БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббусини бир овоздан қабул қилди

2025 йил 29 апрелда БМТнинг Ню-Йоркдаги бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси Ўзбекистон ташаббуси билан 29 апрелни Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни деб эълон қилиш тўғрисидаги резолюцияни бир овоздан қабул қилди.
Ҳужжатга дунёнинг барча минтақаларидан 80 дан ортиқ давлат ҳаммуаллифлик қилган.
Резолюция Ўзбекистон Президентининг зилзила қурбонларига ҳурмат кўрсатиш ва бу борада халқаро ҳамкорлик зарурлигини эслатиш мақсадида хотира ва бирдамлик кунини таъсис этиш тўғрисидаги ташаббусига асосланган.
2023 йил 16 март куни бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида давлат раҳбари томонидан фавқулодда вазиятлар бўйича ихтисослашган халқаро тузилмалар билан амалий ҳамкорликни кучайтириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилганди.
Халқаро зилзила қурбонларини хотирлаш куни илк бор 2026 йил 29 апрел куни нишонланади. Бу сана 1966 йилда Тошкент шаҳрида содир бўлган вайронкор зилзиланинг 60 йиллиги муносабати билан белгиланди.
Зилзилалар энг ҳалокатли табиий офатлардан биридир. Улар барча табиий офатлар орасида нисбатан кичик улушни ташкил этишига қарамай, кўпинча энг фожиали оқибатларга олиб келади.
Резолюция БМТГА аъзо давлатлар, БМТ тизимидаги муассасалар ва бошқа халқаро ташкилотларни Халқаро кунни нишонлашга, хусусан, аҳолини хабардорлигини ошириш, фавқулодда вазиятларга чидамлилик ва тайёргарликни кучайтиришга қаратилган ахборот-тарғибот тадбирларини ўтказиш орқали кўмаклашишга чақиради.
Ҳужжатнинг қабул қилиниши жаҳон ҳамжамияти томонидан юқори баҳоланди. Дунёнинг турли бурчакларида зилзилалар тез-тез содир бўлаётган шароитда ушбу ташаббуснинг долзарблиги алоҳида таъкидланмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter