Халқаро тадбирда прокурорларнинг суд қарорларига таъсири масаласида баҳс бўлди

Ўзбекистон Республикаси Судялар олий кенгаши ташаббуси билан «Суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситалари ўртасидаги муносабат» мавзусида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтгани хабари берилганди.
Тадбир якунида савол-жавоблар ўтилди. Унда иштирок этаётган журналистлар бир-бирларига «сен бошла-сен бошла» дегандай маъноли қараб турган пайтда ташаббусни «Новости Узбекистана» интернет нашри журналисти Малоҳат Йўлдошева қўлга олиб, Судьялар олий кенгаши вакилларини қўйидаги мазмунда саволга тутди: «Бизда прокурорларнинг суд қарорларига таъсир ўтказиш қуввати ҳамон сақланиб қолаётганига нима дейсизлар? Қачон суд тўлақонли мустақил бўлади?».
Кескин қўйилган савол иштирокчиларни бироз хушёр торттиргани бор гап. Шунингдек, Кенгаш вакили жавобидан қониқиш ҳосил қилмаган журналист саволини такрорлаб, аниқ мисол келтириши мумкинлигини айтди... Икки ўртада бошланган тортишув чуқурлашиб кетишининг олдини олишмоқчи бўлди чоғи, Судьялар олий кенгаши матбуот хизмати раҳбари Турсунали Акбаров айтдики, журналист кўндаланг қўйган савол ўта баҳсли, яъниким, битта мисол билан умумий манзара ҳақида ҳукм-хулоса қилиб бўлмайди. Иккинчидан, ҳозирги суд тўрт-беш йил бурунги судлардан фарқ қилиши инкор этиш инсофдан эмас. Аниқ мисол лозим бўлса, марҳамат: яқинда Андижон вилоят суди ёш қизчанинг қотиллигида айбланган аёлни (қотиллик эпизоди бўйича) оқлади. Шунинг ўзи прокурорларнинг суд қарорларига таъсирига борасидаги саволга етарли жавоб эмасми?
Жавоб-мисолдан журналистнинг қониқиш ҳосил қилган-қилмагани ҳақида бир нима дейиш қийин, бироқ хорижлик экспертлар бироз ҳайратланди...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter