Чўл ўртасидаги саноат шаҳри

Ўтган ҳафта журналист ва блогерлар Ғузор туманида (Қашқадарё) қурилаётган синтетик ёқилғи ишлаб чиқариш учун мўлжалланган уникал UzGTL заводининг қурилиш жараёнлари билан танишиб қайтди. Чўл ўртасида улкан саноат шаҳри бунёд этилмоқда. Бу каби завод дунёда саноқли давлатлардагина бор холос.
Мажмуа ҳудудига кириб келгандаёқ иссиқ ҳаво ҳароратини ҳис қилдик. Мутахассислар эса тинмай меҳнат қиляпти. Иш авжига чиққан вақтда бу ерларда 12 мингдан ортиқ мутахассис ишлаган ва бунинг учун 800 дан ортиқ ускуналар жалб қилинган экан.
Қурилиш-монтаж ишларига оид бир нечта саволлар бердик ва етарли жавобларни олдик. Лойиҳанинг буюртмачиси «Uzbekistan GTL» МЧЖ («Oltin Yo`l Gtl» савдо белгиси), таъсисчиси «Ўзбекнефтегаз» акциядорлик компанияси экан. Бундан асосий мақсад табиий газни чуқур қайта ишлаш қувватларини кенгайтириш, углеводород хомашёси импортини қисқартириш, мамлакатнинг сифатли ва экологик тоза ёқилғига бўлган эҳтиёжини қондириш ҳамда бозорни ўз хом-ашёсидан ишлаб чиқарилган стратегик маҳсулотлар билан таъминлаш ҳисобланади.
Лойиҳа қуввати:
* дизель ёқилғиси – йилига 743,5 минг тонна
*нафта – йилига 431,1 минг тонна
*керосин – йилига 311 минг тонна
*суюлтирилган газ – йилига 20,9 минг тонна тайёрланар экан. Бу орқали Ўзбекистоннинг шу турдаги маҳсулотларга бўлган 1 миллиард долларлик импорт ҳажмини камайтириш мумкин.
Шу вақтгача 3.4 миллион метрга яқин кабель ётқизилган бўлса, 27 600 тоннадан ортиқ темир конструкциялар ўрнатилган ва 833 тадан ортиқ ускуналар қўйилган. Айни вақтга қадар йирик ускуналарни ўрнатиш ишлари тугаган. Умумий иш ҳажмининг 95,65 фоизи бажарилибди. Бош пудратчилар Hyundai Engineering, Hyundai Engineering & Construction ва Enter Engineering компаниялари экан.
Пресс-турда менга 3 та нарса ёқди: биринчиси масъуллар саволлардан қочмади ва жавобни айлантирмади. Иккинчиси ўша ерда ишлаётган бир нечта ақлли ва ўз ишининг устаси бўлган ёш кадрларга ҳам кўзим тушди. Учинчиси эса завод тўлиқ ишга тушса, электр ва бошқалар истеъмолида ҳам атроф аҳолисига юк бўлмайди. Бу ерда бир вақтнинг ўзида ўзига керакли электр ва бошқаларнинг ҳисоби олиняпти, станциялар қуриляпти.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter