Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Прокуратура ўқитувчилар ободонлаштириш ишларига жалб қилинганини тан олди

Прокуратура ўқитувчилар ободонлаштириш ишларига жалб қилинганини тан олди

Фото: «Xabar.uz»

Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани прокуратураси ўқитувчилар 14 март куни ободонлаштириш ишларига жалб қилинганини тан олди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар берди.

Айнан ўша кунги ободонлаштириш ишлари чоғида ёш ўқитувчи Диана Еникеева фожиали ҳалок бўлган эди.

Нашрнинг туман прокуратурасидаги манбаларига таяниб маълум қилишича, ободонлаштириш ишларини ўтказишда тегишли чораларни кўрмагани учун 29 март куни халқ таълими вазирининг буйруғи билан туман халқ таълими бўлими мудири А.Жуманазаров лавозимидан озод этилган.

Бундан ташқари, вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан 42-мактаб директори Н.Болтаева ишдан олинган ва директор ўриносари Х.Маматовга ҳайфсан эълон қилинган.

Прокуратура вакилларининг тасдиқлашича, мактаб директори ўринбосари ўқитувчиларнинг ободонлаштиришга олиб чиқилишини директор топшириғига биноан ташкиллаштиришган.

Мактаб директори Ўзбекистон меҳнат кодексининг 177-моддасини бузган деб топилган. Ушбу моддага кўра, иш берувчи ишчидан унинг меҳнат мажбуриятига кирмайдиган юмушларни бажаришни талаб қилишга ҳақли эмас.

«У дарҳақиқат ушбу моддани бузган, — қайд этган нашрнинг суҳбатдоши. — Бундан ташқари, у воқеа содир бўлган пайтда рухсатсиз Тошкентга кетган бўлган. Бу қоидабузарликлар учун у лавозимидан бўшатилди».

Аввалроқ Каттақўрғон ҳокимияти ва вилоят халқ таълими бошқармаси ўқитувчилар ободонлаштиришга олиб чиқилмагани, Диана Еникеева эса йўлни кесиб ўтаётганида «КамАЗ» юк машинаси томонидан уриб юборганини билдиришганди. Марҳуманинг ҳамкасблари эса бунинг тескарисини гапириб беришганди.

Самарқанд ҳокими Тўробжон Жўраев ҳодиса юзасидан фикр билдириб, ижтимоий соҳа вакиллари маҳаллий бошқарув органлари томонидан ҳудудни ободонлаштириш ишларига жалб қилинмагани ва жалб қилинмаслигини таъкидлаганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг