Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бугунги ва ўтмишдаги совуқлар: қайси бири кучлироқ?

Бугунги ва ўтмишдаги совуқлар: қайси бири кучлироқ?

Фото: «Xabar.uz»

Ўзбекистон Республикасида гидрометеорологик кузатувлар тарихида совуқ қиш мавсумлари тўғрисидаги маълумот берилди.

Қайд этилишича, метеорологик кузатувлар тарихида Ўзбекистонда кўплаб совуқ қишлар бўлган. Жумладан, 1968-1969 йиллар қиши энг совуқ келган. Ушбу қиш мавсумида республиканинг кўплаб ҳудудларида минимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекордлари қайд этилган эди.

Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида метеорологик кузатувлар тарихидаги энг паст ҳаво ҳароратлари 1972 ва 1977 йилларда кузатилган бўлиб, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятининг шимолида ушбу йилларда ҳаво ҳарорати -33 -36 ва Устюрт платосида -38 -40 даража совуқ кузатилган.

Сўнгги 50 йил ичида энг узун ва совуқ қиш мавсуми 2007-2008 йилларда қайд этилган бўлиб, совуқ давр декабрь охиридан февраль ойининг ўрталарига қадар давом этган. Республика ҳудуди бўйича ҳарорат минус 17-22 даража совуқгача, баъзи жойларда -24-26 совуқгача, Қорақалпоғистон Республикаси ва чўл ҳудудларида -30-33 даража совуқгача пасайган.

Тошкентда 2008 йил қишида ҳаво ҳарорати -17,4 даража совуқгача, 1974 йилнинг январь ойида -18,6 даража совуқгача пасайган. Бугунги кунда пойтахтимизда давом этаётган аномал совуқ  сўнгги 50 йил ичида январь ойида кузатилган энг паст кўрсаткични тақдим этди. Яъни 2023 йил 13 январь тонгда -19,8 даража совуқ ҳарорат қайд этилди.

Тошкент шаҳрида 1969 йил қишда термометр устуни -23,1 даража совуқгача тушган бўлса, минимал ҳаво ҳароратининг мутлақ рекорди 1930 йил декабрь ойида -29,5 даража совуқни ташкил этган.

Ўзбекистоннинг табиий иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда, текислик ҳудудларда барқарор қор қопламининг шаклланишига имкон берадиган кучли қор ёғиши кам учрайди. Натижада иқлимнинг кескин ўзгариши (бирдан совиб кетиши ва унинг ортидан исиб кетиши) қор тушганда ҳосил бўладиган қор қопламининг узоқ вақт давомида ер юзасидан турмаслиги ва бир неча кун ичида эриб кетишига олиб келади.

Бироқ, 1969, 1972, 1974, 1982, 1984, 2006 ва 2008 йилларда қиш фаслининг совуқ келиши билан бирга қор ёғиш давомийлигининг ортиши кузатилган. Оқибатда ушбу йилларда текислик ҳудудларимизда паст ҳароратнинг узоқ муддат сақланиб қолиши қорнинг тўлиқ эришига имкон бермасдан қор қоплами тўпланишига сабаб бўлган. Жумладан, республиканинг шимолий (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти) ва жанубий, жанубий-ғарбий (Қашқадарё, Сурхондарё, Бухоро, Навоий вилоятлари) ҳудудларида қор қопламининг баландлиги 15-25 см ни, марказий (Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари) ва шарқий (Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятлари) ҳудудларда 30-65 см ни ташкил этган.

Республиканинг тоғли ҳудудларида қорнинг максимал баландлиги 140-180 см га етган.

Тошкентда қор қопламининг максимал баландлиги 1969 йил кузатилган 54 см, жорий йил январда қор баландлиги 26 см ни ташкил этди.

Бугунги кунда юртимизда давом этаётган совуқ кунлар гидрометеорологик кузатувлар тарихидаги энг кучли совуқ эмас. Жорий йилнинг 12 январдан 13 январга ўтар кечаси кузатилган совуқ ҳарорат юртимизга антициклон таъсирида кириб келган совуқ ҳаво оқимларининг энг юқори нуқтаси эди.

Антициклон маркази 13 январдан Қозоғистоннинг жанубий вилоятлари орқали шарққа томон силжимоқда, бироқ унинг периферияси таъсирида бўлган Ўзбекистон ҳудудида совуқлар кучсизланган ҳолда келаси хафтага қадар сақланиб қолади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг