Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Миллионер бўлишнинг 10 қоидаси

Миллионер бўлишнинг 10 қоидаси

«DataMonitor» тадқиқотига кўра, дунёда бой одамлар сони кўпайса кўпаядики, камаймайди. Буни статистик маълумотлар ҳам тасдиқлайди. Хўш, бу яхшими-ёмонми? Қонун-қоидага риоя қилиб, барча талаб ва мезонларни тўла-тўкис адо этиб, ўзи ҳам фаровон яшашига нима етсин! Ҳар ҳолда миллионер бўлишни истамайдиганлар камдан-кам бўлса керак. Сиз ҳам, ушбу саҳифани кўздан кечираётган ўқувчи, ана шу кишилар сафига қўшилишингиз мумкин. Бунинг қийин томони йўқ. Сири жуда оддий: ҳаммаси миянгизда, муносабатларингизда, руҳиятингизда ва, албатта, ҳаракатингизда бўлсин!..

Агар сиз миллионер бўлишни астойдил хоҳласангиз, албатта уддасидан чиқасиз. Бунинг учун ақл-идрокингизни бошқаришни ўрганишингиз керак. Миллионер бўлиш – ҳаммаси ақл-идрокингизда, миянгизда! Бойлик ҳақидаги қандайдир услублар, қурилмалар ва қоидалар, бу борада, камроқ аҳамият касб этади.

Оддий маълумотлар – активлар, биржа фондлари, пул оқими, бюджет ва шу кабиларни унутиш керак аслида. Ваҳоланки, айрим назариячилар, мутахассислар, брокерлар ва бошқа ҳоказо-ҳоказо экспертлар бунинг тескарисини уқтирмоқчи бўлади. Сиз ўзингизнинг кайфиятингизни мослаштира олмас экансиз, буларнинг бирортаси ҳам наф бермайди.

Қуйидаги китобларни ўқиш мумкин: «Миллионернинг ўйлари», «Лаҳзалик миллионер», «Автоматик миллионер», «Сизнинг миллионер қўшнингиз», «Кичик миллионерлардан бири» ва ҳоказо... Аммо факт фактлигича қолади: ростдан ҳам ҳамма-ҳаммаси ақл-идрокингизда.

Қуйида сизнинг миллионерга айланишингизга ёрдам бериши МУМКИН бўлган 10 та тавсияни келтириб ўтамиз:

1. Бойлик пулларда эмас.

Питер Линч шундай дейди: агар сиз иқтисодиётни ўрганиш учун йилига 15 дақиқа ажратсангиз, бу талаб қилинган вақтдан 10 дақиқа кўп демакдир. Рик Эделман ўзининг «Оддий одамлар, ноодатий бойлик» китоби устида ишлаш жараёнида 5000 нафар миллионернинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиб, уларнинг шахсий молияси учун бир кунда ўртача олти дақиқа вақт ажратишларини билиб олди. Миллионерлар бундан кўра, бошқа қизиқарли юмуш билан банд бўлишади.

2. Ижобийликни кўра билиш.

«Ақл-идрокнинг ижобий руҳияти орқали муваффақият» китобида қуролли кучларнинг махсус ходими ўзининг 26 йиллик меҳнат тажрибасига таяниб шундай дейди:

«Яшашнинг барча мезонлари бўйича таълим олган, бироқ барчасига салбий муносабатда бўлувчи йигитингиз бўлса ва яшаш ҳақида тушунчаси йўқ, бироқ барига ижобий қаровчи йигит ҳам бўлса, мен сизга кафолат бериб айтаманки, ана шу иккинчи йигит ўрмондан тип-тирик чиқади».

3. Бошқача ўйлаш.

Жорж Стэнли «Миллионернинг ўйлари»да шундай сўзларни битган эди: «Улар бошқалар каби ўйламайдилар... Бу шунга арзийди».

Ўзгалардан фарқ қилиш бойликни барпо этади. Бу эса ишнинг бош мавзусини ташкил қилэтади: бошқаларга ўхшаманг, ўз йўлингизни топинг.

4. Ёмон кўрган ишингизни бажаришни бас қилинг.

Кўплаб одамлар пенсия илинжида ўзлари ёмон кўрган ишни адо этиб, сокин умидсизлик қўйнида яшайдилар. Маркус Бэкинхэм «Сиз билишингиз керак бўлган оддий бир масала» китобида алоҳида таъкидлаганидек: ўзингиз ёмон кўрадиган ишни аниқланг ва уни амалга оширишга нуқта қўйинг.

5. Нимани севсангиз, шуни адо этинг.

Аксарият кишилар айтган қуйидаги гапларни эшитган бўлсангиз керак: «Бахтингизни кузатиб боринг, ўзингизга ёққан ишни қилинг, ана шунда пуллар кела бошлайди».

Қуйидаги маслаҳатни ҳам ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг: «Агар сиз ижодга лиммо-лим одам бўлсангиз ва қизиқишингизни танлай олсангиз, мислсиз зафар қозонишингиз мумкин. Дарҳақиқат, ўзлари севган, ўзлари қизиққан ишни амалга ошираётганлар – энг зўр миллионерлардир».

6. «Ҳақиқий Мен»ни топиш.

Аниқ мартаба-мавқе танланмаган ҳар қандай иш одамни толиқтиради. Сиз кўпроқ самара берадиган, унумли натижа олиб келадиган инсонсиз. Шундай экан, ҳақиқий «Мен»ингиз билан муносабатга киришинг. Инсоннинг ўзига хосликка алоқадор, шундай мавзудаги китобларни мутолаа қилинг.

7. «Мен» аталмиш ОАЖга сармоя қўйинг.

Корпорацияда ишлаш керакми?.. Ишбилармон, тадбиркор бўлинг. Ўз бизнесингизни яратинг. Роберт Кийосакининг «Бой ота»сини ўқиб чиқинг.

8. Завқ-шавқ билан яшанг.

Нимагадир ишонинг. Ўзингизнинг овозингизни эшита билинг. Бу нима?! Муҳаббатми, оилами, жаз, санъат, гольф, балиқ овими ёки? Нимаики бўлмасин, бу – Сиз! Ва бу бебаҳо! Жозеф Кэмпбелл ёзган эди: «Агар сиз бахтингизнинг изидан борсангиз, пулларингиз бўладими ёки йўқми, ҳамиша, ҳамма вақт ўз бахтингизга сазовор бўласиз. Агар пулларингизнинг изидан борсангиз, сиз уларни йўқотишингиз ва ҳеч вақо олмаслигингиз мумкин».

9. Бир лаҳза билан яшанг.

Олтмиш ёшлар арафасидаги бир киши пенсия ҳақида эшитса, кула бошлайди. У ўзининг навбатдаги меҳнат таътили, янги чанғилари ҳақида сўз юритади. Бу одам аёли билан ажралган, «синиш»ни бошдан кечирган, саломатлигида муаммолар бор. Худди шунингдек, унинг ажойиб бизнеси, яхшигина уйи ва каттагина қарзи ҳам мавжуд. Таваккал иш қилса-да, бироқ у бахтли-тахтли, саодатли. Кўпчиликнинг худди шундай дўсти бор, яъни бир лаҳза билан яшайдилар. Ана шундай яшашни ўрганинг.

10. Ўзгаринг!

Аксариятимиз ўз митти оламимиз ва келажагимизга мослашган бўламиз. Миллионернинг орзуси келажагини кўриб, ўзининг энг ажойиб дунёсини яратишдир. Улар ўзга кишиларга ёрдам қилишни ёқтирадилар. Қобиғингиздан чиқиб ва танаффус қилиб, ҳаётнинг асл мазмунини топинг!

Миллионер бўлиш – ҳаммаси идрокингизда! Агар сиз тўғри муносабатни йўлга қўйсангиз, агар буни ҳис қилсангиз, агар ўзингизни миллионер деб ҳисобласангиз, сиз ўша ердасиз. Гулдастлар етказилган – демак, пуллар ўз-ўзидан кела бошлайди...

Акбар Фатхуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг