Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Тиббиёт ва таълим – «Ўзмиллийбанк» АЖ муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда

Тиббиёт ва таълим – «Ўзмиллийбанк» АЖ муҳим лойиҳаларни қўллаб-қувватламоқда

Ривожланаётган ва ривожланиш босқичида бўлган давлатларнинг ўзига хос иқтисодий ислоҳотлари унинг кўзланган кўрсаткичларга эришиши ва юқори натижаларни қўлга киритишининг муҳим омили саналади. Давлатимиз раҳбари томонидан истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги қонуний асослар бугун қатор тармоқ ҳамда соҳаларнинг юксалишининг кафолатига айланмоқда.

Биргина сервис йўналишида республикамизда амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар мазкур соҳа ривожида долзарб аҳамият касб этаётир. «Ўзмиллийбанк» АЖ эса бу борада ишбилармонларга ишончли молиявий ҳамкор сифатида фаол иштирок этиб келмоқда.

Банкнинг Матбуот хизмати ташаббуси билан ОАВлари вакиллари иштирокида Тошкент шаҳрига қилинган Пресс-тур давомида «Ўзмиллийбанк» АЖ билан айнан ҳудуддаги хизматлар йўналишида ҳамкорликда фаолият кўрсатаётган қатор тадбиркорлик субъектлари билан танишдилар.

Хабарингиз бор, сервис соҳасининг муҳим йўналишларидан бири бўлган тиббий хизмат пойтахтимизда самарали йўлга қўйилган. Бу эса ўз навбатида, аҳоли орасида касалликларни эрта аниқлаш ва тўғри ташхис қўйишнинг муҳим омили бўлаётир. Хусусан, Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида фаолият юритаётган «MADIMEDICAL» МЧЖга қарашли тиббий диагностика маркази жорий йилнинг аввалидан иш бошлади. Клиникада малакали ва тажрибали мутахассислар беморларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Маълумот учун, мазкур муассасанинг умумий лойиҳа қиймати 5 млрд. сўм бўлиб, шундан 1 млрд. 300 млн сўм банкдан кредит сифатида ажратилган ҳамда зарур тиббий ускуналар билан таъминланган. Асосийси, энг замонавий тиббий ускуналар орқали мураккаб лабороторик текширувлар ва муолажалар олиб борилади. Мазкур марказда тарбиркор томонидан 25 та янги иш ўрни яратилган.

- Дастлаб фаолиятимизни 2018 йилда бошлаганмиз, - деди тадбиркор Лола Аъзамова. - Шу вақтдан ҳозирга қадар Миллий банк хизматларидан фойдаланамиз. Йиллар давомида нафақат тиббий марказимизни жиҳозлаш, янги тиббий ускуналар олиш билан бир қаторда, шаҳримизнинг қатор ҳудудларида клиникамизнинг филиалларини ташкил этдик ва бунда албатта, банкнинг молиявий кўмаги муҳим аҳамият касб этди. Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида фаолиятини бошлаган ушбу тиббий муассасамиз банк билан ҳамкорлигимизнинг навбатдаги лойиҳаси бўлди. 2025 йилда амалга оширилиши кўзда тутилган катта лойиҳа устида ишлаяпмиз. Умид қиламизки, ушбу режамизни рўёбга чиқишида Миллий банк бизни яна қўллаб-қувватлайди.

Клиникада неврология, эндокринология, гинекология, кардиология, урология, стомотология, лор ва офтолмология каби қатор йўналишларда даволаш ишлари олиб борилади. Шунингдек, клиникада қатор тиббий йўналишлар бўйича жарроҳлик амалиётлари ҳам амалга оширилиши йўлга қўйилган.

Пресс-тур иштирокчилари клиника фаолияти билан бирга беморларнинг яратилган шароит ва мавжуд хизматлар борасидаги фикрларини ҳам ўргандилар.

-Аслида, яшаш ҳудудимизга яқин бўлган бу сингари тиббий муассасалар, хусусий марказлар етарли. Лекин мен доим шу марказ ва унинг шифокорларига мурожаат қиламан, - дейди Элеонара Абдуллаева. - Биринчидан, клиникада шифокорларнинг етарли малакаси, тажрибаси ва қулай тиббий хизматлар бўлса, иккинчиси, барча мутахассисларнинг хушмуомаласи биз каби беморларга янада куч ва қувват беради.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзмиллийбанк»АЖ сервис соҳасини ривожлантириш учун тегишли чораларни кўришда масъул банк сифатида бириктирилган.Шу муносабат билан, Банк томонидан республикамизда хизматлар соҳасини ривожланган давлатлар андозага мослаш, янги хизмат турларини жорий қилиш, аҳолига тайёр бизнес лойиҳаларни тақдим этиш ҳамда тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш каби тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Ўтган 3 йилда Тошкент шаҳрида «Ўзмиллийбанк» АЖ ташаббуси билан давлат тижорат банклари томонидан хизматлар соҳасидаги 30 мингта лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун жами 59 триллион сўмлик кредитлар ажратилди. Хизматлар соҳасида 40 мингта янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, бугунги кунда уларнинг уларнинг сони 90 мингтага етди. Шунингдек, хизматлар соҳасини ривожлантириш орқали қарийб 1 млн 200 мингта янги иш ўринлари яратилди.Хизматлар ҳажми 2,5 баробарга ўсиб, 80 триллион сўмдан 193 триллион сўмга етди. Аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми эса 2,1 баробарга ўсиб, натижада 30 миллион сўмдан 64 миллион сўмга етди.

Айтиш жоизки, ушбу эришилган натижалар билан бирга, пойтахтимизда сервис тармоғининг қатор йўналишлари, хусусан, меҳмонхоналар сони 335 тадан 847 тага ошиб, уларнинг қамрови 24 мингтадан 45 мингтага етди.Умумуий овқатланиш, ресторан ва кафелар сони 1,8 мингтадан 5 мингтага ошиб, уларда банд аҳоли сони 12 мингтадан 144 мингтага кўпайди. Хусусий таълим марказлари сони 131 тадан 1149 тага кўпайди ҳамда хусусий тиббиёт клинкалари сони 1179 тадан 1743 тага етди.

Донишманд халқимиз «Таълимга сармояни келажакка сармоя» деб билади. Бежиз эмас албатта. Бугун ёшларимизнинг илм-фан борасида қўлга киритаётган муваффақиятлари замирида давлатимиз томонидан таълимга берилаётган жиддий эътиборнинг натижасини кўриш мумкин. Қолаверса, сўнгги йилларда хусусий таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва улар фаолиятини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар мазкур соҳадаги соғлом рақобатни вужудга келтирди. Бу борада керакли тажрибага эга «International School Lumos Mind» хусусий таълим муассасаси шулар жумласидандир. Лойиҳанинг умумий қиймати 35 млрд. сўмни ташкил этади. Шундан банк ҳисобидан 12 млрд. сўм миқдорида кредит маблағи ажратилган. Бугунги кунда таълим муассасасида 87 нафар ходим фаолият олиб боради. Ўқув маскани 1000 ўринга мўлжалланган. Ҳозирда ушбу мактабда 800 нафардан ортиқ ўқувчи билим олмоқда. Мактаб хорижий тиллар ва аниқ фанларни ўқитишга ихтисослашган.

Пресс-тур иштирокчилари мазкур таълим муассасаси фаолияти билан танишиб, тадбиркорнинг келгуси режалари тўғрисида батафсил маълумотга эга бўлишди.

- Ушбу мактабни ташкил этишда, аввало, хориж тажрибаларини пухта ўрганиб, сўнгра лойиҳани амалга оширишга қарор қилганман, - деди тадбиркор Мавлон Турсунов. - Сабаби бугун давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорларга берилаётган эътибор, фаолиятимизни қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий чора-тадбирлар ишбилармонларда ҳам катта масъулият ҳиссини уйғотди. Банк томонидан ажратилган имтиёзли кредитлар йирик лойиҳамизни ишга тушишида энг катта омил бўлди. Ҳали фаолиятимизни ривожлантириш борасидаги кўзланган мақсадларимиз олдинда. Ишонаманки, Ўзмиллийбанк биз билан ҳамкорликда давом этади ва биз унинг хизматларидан фойдаланишдан мамнунмиз.

Ҳадемай республикамизнинг барча таълим даргоҳларида янги ўқув йили старт олади. Шу боис хусусий мактабда ҳам бошланажак ўқув йили учун ҳозирлик авжида. Пресс-тур иштирокчилари вазиятдан фойдаланган ҳолда ота-оналарнинг ҳам фикрларини ўргандилар.

- Мазкур мактабда иккита фарзандим ўқийди,-деди Матлуба Рустамова. - Бу муассасани танлаганимизнинг асосий жиҳати, фарзандларимизнинг хавфсизлиги бўлса, иккинчиси, қатор фанлардан хорижлик ўқитувчиларнинг ўқувчиларга билим беришига имконият яратишгани бўлди. Қолаверса, болаларим мактабга мажбурият учун эмас, ўзи хоҳлаб келиши ота-она сифатида бизни ҳам қувонтиради.

 

Бунинг асосий сабаби эса таълим муассасасида турли қизиқарли тўгараклар ва спорт машғулотларининг йўлга қўйилгани бўлса ажабмас.

Журналистларни эътиборини тортган жиҳати эса мактабнинг коридорлари ва фойеларидаги китоб жавонларида ўзбек ва жаҳон адабиётининг энг дурдона асарлари ўрин олганлиги бўлди. Бу ерда нафақат ўқитувчи ҳамда ўқувчилар, ота-оналар ҳам маънавий завқ олиши учун барча шароитлар яратилган.

- Даставвал менга бу ерда ишлаш таклифини беришганда иккиланганман, - деди инглиз тили фани ўқитувчиси Sam Anis. - Лекин келиб, мактаб билан танишгач, болалардаги иқтидор ва қизиқишдан сўнг менинг жойим шу ер эканлигига ишонч ҳосил қилдим. Бугун бу ерда мен сингари хориждан келиб ишлаётган ўқитувчилар кўп. Муҳими, биз бу ерда ўзбек ҳамкасбларимиз билан ҳамжиҳатликда тажриба ва билимимизни ўртоқлашган ҳолда иш олиб бораётганимиздир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг