Италиядан келтирилган гул кўчатлари нега йўқ қилинди?
Самарқандда Италиядан олиб келинган гул кўчатлари йўқ қилинди, аниқроғи, ёқиб юборилди.
— Вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг ташқи иқтисодий фаолият давлат инспекторлари томонидан Самарқанд шаҳрига карантин остидаги маҳсулотларни олиб кириш билан боғлиқ қонун ҳужжатлари бузилгани аниқланди, — деди «Xabar.uz» билан суҳбатда вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Бахтигул Ғаниева. — Бунинг ортидан ўтказилган тадқиқот хулосасига кўра, мамлакатда бактериал касаллик қўзғатувчи зараркунанда тарқалишининг олди олинди.
Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳридаги гулчилик билан шуғулланувчи тадбиркор оила Италиядан 100 дона атиргул кўчати ҳамда 100 дона Гардения грандифлора гулларини олиб келган. Ушбу карантин ости маҳсулотларидан ташқи иқтисодий фаолият давлат инспекторлари томонидан қонунда белгиланган тартибда намуналар олинган ва Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг марказий фитосанитария лабораториясига экспертиза учун юборилган. Экспертиза хулосасига кўра, атиргул кўчатларида Эрвиния амиловора (Erwinia amylovora) бактериал касаллик қўзғатувчиси (данак мевали дарахтларнинг некротик доғланиш касаллиги), Гардения грандифлора гулларида эса цитрус оқ қаноти зараркунандаси борлиги аниқланган.
Гардения грандифлора гулларини намли зарарсизлантириш имкони борлигидан фойдаланиб, шу усул билан бу гул турлари сақлаб қолинди.
Карантин ости маҳсулотлари ҳисобланган 100 дона атиргул кўчатларини эса экспортёр давлатга қайтариб юборишнинг имкони йўқлиги сабабли, вилоят Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасининг масъул ходимлари ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ёқиб юбориш йўли орқали йўқ қилинган.
Италиядан Ўзбекистонга кўплаб ўсимлик ва гуллар турлари импорти қонуний тарзда йўлга қўйилган. Аммо, ўтган ойда Ўзбекистонга олиб киритилишига расман рухсати бўлмаган, Италиядан келтирилган 86 туп камелия гуллари, гарчи уларда касаллик аломатлари кўринмаса ҳам йўқ қилинган эди. Ваҳоланки, гуллар етиштирилган жой ҳақида аниқ хулосалар бўлмаганда, бошқа ҳудудда жараён қандай давом этишини ҳеч ким олдиндан айтолмайди, дейишади мутахассислар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter