, лекин..., биласиз-а?

– Биламан. Бу ёғидан хавотир олма, кечроқ уйга ўт, гаплашиб оламиз.  

Хуллас, ўша куни қашқадарёлик ҳамқишлоқлар ўзаро тил топишди. Маматқул ака Жамолга 4,500 АҚШ доллари берадиган, у эса Ойбекни Низомий номидаги Тошкент давлат Педагогика институтига ўқишга киритиб қўядиган бўлди.

Ёш фирибгар бўнак сифатида 700 АҚШ доллари олиб, уй эгаси билан қуюқ хайрлашди. Имтиҳон олди эса қолган 3 минг 800 долларни қўлга киритди. Табиийки, имтиҳонда калласи бўм-бўш Ойбекка отасининг пули ёрдам беролмади.

Ўғли ўқишга киролмагач, Маматқул ака Ойбекдан олган пулини қайтаришни талаб қилди. Пулни аллақачон ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган найрангбоз эса «каттакон акахони Ялтага дам олишга кетгани, келаси йил албатта ўқишга киритишини» айтиб ёлғон гаплар билан унинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдирар, шу тариқа кунни кунга, ойни ойга уларди.

Янги йил арафасида улар яна Маматқул аканинг хонадонида, байрам дастурхони атрофида учрашди. Уй соҳибининг укаси меҳмонга келган экан.

— Тўлқин укам ҳам қизини юридик коллежга киритиш ниятида бор. Буни эплай оласанми – сўради Маматқул ака.

 – Ака, институтга кириш сал қийинроқ-да. Лекин, коллеж дегани «чепуха».  Директорнинг ўғли қалин дўстим. Икки минг кўкига бемалол киргизиб қўяман, менга ишонаверинг...

Пўрим кийинган Жамол оғзини тўлдириб дадил, ишончли гапирарди. У ҳар икки сўзида устаси фаранг фирибгарларга  хос «фалончи яқин оғайним, пистончи  дўстим» дейишни канда қилмасди.  Шундай қилиб, «ҳожатбарор» студент яна уларни чув туширди.

Маматқул аканинг укаси Т.Амиров Жамолга пешона тери билан топган икки минг АҚШ долларини ўз қўли билан тутқазди.

Орадан кўп вақт ўтмай, саракни саракка, пучакни пучакка ажратадиган имтиҳон палласи ҳам етиб келди. Ва яна Маматқул ака ҳамда Тўлқин кутганидек бўлмади. Уларнинг фарзандлари ўқишга киришолмади. 

– Ҳалиям кеч эмас, – деди Жамол ака-укаларнинг дўқ-пўписасига пинагина бузмай, – тўғриласа бўлади. Яна қўшимча жой бор. Мен катталар билан гаплашдим, фақат яна озгина қўшиш керак дейишаяпди.

Бу гал ака-ука Амировларнинг кўзлари очилди. Ёш фирибгар Жамол Турғунов уларнинг ҳар иккисидан  жами минг АҚШ доллари олаётган пайтида, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ашёвий даллиллар  билан қўлга олинди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман суди томонидан сайёр суд мажлисида  айбдорнинг ўз қилмишидан пушаймонлиги, биринчи бор судланаётганлиги, жабрланувчиларга келтирилган зарар тўлиқ қопланганлиги ва бошқа бир қатор холатлар инобатга олиниб Жамол Турғуновга тегишли жазо тайинланди. Бу кунлар ўтар кетар деганларидек, новқирон йигитнинг элу юрт олдида бир умр юзи шувут бўлгани қолди. Ана шундай «зўр» фириб тузоғига гўллардек осон ўлжа бўлиб қолманг.

Фарида Қорақулова,
журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг