Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Амалдаги 40 та санитария нормалари қайта кўриб чиқилади

Амалдаги 40 та санитария нормалари қайта кўриб чиқилади

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев 22 январь куни соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббиёт сифатини ошириш бўйича кўплаб вазифалар белгиланган. Бу ислоҳотларни жадаллаштириш ва ҳаётга самарали татбиқ этиш мақсадида халқаро экспертлар иштирокида таклифлар ишлаб чиқилди.

Унга кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасида давлат муассасаси шаклида «Соғлиқни сақлаш лойиҳалари маркази» лойиҳа офисини ташкил қилиш таклиф этилмоқда. У давлат тиббий суғуртаси тизимини ҳамда давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакетини тўлиқ жорий этиш, тиббий хизматлар сифати ва хавфсизлиги устидан назорат тизимини кучайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, тиббий таълим тизими ва илм-фан соҳасини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш каби йўналишларга масъул этиб белгиланади. Шунингдек, бу марказ рақамли технологияларни кенг жорий қилиш, давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини жадаллаштириш, хусусий секторни кенгайтириш, давлат харидлари шаффофлигини ошириш, фармацевтика соҳасини ислоҳ қилишга кўмаклашади.

Лойиҳа офиси фаолиятига ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассислари, шунингдек, хорижий эксперт ва маслаҳатчилар шартнома асосида жалб қилинади.

Соғлиқни сақлаш соҳасида белгиланган ислоҳотлар етук кадрлар салоҳиятини талаб этади. Шу боис бу борада бир қанча чора-тадбирлар кўзда тутилмоқда.

Жумладан, Тошкент тиббиёт академиясининг таълим дастурлари халқаро аккредитациядан ўтказилади. Унда жамоат саломатлиги, профилактик тиббиёт, жисмоний фаоллик ихтисосликлари бўйича магистрлик йўналишлари очилади. Тиббиёт йўналишидаги талабалар билимини халқаро тан олинган тизим асосида, икки босқичда давлат имтиҳонлари орқали баҳолаш йўлга қўйилади.

Келгуси ўқув йилидан бошлаб, ҳудудлардаги эҳтиёждан келиб чиқиб, тиббиёт олийгоҳларининг 200 нафар битирувчиси магистратура ва клиник ординатура дастурлари асосида етакчи хорижий таълим муассасаларида ўқитилади.

Шунингдек, ихтисослаштирилган хирургия, кардиология, эндокринология, дерматовенерология ва косметология марказлари, Болалар миллий тиббиёт маркази ҳамда Миллий тиббиёт маркази халқаро аккредитациядан ўтказилади.

Жорий йилда амалдаги 40 та санитария қоида ва нормалари қайта кўриб чиқилиб, халқаро стандартларга мувофиқлаштирилади.

Давлатимиз раҳбари бу таклифларни маъқуллаб, мазкур устувор йўналишларни амалга ошириш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлаш бўйича топшириқ берди.

Президент Шавкат Мирзиёевга спорт соҳасида эришилган натижалар ва халқаро мусобақаларга кўрилаётган тайёргарлик бўйича ахборот берилди.

Мамлакатимизда спорт анча оммалашган, ёшлар спортсевар. Давлатимиз раҳбари ғояси билан ташкил этилган «Беш ташаббус олимпиадаси» жисмоний маданиятни янада кенг ёйишга хизмат қилмоқда.

Ўтган йили мазкур олимпиада доирасидаги мусобақаларида 6 миллион 400 минг нафар ёшлар қамраб олинди. Спорт инфратузилмаси яхши ривожланмаган, олис ва чекка ҳудудлардаги маҳаллаларда 449 та намунавий спорт майдончаси барпо этилди.

Беш босқичли оммавий мусобақаларда қарийб 12 минг нафар иқтидорли ёшлар танлаб олиниб, спорт мактабларига йўналтирилди. Соҳадаги ҳар бир мактаб муайян спорт турларига ихтисослаштирилиб, янги инвентар ва анжомлар билан таъминланди. Буларнинг натижасида миллий терма жамоаларга спортчи етказиб бериш кўрсаткичи ҳам ошмоқда.

Профессионал спортчиларни халқаро мусобақаларга тайёрлаш бўйича ҳам зарур чоралар кўрилмоқда. Айни кунларда Жанубий Кореяда ўтаётган ўсмирлар ўртасида IV қишки олимпия ўйинларида тоғ чанғиси бўйича спортчиларимиз иштирок этмоқда.

Маълумки, бу йил Париж шаҳрида тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақаси – ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари бўлиб ўтади. Ҳозирга қадар атлетларимиз уларга, мос равишда, 17 та ва 34 та йўлланмани қўлга киритган. Спортчиларимизнинг яна йўлланмалар олиши ва мусобақага пухта тайёргарлик кўриши учун барча шароит яратилган.

2025 йилда Тошкентда ўтказилиши режалаштирилган ёшлар ўртасида Осиё ва Параосиё ўйинларига ҳам тайёргарлик кўрилмоқда. Олимпия шаҳарчаси қурилиши жадал давом этмоқда.

Жорий йилда ижтимоий дастурлар доирасида 42 та спорт иншооти қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. 

Давлатимиз раҳбари спорт таълимини ривожлантириш, спортчиларни халқаро мусобақаларга тайёрлашда илғор ёндашувларни қўллаш бўйича кўрсатмалар берди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг