...Савол ҳамон кўндаланг: оқлаш осонми ёки ёқлаш?
Савол судьяларга қаратилаётгани ўз-ўзидан маълум. Фақат сарлавҳани жиндек шарҳлашга тўғри келади: судья учун айбсиз шахсни оқлаш осонми ёки айбловни ёқлашми?
Куни кеча Олий суд раиси бир ҳақиқатни очиқлади: шу чоққача чиқарилаётган оқлов ҳукмларининг 96 фоизи 2017 йилгача кўриб чиқилган жиноят ишларига тегишли экан! Яна қўшимча қилдики, уч йил бурун оқлов ҳукмини чиқарган судьянинг ўзи кўпга бормасди... (Бу гапдан айбсиз шахсни оқлаган судья ё «камчилиги топиб» ишдан четлатилгани ёки битта фитна билан қўлга олинганини тушуниш мумкин).
Шу гапларнинг ўзи юқоридаги саволга жавоб бўлади.
Фуқаронинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга масъул судьянинг ўзи ҳимояга муҳтож бўлган жойда суднинг жазоловчи органдан фарқи қолмаслиги турган гап.
Яқин-яқингача шундай эди.
Бугун-чи?
Суд тизимида бўлаётган ўзгаришлар кўп. Маҳкаманинг очиқликка интилаётганини инкор этиш қийин. «Бизданам очиқ ташкилот борми, айтинг?!» дея маҳкама раҳбари бежиз таъкидлагани йўқ. Бироқ унда-бунда «тишга тегадиган» ҳолатлар кўзга ташланиб турибди барибир.
Мана, шулардан биттаси.
Хоразмлик Раҳимберган Аллаберганов (1958 й. т.) «қора туш»га менгзалган яқин ўтмишда эмас, балки барча жабҳа қатори суд тизимида ҳам жиддий ўзгаришларлар бошланган 2017 йилнинг баҳорида жиноий жавобгарликка тортилди. Унга айблов тиркаш осон бўлгани йўқ, бироқ «амаллаб ёпиштирилган» жиноятлар суддан оппа-осон ўтиб кетди!
Аввалига фуқаролик судида бурни қонади. Яъни, фуқаролик ишлари бўйича (ФИБ) Боғот туманлараро суди (2015 йил, 16 март) бир неча йиллардан бўён Р.Аллаберганов ва Умарбой Сапаев деган шахс ўртасидаги мулкий низога қонуний нуқта қўйганди, гўё.
Икки фуқаро ўртасида анчадан буён Ҳазорасп тумани «Мухамон» маҳалласидаги бир пайтлар собиқ «Хоразм» ширкат хўжалигига қарашли бино-иншоотлар «талашиб» келинаётганди. Раҳимберган оға бино-иншоотлар хусусий мулки экани, уларни 2005 йилда кимошди савдосидан қонуний сотиб олганини дастак қилади. Ўз навбатида У.Сапаев ҳам мулкларга даъво қилар экан, уларни 2014 йилда Б.Матназаров деган фуқародан нотариал тартибда сотиб олганини билдиради.
2005 йил қайда-ю 2014 йил қайда? Орадаги тўққиз йил оралиғида У.Сапаевга нотариал тартибда мулкларини сотган Б.Матназаров қаҳрамонимизга нисбатан жиддий эътироз билдирмай келгани ким ҳақ-у ким ноҳақ эканини кўрсатади, аслида.
Бироқ фуқаролик суди масала моҳиятига чуқур кириб ўтирмаган кўринади. Қаҳрамонимизнинг судга келмагани (Р.Аллаберганов суддан бехабар қолганини айтади) қўл келдими, хуллас, сиртдан ҳал қилув қарори чиқардики, натижада Ҳазорасп туман ҳокимининг қурилиш ости майдони 1286,81 кв. метр бўлган собиқ ширкат хўжалигининг идора биноси, асфальт майдони, чорбоғ ва ёзги клуб биноларини Р.Аллабергановга тегишли эканини белгилаш тўғрисидаги (2009 йил, 17 июнь) қарори қисман бекор қилинди. Ҳоким қарорининг қисман бекор қилиниши эса Р.Аллаберганов салкам ўн йилдан буён фойдаланиб келаётган бино-иншоотларнинг маълум қисмига даъво қилаётган У.Сапаевни «мулкдор»га айлантирди-қўйди.
Р.Аллаберганов буни суднинг сиртдан чиқарган қарори қонуний кучга кириб бўлганидан сўнг билди. Дарҳол шикоят ёзди, бироқ юқори инстанцияда ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилди. Бу орада навбатдаги ғурбатга дучор қилиндики, натижада фуқаролик судлари бир ёқда қолиб, тергов ва жиноят судларида ўралашиб қолди.
Гар шундаки, фуқаролик судида «музаффар бўлган» У.Сапаев ички ишлар идорасига мурожаат қилганди: менга тегишли бино-иншоотларни Р.Аллаберганов бузиб, сотиб юборибди, камига фуқаролик суди қарори ижросига тўсқинлик ҳам қилмоқда, чора кўринглар...
Аввалига У.Сапаев шикоятларидаги важлар тасдиқланмагани боис бир неча марта жиноят иши қўзғатиш рад этилди. Қачонки «дело» Ҳазорасп тумани ИИБ катта терговчиси О.Жаббаров қўлига тушгач, вазият бутунлай бошқача тус олди. Айтиш мумкинки, тирноқ остидан кир қидириш бошланди.
Аввалига Жиноят кодексининг 173-моддаси «в» банди (ўзганинг мулкини кўп миқдорда зарар етказган ҳолда қасддан нобуд қилиш) билан айб эълон қилди. Бу моддани «ёпиштиргунча» терговчи озмунча «риёзат» чекмади рости?! Бузиб ташлангани айтилаётган иншоот ҳужжатларда «ёрдамчи ишлаб чиқариш биноси» дейилади. Ваҳоланки, собиқ ширкат хўжалигининг сотилган иншоотлари орасида бунақа бинонинг ўзи бўлмаган. Борлари ҳам ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган бўлиб, шундоғам тўкиладиган ҳолатда эди. Тергов органи томонидан бир эмас, беш марта «қасддан нобуд қилинган» ўша иншоотга етказилган зарар миқдорини аниқлаш учун «суд қурилиш-техник экиспертизаси» тайинланди. Ва беш марта ҳам Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази мутахассислари «отам замондан» қолган иншоот хусусида хулоса бериб бўлмаслигини айтишади. Экспертларнинг бундай тўхтамга келишига суриштирув ва тергов органи гўёки нобуд этилган бинони тўлиқ кўздан кечириб, хатлаб, суратга олишдан ташқари, тегишли ҳужжат ва маълумотлар тақдим этмагани, тўғрироғи, этолмагани сабаб бўлгани эҳтимоли юқори.
Эспертлардан ҳеч қандай хулоса ололмагач, терговчи «Урганч баҳолаш ва консталтинг» МЧЖга (хусусий ташкилотга!) мурожаат қилади. МЧЖ эса ваколатли экспертлар қилолмаган ишни қилди: унга кўра, бинони бузиш натижасида етказилган зарар 305 223 000 (уч юз беш миллион икки юз йигирма уч минг!) сўмни ташкил экан?! Борлиги мавҳум ва бор деб фараз қилганда ҳам олтмиш йил (!) нарида қурилган ҳамда узоқ вилоятнинг чекка ҳудудидаги иншоот бунча катта пулга «баҳолангани» тасаввурга сиғмайди. Кечирасиз-ку, бунча пулга пойтахтнинг қоқ марказидан бўлмасаям, чеккароғидан кўркам ва янги иншоот сотиб олиш мумкин. Иккинчидан, ва энг муҳим ҳолат — «Урганч баҳолаш ва консталтинг» МЧЖнинг салкам фантастик хулосаси 2016 йилнинг 26 октябрь куни чиқарилади. Бироқ терговчи олти кун аввал (!) 2016 йилнинг 20 октябридаёқ Р.Аллабергановга нисбатан «фуқаро У.Сапаевга 305 223 000 сўм моддий зарар етказганлик» айбини эълон қилиб улгурганди?! Бунақаси кам учрайди...
Турган гап, шахсга 173-модданинг «в» банди (ўзганинг мулкини кўп миқдорда зарар етказган ҳолда қасддан нобуд қилиш) билан «амаллаб» айб эълон қилингач, бу модда ўз-ўзидан Жиноят кодексининг 229-моддасини «етаклаб келади»: «Ўзбошимчалик, яъни ҳақиқий ёки фараз қилинган ҳуқуқларни ўзбошимчалик билан амалга ошириш»! Ҳолбуки, Р.Аллаберганов ўзиники дея фараз қилиб, ўзганинг мулкни эгаллаб олган жойи йўқ. Фуқаролик суди ундан У.Сапаевга том маънода олиб берган мулкларни йиллар давомида тасарруф қилар экан, ўз вақтида тегишли солиқ тўловларини амалга ошириб келаётганди.
Жиноят иши ҳужжатларида ФИБ Боғот туманлараро судининг ўша, шунча ғавғоларга асос бўлган сиртдан чиқарилган ҳал қилув қарори ижро этилгани, бу жараёнда тарафлар ўртасида ғалва чиққани, бироқ ўша вақтда Р.Аллаберганов воқеа жойида эмас, Тошкентда даволанишда бўлгани зикр этилган далолатнома бор. Бу ҳужжат бир неча фуқаролар томонидан имзоланган. Энди тасаввур қилинг: суд қарори ижро этилдими-йўқми — бу нари суриб турилганда ҳам айни жараёнда жавобгар иштирок этмагани инкор этиб бўлмас ҳолат. Ўзи йўқ одамни «суд қарори ижросига тўсқинлик қилганликда» айблаш соғлом тасаввурга сиғадими?!
Терговчи-ку, буларни айбловда «ўхшатибди», бироқ суд-чи?!
Нима дейсизки, юқоридаги қўлбола айбловлар жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судидан ҳам (2017 йил, 17 май), вилоят судидан ҳам (2017 йил, 18 июль) силлиққина ўтиб, Р.Аллаберганов қип-қизил жиноятчига айланди-қолди...
...Мана, орадан икки йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бу даврда нималар ўзгарди? Энг катта ўзгариш — шу-унча айбловларга асос бўлган ФИБ Боғот туманлараро судининг ҳал қилув қарори бекор қилинди! Бироқ шу қарор сабаб қўзғатилиб, сўнг пуфлаб-шиширилган айбловлар асосида чиқарилган жиноят судининг ҳукм-у ажрими ҳамон ўз кучида турибди. Раҳимберган Аллаберганов Олий судга неча марта мурожаат қилмади, дейсиз? Бироқ келаётган жавобларга кўра, «суд қарорлари қонуний, бекор қилишга асос» йўқ экан.
Ажаб...
Олий судга саломлар бўлсин.
Акбар Алишайхов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter