Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Озиқ-овқат масаласида эҳтиётсизлик оқибатлари аянчли бўлади

Озиқ-овқат масаласида эҳтиётсизлик оқибатлари аянчли бўлади

Фото: «Xabar.uz»

Ижтимоий тармоқларда ҳукуматни барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига импорт божлари ва акциз солиқларини бутунлай бекор қилишга чақирувлар кузатилмоқда. Уларнинг фикрича, бу жараён озиқ-овқат тақчиллигининг олдини олиб, нархлар ошишини чеклаши мумкин.

Бу фикрларга қўшилишда бироз эҳтиёткор бўлиш лозим. Бундай қарорлар замирида 35 миллионлик аҳоли тақдири ҳал қилинади. Дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги деган омиллар ҳам бор.

Тўғри, барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига импорт божлари ва акциз солиқларини бутунлай бекор қилиш маҳсулотлар таннархини маълум муддатга тушириши ва яна маълум муддат сақлаб туриши мумкин. Аммо бундай тадбир билан келажакка жавоб бериб бўлмайди. Арзончилик ҳақида сўз юритиб, халқ кўнглидан жой олиш ёқимли бўлиши мумкин. Бироқ келажакни ҳам ўйлашимиз даркор.

Озиқ-овқат маҳсулотларига импорт божлари ва акциз солиқлари бутунлай бекор қилинди ҳам дейлик. Кейинги сценарий нима бўлиши аниқ: озиқ-овқат импорти маълум бир шахслар томонидан монополлаштириб олиниши Ўзбекистонга хос бўлган жараён. Шуни унутмаслигимиз керакки, муқобили йўқ ҳар бир маҳсулот импорти монополист амалдорлар ихтиёрида қолади.

Мисол учун: биргина шакар бўйича 2018 ва 2020 йилда содир бўлган воқеаларни ёдга олайлик.

2018 йилда Ўзбекистонда шакар таъминоти импортёрлар қўлига ўтганидан кейин унинг нархлари мисли кўрилмаган даражада кўтарилиб кетди. Ундан сўнг 2020 йилдаги карантин вақтида ҳам Ўзбекистонда шакар муаммоси пайдо бўлди. Юқоридаги иккита ҳолат импортёрлар томонидан Ўзбекистондаги мавжуд иккита шакар заводлари фаолияти сунъий равишда синдирилгандан сўнг содир этилди. Муаммонинг таг замирига қарайдиган бўлсак, 2020 йил бошидан 31 декабрга қадар шакар импортига 20 фоизлик бож ҳамда 20 фоизлик акциз солиғи худди шу йилнинг 3 апрелидаги қарорга мувофиқ, бекор қилинган эди.

Жорий йилдаги шакар муаммоси ҳам ташқи таъсирлар оқибатида вужудга келганини айтиб ўтиш керак. Яъни, Россия ва Украина уруши бир маромида кетаётган логистикани издан чиқариб юборди. Ҳукуматимиз шакар хом ашёсини олиб келишнинг муқобил йўлларини топиб, келишувлар ўтказгунча шакар васвасаси ўз кучини кўрсатиб бўлган эди.

Озиқ-овқат масаласида импорт маҳсулотларига тобе бўлишнинг кейинги оқибатлари аянчли бўлиши мумкин. Айниқса, бугунги кундаги қалтис геосиёсий вазиятларда протекционизм жуда зарур. Ўзимиздаги ишлаб-чиқаришларни назорат қилиш мумкин. Аммо ташқаридан келаётган озиқ-овқатлар назоратни қўлга олиш амримаҳолдир.

Озиқ-овқатлар импортига имтиёзлар бериш – маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни мураккаб аҳволга солади. Натижада эса қанчадан-қанча одамлар ишсиз қолиб, ундан-да кўп аҳоли боқувчисиз қолиши аниқ. Ишсиз қолганлар эса чет эларга бориб бизга маҳсулотларини импорт қилаётган корхоналардан иш топиши ҳам мумкин.

2020 йилдаги оғир вазиятда Марказий Осиё давлатлари мавжуд шакар заводларини банкротликдан сақлаб қола олмади. (Биргина Қозоғистон охирги дамларда вазиятни ўнглашга улгурди). Натижада эса қўшниларимиз шакар муаммоси билан яшашга мажбур бўлишмоқда. Аниқироғи, дунёдаги ҳар қандай сиёсий ўзгаришлар қўшниларимиз озиқ-овқат хавфсизлигига таъсирни кўрсатяпти.  

Бугунги кунда, ҳаттоки ривожланган давлатлар ҳам озиқ-овқат захирасининг ташвиши билан яшамоқда.

Шу боис, Президентимиз озиқ-овқат масаласида масъул мутасаддиларга тез-тез кўрсатмалар бериб туриши, зарур ҳолларда махсус қарорлар ҳам чиқариши бежизга эмас. Чунки озиқ-овқат масаласига панжа ортидан қараб бўлмайди. Бунда миллионлаб халқимиз фаравонлигининг кафолати турибди.

Шуни ҳам ҳисобга олишимиз лозимки, импорт маҳсулотлар текинга келмайди, ҳаттоки, сўмга сотилмайди, ўзгалар фақат ва фақат валютага сотишини ҳам унутмаслигимиз даркор.

Шу жиҳатларини инобатга олиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимизни ҳам ўйлашимиз керак. Чунки улар бегона эмас. Улар – ўзимиз.

Шерали Отабоев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг