Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тошкентда «Регапен», «Селофен» ва «Тропикамид» сотган дорихона раҳбарлари қўлга олинди

Тошкентда «Регапен», «Селофен» ва «Тропикамид» сотган дорихона раҳбарлари қўлга олинди

ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида Тошкент шаҳар Чилонзор туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида «ЕВРО МЕД ФАРМ» МЧЖга қарашли дорихонада кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний савдоси йўлга қўйилганлиги фош этилди. Ушбу дорихона кўздан кечирилганда 364 дона «Регапен», 85 дона «Селофен» ва 13 дона «Тропикамид» дори воситалари ноқонуний сақланаётганлиги аниқланиб, процессуал тартибда ҳужжатлаштирилиб олинди. Шунингдек, дорихона раҳбари Ў.А.га тегишли автомашинадан ҳам 1610 дона «Регапен», 200 дона «Селофен» ва 399 дона «Тропикамид» дори воситалари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Суриштирувлар жараёнида ушбу ноқонуний ишлар занжири фуқаро А.Б.га бориб тақалди. У томонидан Чилонзор тумани, 17-мавзе, 33-уйнинг 26-хонадонига яшириб қўйилган 7600 дона «Тропикамид» дори воситаси процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.

Шунингдек, А.Б. кучли таъсир этувчи дори воситаларини яна бир ҳамтавоғи П.М.га етказиб турганлиги, натижада Чилонзор туманининг 1-мавзесида жойлашган унга тегишли «ARRAKASTA GROUP» номли дорихонада бундай препаратлар сотилаётганлиги маълум бўлди. Тезкор тадбир давомида ушбу дорихонада 100 дона «Тропикамид» дори воситаси қонунга хилоф равишда сақланаётганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, Учтепа туманида жойлашган «KAMOLA-XUR INVEST» МЧЖга қарашли дорихона раҳбари П.Б. гарчи махсус лицензияга эга бўлмаса-да, кучли таъсир қилувчи дори воситалари савдоси билан шуғулланиб, мижозга 1 дона «Селофен» капсуласини 20 минг сўмга сотаётган вақтида ашёвий далил билан ушланди. Дорихона кўздан кечирилганда 3139 дона «Селофен» ва 923 дона «Регапен» дори воситаси борлиги аниқланиб, ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди.

Ўтказилган тадбирлар натижасида жами 2897 дона «Регапен», 3425 дона «Селофен» ва 8112 дона «Тропикамид» дори воситалари мусодара қилинди.

Таъкидлаш лозимки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида кучли таъсир қилувчи моддалар муомаласини тартибга солиш тўғрисида»ги қарорига асосан «прегабалин», «залеплон», «тропикамид» кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатига киритилганлиги боис, таркибида ушбу моддалар бўлган «Регапен», «Селофен» ва «Тропикамид» дори воситалари фақатгина махсус лицензияга эга бўлган дорихоналарда сотилиши белгиланган.

Бундай дори воситаларининг соғлом одам томонидан узоқ вақт истеъмол қилиниши келгусида унга нисбатан тобеъликни келтириб чиқаради ва алал-оқибат инсонда наркологик касалликларни юзага келтиради, шунингдек, ички органларга токсик таъсир кўрсатади. Дозасини ошириш эса ҳатто ўлимга ҳам олиб келади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг