Ўзбекистон ҳайдовчилик гувоҳномалари Германияда тан олиниши мумкин
Ўзбекистонда берилган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини Германияда тўғридан-тўғри тан олиш имконияти кўриб чиқилмоқда. Бу масала Миграция агентлиги раҳбари ўринбосари Элёр Тоштемировнинг Германиянинг «Global Talent Alliance» ва «TSK Logistik» компаниялари вакиллари билан учрашувида муҳокама қилинди.
Музокараларда ўзбекистонлик фуқароларни Германиянинг транспорт-логистика соҳасига ишга жойлаштириш, уларни маҳаллий талаблар асосида тайёрлаш ҳамда виза расмийлаштиришдаги муаммоларни ҳал этиш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, автобус ва юк автомобили ҳайдовчиларини Германия иш берувчилари талаблари асосида тайёрлайдиган қўшма ҳайдовчилик мактабини ташкил этиш таклиф қилинди.
Учрашув якунида Миграция агентлиги ва «Global Talent Alliance» ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
Агентлик қўшма ҳайдовчилик мактабини ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Ҳайдовчилик гувоҳномаларини ўзаро тан олиш масаласи ҳозирча таклиф босқичида бўлиб, бу борада якуний келишувга эришилмаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter