«Бечора ўқитувчи»
Кейинги пайтларда «ўқитувчи» деган сўзга «бечора» сўзи эргашадиган бўлиб қолди. Бунинг албатта жиддий сабаблари бор ва бу сабаблар журналистлару блогерлар томонидан ОАВ ҳамда интернетда обдан таҳлил қилиб берилди...
Одатдагидек иш кунларининг бирида хонамиз эшиги беозор тақиллади ва ичкарига ёши элликлардан ўтган бир эркак кириб келди. Салом-аликдан сўнг қўлидаги нарсани кўрсатиб, сотиб олишимизни таклиф қилди. Таклиф қилган нарсаси чиройли қутидаги пичоқлар тўплами экан. Қизиқсинганимиздан руҳланган сотувчи молини мақтай кетди: «германский» тоза мол, буниси ундоқ учун, буниси бундоқ учун, ҳатто табака кесиш учун қайчиси ҳам бор...
Турли ўлчам ва мақсадга мўлжалланган ажойиб пичоқларни қўлма-қўл қилар эканмиз, биримиз қўйиб биримиз мақтай кетдик: ҳа зўр экан, вуй ўткирлигини, ошхона кўрки-ку...
Ниҳоят, сабрим чидамади:
— Нархи қанча ўзи?
Сотувчи саволимга эътибор бермагандай яна молининг хусусиятларини санай кетди, гап орасида бозорда бунақа асл нарсалар анча қимматлигини, фирмадан шахсан ўзи олгани учун арзон сотишини қистириб ўтди.
— Хўп, нархини айтинг, нархини, – мендан аввал бошқа ҳамкасбларим олиб қўядигандек бетоқатландим.
— 170 минг... бозорда...
Нархини эшитиб, ҳамкасблар бир-биримизга қарадик. Қўлма-қўл бўлиб пичоқлар жимгина бир жойга йиғила бошлади. «Қимматроқ экан», «Молингизга гап йўқ, лекин...», «Ҳали ойлик олмагандик»...
Вазият ўзгариб кетганидан сотувчи асабийлаша бошлади. «Бу пулга нима бераяпти ҳозир... Бозорда бунданам қиммат... Бунақасини тополмайсизларам... келиштираман агар олсангиз...».
— Юз минг бўладими? – мақсадга кўчақолдим.
Молини ерга уриб қўйдим шекилли, ростанам жаҳли чиқди, юзлари қизариб кетди. Бошқа ҳамкасбимиз вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди: «Ака, тўғри тушунинг, биз ҳам ойликка яшайдиган журналистлармиз. Жур-на-лист!».
Бироз ўзини босиб олган сотувчи энди кўзларини пирпиратганча дийдиёга ўтди.
— Тўғри, тушунаман, нима қилай, оддий бечора ўқитувчи бўлсам, қиз чиқаришим керак, қуруқ ойлик билан тўй қилишнинг ўзи бўладими, шунга шу ишни қилишга мажбурман-да. Жа, кўп қўймайман устига, арзимаган пул қолади...
«Бечора ўқитувчиман» деган сўзидан барчамиз сергак тортдик. Ҳамманинг кўнгли алланечук ғалати бўлиб кетгани нигоҳлардан сезилиб турарди.
— Юз йигирмага беринг унда...
— Тўғри келса берардим, сотганим фойда-ку, айтаяпману ўқитувчиман ўзим... Нақд пул бўлмаса пластикдан ҳам ўтказиб беришингиз мумкин.
— Бир юз эллик мингга беринг, пластигингизга ўтказиб бераман, – рўпарамдаги ҳамкасбим дангалини айтди-қўйди.
— Майли, сизлар ҳам ўзимга ўхшаган экансизлар, келишдик.
Шундай қилиб ҳамкасбимиз 150 мингни унинг пластик рақамига ўтказиб берди. У хурсанд бўлди. Яна албатта келишини, бунданам зўр тўпламлари борлигини айтиб чиқиб кетди.
У кетгач яна пичоқларни бир-бир кўздан кечирдик. Ҳамкасбимизни омадли хариди учун алқадик.
— Яхши қилдингиз, келин роса хурсанд бўлади-да...
— Ўзиям зўр пичоқ экан... Табака қирқадиган қайчисини қаранг...
— Савобга қолдингиз, бечора ўқитувчи экан...
— Кейинги гал биз ҳам сотиб оламиз...
— Ўзиям соплари фил суягиданми дейман...
Мақтовлару ташбеҳлардан ҳамкасбимиз оғзининг таноби қочиб завқланарди.
...Орадан икки кун ўтиб, «Абу Сахий»га бордим. Керакли нарсаларни харид қилиб қайтарканман, кўзим шундоқ пичоқлар тўпламларига тушди. Ҳамма ёқда шунақа тўпламлар, ҳатто ерларга ҳам уюб ташлашибди. Турли-туман қутиларда, бир-биридан чиройли... Худди ўша ўқитувчи сотиб кетганларидан ҳам бор. Табиийки, нархлари билан қизиқдим. «Ҳойнаҳой 200 мингдир-ов», – хаёлимдан ўтказдим тўпламларга яқинлашарканман. – «Албатта қиммат бўлади-да, ўқитувчи бизга арзон сотиб кетди-да, барака топсин бечора. Бу ердаги нархни ҳамкасбимга айтсам харидидан яна бир карра хурсанд бўлади».
— Танланг, ака, қайси бирини кўрсатай?
Хаёлимни йиғиб олмасимдан сотувчи йигит қўлимга битта қутини тутқазди.
— Қанча экан? – саволим, барибир сотиб олмайман, қимматлигини биламан дегандек эшитилди ўзимга.
— Ўзига қараб, ака, мана шу қўлингиздаги эллик минг, ками бор, акажон.
— Нима, эллик минг! – алдамаяптими ишқилиб, ҳалиги...
— Айтдиму, ака, ками бор деб, сўранг, жа қиммат айтмадиму...
— Йўқ-йўқ, қиммат эмас, – аввалига нима дейишни билмай қолдим, – ҳалиги бунингиз сифатсизми дейман, яхшироғи йўқми? Ҳалиги «германский»си...
— Ака, «граница»дан ўтиб ўзим олиб келаман Қозоғистондан. Мана, хоҳлаганингизни танланг, айтяпману ўзига, метали кўп ё озлигига қараб-да энди. Эллик мингдан бошланади. Сиз танланг. Нархини келишамиз, бу бозор-ку.
Қидириб топдим, мана ўша ҳамкасбимга пулланган энг қиммати. Очиб ҳам кўрдим, худди ўзи, пичоқлар сони ҳам, кўриниши ҳам, инглизча ёзувлариям, ҳатто табака қайчилайдиган қайчиси ҳам бор: «Шуниси қанча?».
— Молнинг фарқига бораркансиз, – нарсаси қолиб ўзимни мақтай кетди сотувчи. Уларни иши шу-да, чолниям ота деб матоҳини ўтказишади. – Буниси сал қимматроқ, лекин сизга арзонлаштираман, ака.
— Хўш, қанча экан? – авраб бўпсан, хаёлимдан ўтгани шу бўлди.
— Саксон минг, сизга 75 мингга бераман. Бозорда бундан арзонини тополмаймиз, бошқалар ўзи мендан олиб кетиб сотишади. Ўзингиз истаган энг яхшиси шу, «германский», ўзим «граница»дан ўтиб...
Сотувчи яна нималарнидир тинмай гапирар, пичоқларнинг ҳали унисини, ҳали бунисини қўлига олиб мақтарди: «Ака, пулингиз ёнингизда кетади»...
Ҳеч нима демадим, қўлимдаги қутини сотувчига тутқаздиму тез юриб бозордан чиқиб кетдим. Ортимдан унинг овози келди: «Ҳов, ака, олинг, 70 мингга бераман сизга»...
Кетарканман қулоғим остида «бечора ўқитувчи»нинг сўзлари жаранглади: «Яна келаман, сизлар ҳам ўзимга ўхшаган экансизлар...».
Алқисса: эшигингизни тақиллатиб келган ҳар қандай «бечора»га ишонаверманг...
Усмонжон Йўлдошев, журналист
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter