Ҳарбий разведкага тезкор-қидирув фаолиятини олиб бориш ҳуқуқи берилди

Ўзбекистон Республикаси президенти «Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади.
Ушбу қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 25 декабрда қабул қилинган «Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида»ги ЎРҚ–344-сонли Қонуни 10-моддасининг (Тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи органлар) биринчи қисми қуйидаги мазмундаги бешинчи хатбоши билан тўлдирилди:
«Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий разведкасининг»;
бешинчи, олтинчи ва еттинчи хатбошилар тегишинча олтинчи, еттинчи ва саккизинчи хатбошилар деб ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг ҳудудида тезкор-қидирув фаолиятини:
- Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг;
- Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизматининг;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг;
- Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг;
- Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг органлари амалга оширади.
Бошқа давлат органлари, шунингдек юридик ва жисмоний шахслар томонидан тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш тақиқланади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter