Ўйламай ҳомиладор бўлиб, бола олдираётганлар сони ортмоқда (видео)
«Xabar.uz» сайти бугуннинг глобал муаммоларидан бирига айланган ва кўплаб хатарли касалликларнинг «уйғониши»га туртки бўлаётган «Аборт ва унинг асоратлари» ҳақида маълумот олиш учун Тошкент тиббиёт академиясининг 2-акушерлик ва гинекология кафедраси ассистенти, тиббиёт фанлари номзоди Гулмира Аҳмедова қабулида бўлди.
Дунёнинг турли нуқталарида бола режалаштиришнинг қулай ва хавфсиз усуллари борасида ҳамон мунозаралар учраб туради. Бугунга келиб, ҳатто, дин пешволари ҳам оила ва жамият соғлиги, бахту саодати учун режали оила қанчалик муҳимлигини тушуниб етган.
Бироқ шунга қарамай, пул топиш, карьера қилиш ёки ўйламай босилган қадам туфайли ҳомиладор бўлиб қолган, аммо фарзанд кўришни хоҳламай аборт қилдираётган аёллар сони тобора ортмоқда.
Азизларим, абортга ҳомиладорликдан сақловчи усул сифатида қараманг. Ҳар бир аборт кейинчалик ҳомиладор бўлишни қийинлаштиради ёки аёлни бир умрга бепушт қилиб қўяди. Шунингдек, у кўп қон кетиши ва инфекцияларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Тасаввур қилинг, вужудингизда кичик бир юракча уряпти, сиз эса уни яшашдан маҳрум этдингиз. Натижада кейинроқ ўзингизни айбдор билиб, руҳан эзиласиз, хатоингизни «ювиш» учун яна ҳомиладор бўлишга ҳаракат қиласиз, мабодо ўхшамай қолса, бир умр азобда қоласиз...
Аборт тақиқланган жойларда аёллар яширинча, қонунга хилоф равишда шароити йўқ, малакасиз одамларга учраб, бола олдиришади. Бундай аборт оқибатида минглаб аёллар ҳаётдан кўз юмади…
Агар аёллар ҳомиладорликдан сақланиш усулларини яхши билиб, улардан оқилона фойдаланишса, кўплаб асоратлар ва ўлимларнинг олди олинади.
Йигирмага кирмаган ва ўттиз беш ёшдан ошган ёки кўп бола туққан аёллар учун ҳомиладор бўлишдан кўра, ҳомиладорликдан сақланиш хавфсизроқдир.
Бола яшаб кетадиган даражада ривожланмай туриб, аёл ҳомиладорлигининг тўхтатилиши – аборт дейилади.
Мавзу юзасидан ўзингизни қизиқтирган маълумотларни видеосуҳбатдан олишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter