Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Микрокредитбанк» янги онлайн-истеъмол кредити жорий қилади

«Микрокредитбанк» янги онлайн-истеъмол кредити жорий қилади

Фото: «Xabar.uz»

Бугун, 30 январ куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Микрокредитбанк» томонидан тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Ушбу тадбирни «Микрокредитбанк» АТБ бошқаруви раиси ўринбосари Азиз Низамов очиб, банк томонидан юридик ва жисмоний шахсларнинг тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш борасидаги олиб борилаётган ишлар хусусида қисқача тўхталиб ўтди.

Фото: «Xabar.uz»

Шундан сўнг, Кредит фаолиятини ташкил қилиш департаменти директори Акмалжон Пўлатов кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда «Микрокредитбанк» томонидан ўтган йили амалга оширилган ҳамда жорий йилда режалаштирилган ишлар юзасидан, Чакана кредитлаш департаменти директори Абдумажид Сафаров эса тадбиркорликни ривожлантиришда чакана кредитларнинг ўрни бўйича маълумотлар беришди.

Матбуот анжумани доирасида «Микрокредитбанк» 2019 йил давомида президент ташаббуси билан аҳолини тадбиркорликка кенг жалб қилиш йўналишида ишлаб чиқилган дастурлар ижросида энг фаол иштирокчилардан бири бўлгани ва 38 305 та мижозга 906,3 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилгани таъкидланди. Шунингдек, ўтган даврда 122 та қуёнчиликка ихтисослаштирилган хўжаликлар ташкил қилиниб, қуёнчилик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш учун жами 1 316 та мижозга 62,4 млрд. сўм, миқдорда кредитлар ажратилгани алоҳида қайд этилди.

Фото: «Xabar.uz»

Бугунга келиб республикамизнинг барча минтақаларида банкнинг 71 та филиали, 25 та банк хизматлари маркази ва 55 та мини-банклари томонидан 500 мингдан ортиқ аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига банк хизматларидан фойдаланиш имконияти таъминланмоқда.

– 2020 йилда Президентимиз томонидан банк тизими олдига қўйилган вазифаларни бажариш орқали мижозларга янада қулайликлар яратиш ва турмуш тарзини яхшилаш мақсадида тизимда ахборот технологияларини қўллаш орқали қўшимча банк хизматлари ҳамда модулли кредитлаш асосида янги кредит турларини фаол жорий қилиш режалаштирилган, – деди «Микрокредитбанк» АТБ Чакана кредитлаш департаменти директори ўринбосари Бобир Ражабов. – Банкнинг «MKB-mobile» иловаси орқали доимий даромадга эга бўлган жисмоний шахсларга тўлов қобилиятидан келиб чиққан ҳолда скоринг таҳлили асосида ҳеч қандай ҳужжатларсиз банкка келмасдан электрон тарзда офферта шартномаси орқали 12 ой муддатга онлайн-истеъмол кредити ажратиш жорий қилинади. Кредит ажратишда автоматлаштирилган қарор қабул қилиш тизими татбиқ этилади. Онлайн кредитлар ажратишда бошқа банк пластик карточкаси орқали иш ҳақи олган фуқароларга микроқарз ажратиш бўйича ишлар олиб борилади.

Фото: «Xabar.uz»

Матбуот анжуманида «Микрокредитбанк» масъул ходимлари банкнинг истиқболдаги қўшимча режа ва мақсадларини таъкидлаб, журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб беришди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг