Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

10 дақиқадан қисқа телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга йўл қўйилмайди

10 дақиқадан қисқа телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга йўл қўйилмайди

Иллюстратив фото

Бугун, 7 март куни Сенатнинг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиши режалаштирилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Хусусан, янги таҳрирдаги «Реклама тўғрисида»гиқонун кўриб чиқилди. Таъкидланишича, амалдаги қонунчилик ҳужжатларида умумий тусга эга бўлган ва ишламайдиган нормалар мавжуд, улар реклама фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмаяпти, ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўляпти.

2021 йилда реклама соҳасида 15 486 та қонунбузарлик ҳолати аниқланган: ташқи реклама ва бошқа рекламаларда — 10 249 та, дарахтлардаги реклама ва эълонларда — 3 416 та, дори-дармон ва биологик фаол қўшимчалар рекламасида — 658 та, тамаки ва алкогол маҳсулоти рекламаси — 499 та, букмекерлик ва тотализаторлар хизматлари рекламасида — 260 та, маданий мерос объектлари бўйича — 150 та, хусусий таълим ва тиббиёт муассасаларида — 110 та, рағбатлантирувчи конкурс ва акцияларда — 103 та ҳолат қайд этилган.

Янги таҳрирдаги қонунга қонуности ҳужжатлар нормалари ҳам киритилмоқда.

Қонунга амалиёт ва хорижий тажриба таҳлили асосида рағбатлантирувчи реклама акцияларини ташкил этиш ва ўтказишга оид нормалар киритилган. Хусусан, тегишли мукофот фондисиз рағбатлантирувчи реклама акцияларини ўтказиш тақиқланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилиши, қўшимча равишда унинг таржимаси бошқа тилларда такрорланиши мумкинлиги белгиланмоқда.

Қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рекламага қўйиладиган талаблар кучайтирилиб, янги нормалар киритилмоқда.

Хусусан, дарсликлар ва дафтарларда реклама жойлаштириш, реклама нархларини хорижий валютада кўрсатиш, ахлоқ ва маънавиятнинг умумқабул қилинган нормаларига зид келувчи шакл, ибора, ва образлардан фойдаланиш, товарнинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчидан яшириш тақиқланмоқда.

Шунингдек, айрим турдаги реклама воситалари орқали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланмоқда. Жумладан, телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати учун йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас. Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди. 

Қонуннинг яна бир муҳим жиҳати она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланмоқда.

Сенаторлар муҳокама жараёнида Қонунда баён этилган айрим моддаларнинг амалиётга татбиқ этилиши билан боғлиқ ҳолатларга ҳам эътибор қаратди.

Шунингдек, мажлисда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директорининг давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар ушбу соҳада тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ва ўз ечимини кутаётган масалалар мавжудлигини кўрсатди.

Хусусан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича методика ишлаб чиқилмаган. Оқибатда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индексини аниқлаш ишлари амалга оширилмай қолган.

Очиқ ва доимий эълон қилиб борилиши лозим бўлган маълумотларни расмий веб-сайтлар ва очиқ маълумотлар порталида (data.egov.uz) жойлаштириш шакли, вақти, тартиби акс этган алоҳида йўриқнома ишлаб чиқилмаган.

Давлат органлари ва ташкилотлари  кесимида таҳлил шуни кўрсатмоқдаки, зарур маълумотлар кўпинча Маданият вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Маданий мерос агентлиги, Хоразм, Навоий, Самарқанд ва Бухоро вилояти ҳокимликлари томонидан жойлаштирилмайди.

Мажлисда кун тартибидаги масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг