Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Президент вазирликлар ва вилоят раҳбарлари ўзини қийнаб ишлаши зарурлигини таъкидлади

Президент вазирликлар ва вилоят раҳбарлари ўзини қийнаб ишлаши зарурлигини таъкидлади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Андижон вилояти ҳокимлигида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари каби Андижон вилоятида ҳам катта ўзгаришлар юз бермоқда. Хусусан, ўтган йили вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 12 фоиз, инвестициялар 19 фоиз ўсган. Жорий йил биринчи чоракда ҳам ўсиш суръатлари кузатилган.

Шунга қарамай, ҳали вилоятда имкониятлар кўплиги, иқтисодиёт диверсификация қилинмагани таъкидланди. Жумладан, вилоят саноатининг 80 фоизи Асака тумани ва Андижон шаҳрига тўғри келиб, бошқа туманларда саноат деярли ривожланмагани кўрсатиб ўтилди. Иқтисодий фаол аҳолининг кўпчилиги ишсиз, киши бошига тўғри келадиган хизмат кўрсатиш ҳажми етарли эмаслиги қайд этилди.

Шу боис Андижон вилоятида 2019-2020 йилларда амалга ошириладиган қиймати 25 триллион 181 миллиард сўм бўлган 908 та лойиҳадан иборат инвестиция дастури ишлаб чиқилди. Ушбу лойиҳалар жами 1,7 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий сармояни ўзлаштириш ва 35 мингдан зиёд иш ўрни яратишни таъминлайди.

Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истаги бўлган оилаларни аниқлаб, «Ҳар бир оила — тадбиркор» дастури доирасида 420 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши белгиланди.

Йиғилишда ижтимоий соҳаларни ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жорий йилда Андижон шаҳрида 14 та кўп қаватли арзон уй ва кўплаб тижорат уйлари, қишлоқ жойларда 224 та намунали уй-жой ва 56 та кўп қаватли арзон турар жойлар қурилиши маълум қилинди.

Президентимиз вилоят аҳолиси ўсиб бораётгани яна кўплаб уйлар ва қўшимча иш ўринлари, ижтимоий ва коммунал хизматлар ташкил этишни талаб қилиши, бунинг учун вазирликлар ва вилоят раҳбарлари узоқни кўзлаб, ўзини қийнаб ишлаши зарурлигини таъкидлади.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг