Абдуллоҳ Тоҳиров қайси идора қўлида?
Андижонлик 20 яшар Абдуллоҳ Тоҳировнинг кутилмаганда йўқолиб қолиши воқеалари борасида хабар қилинганди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи матбуот хизмати мазкур воқеа юзасидан расмий баёнотини эълон қилди.
Унда айтилишича, «Ёшлар иттифоқи мазкур вазият бўйича бир неча кун аввал ўрганиш ишларини бошлаган. Абдуллоҳ Тоҳиров иши билан Ички ишлар вазирлиги эмас, балки бошқа идора шуғулланмоқда ва тез орада бу ҳолат бўйича расмий маълумот берилади».
«Биз имконимиз борича Абдуллоҳ ва унинг яқинларига ёрдам қўлини чўзишга тайёрмиз. Айни вақтда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан ҳолатга ойдинлик киритиш ва аниқ тафсилотлар олишга ҳаракат қилмоқда.
Биз жараённинг очиқ ва шаффоф ўтиши, ҳолат билан боғлиқ аниқ маълумотларнинг жамоатчиликка тезроқ тақдим қилинишини истаб қоламиз» - , дея тугалланган ташкилот баёноти.
Ҳаммаси 26 октябрь куни эрталаб Абдуллоҳ Тоҳировнинг Қўрғонтепа туманида йўл-транспорт ҳодисаси содир этганидан кейин бошланган. У қариндошининг «Lacetti»сида «Nexia-2» русумли автомашинани туртиб юборади. Кейинчалик маълум бўлишича, «Nexia-2» Андижон вилояти ИИБ Терроризмга қарши кураш бошқармаси бошлиғи, подполковник Қаҳрамон Эргашевга тегишли бўлган.
27 октябрь куни Абдуллоҳ вилоят ИИБга чақирилган ва дом-дараксиз кетган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter