Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Паррандачилик бўйича 179 та лойиҳага кредитлар ажратилди

Паррандачилик бўйича 179 та лойиҳага кредитлар ажратилди

Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон соғлом бўлиши учун бир йилда ўртача 10 килограмм парранда гўшти ва 100 дан ортиқ тухум истеъмол қилиши зарур. Чунки улар парҳез маҳсулотлари ҳисобланиб, инсон организми учун жуда фойдалидир.

Парранда гўшти тез ҳазм бўлиш хусусиятига кўра, барча турдаги чорва моллари гўштидан устун туради. Таркиби ҳар хил кимёвий элементларга бой. Мазкур элементларни ҳисобга олган ҳолда, мамлакатимизда ҳам паррандачилик соҳасининг ривожи бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора–тадбирлар тўғрисида» 2021 йил 14 июндаги ПҚ-5146-сонли қарори билан республикада озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш шунингдек, паррандачилик йўналишидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор имтиёзлар берилди.

Жумладан, қўшимча қиймат солиғи тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 2500 сўм (24.01.2022 й. ПҚ-100) миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратиш жорий этилди.

Шунингдек, паррандачилик соҳасида фаолият юритаётган корхоналарга банклар томонидан ажратилаётган кредитлар бўйича имтиёзлар берилди.

Хусусан, 2025 йил 1 январга қадар қуйидаги мақсадлар учун ажратилаётган кредит бўйича Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан:

  • омухта ем ва паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи кичик тадбиркорлик субектларига айланма маблағларни тўлдириш учун тижорат банки томонидан ажратиладиган 10 миллиард сўмгача бўлган кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиз пунктидан ортиқ бўлмаган қисми;
  • паррандачилик лойиҳаларини амалга ошириш учун тижорат банки томонидан ажратиладиган 10 миллиард сўмгача бўлган кредит фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошган, бироқ 8 фоиз пунктидан ортиқ бўлмаган қисми қоплаб берилади.

Шу билан бирга, кам қувватда ишлаётган корхоналарнинг тўлиқ қувватда ишлашини таъминлаш ва озуқа заҳирасини шакллантириш мақсадида қуйидагилар учун кредитлар ажратилиши белгиланган:

  • паррандачилик хўжаликлари ва озуқа-эм маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда мавжуд қувватларни тўлиқ ишга тушириш учун 24 ойгача бўлган муддатга айланма маблағ ажратиш ва модернизация қилиш;
  • «Микрокредитбанк» АТБга йўналтириладиган мақсадли маблағлар ҳисобига бошқа тижорат банклари орқали тадбиркорлик субектларига ажратиладиган кредитлар ҳам молиялаштирилиши мумкин.

Микрокредитбанк томонидан қарор билан белгиланган вазифалар ижросини таʼминлаш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ҳудудларда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда мавжуд паррандачилик корхоналари фаолияти инвентаризатсиядан ўтказилиб, уларнинг мавжуд ишлаб чиқариш салоҳиятини тиклаш ва янада ошириш бўйича аниқ чора-тадбир белгилаб олинди. Хусусан:

  • ўтказилган қўшимча ўрганишлар натижасига кўра, парранда озуқаси заҳирасини заҳира қилиш ва ишлаб чиқариш қувватларини ошириш учун ҳудудлардан 201 та тадбиркорлик субектлари бўйича (181 тасига озуқа учун айланма маблағлар ва 20 тасига модернизация учун) 800 млрд.сўм банк кредитига талаб шаклланди.

Ўтган давр мобайнида ушбу талаб асосида жами 179 та лойиҳага 438,6 млрд. сўм кредитлар ажратиб берилди.

Шунингдек, паррандалар учун озуқа-ем ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш мақсадида, йиллик қуввати 181 минг тонна тайёр озуқа ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун 5 та лойиҳага жами 80,3 млрд. сўм кредитлар берилди.

Мазкур лойиҳалар тўлиқ амалга оширилиши эвазига йилига 1,3 млрд. дона тухум ва 74 минг тонна парранда гўшти етиштириш ҳамда 180,5 минг тонна тайёр озуқа ишлаб чиқариш қувватлари яратилади.

Паррандачилик йўналишда лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича банк томонидан ишлар давом эттирилмоқда.

Реклама

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг