Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Прокуратура ёрдами билан она ва болаларнинг ҳуқуқлари тикланди

Прокуратура ёрдами билан она ва болаларнинг ҳуқуқлари тикланди

Фото: «Xabar.uz»

Прокуратура органлари аралашуви билан она ва болаларнинг бузилган  ҳуқуқлари  тикланди.

Қайд этилишича, фуқаролар А.П. ва О.П. 2008 йилда қонуний никоҳдан ўтиб, биргаликдаги турмушлари давомида икки нафар фарзандли бўлишган. 

Бу оиланинг қувончидан ҳурсанд бўлган Н.П. ўғли А.П.га 2015 йилда алоҳида уй-жой ҳадя қилиб, келини О.П. ҳамда икки нафар вояга етмаган набираларининг мазкур уйдан фойдаланиш ҳуқуқларини ҳам тасдиқлаб берган эди.

Бироқ, оиланинг фаровонлигини сақлаб қолишда А.П. мустаҳкам иродасини намойиш этиш ўрнига, 2019 йилда уйидан бош олиб чиқиб кетиб, марҳум онаси Н.П.га тегишли бўлган бошқа бир уйга кўчиб ўтди.

Буниси ҳам етмагандек, қонуний никоҳдаги турмуш ўртоғи О.П. ва икки нафар вояга етмаган фарзандларининг яшаши учун бошқа уйи ёки борадиган бирор-бир қариндоши ҳам йўқлигини била туриб, уларнинг ягона бошпанасини бошқа шахсга сотиб юборди.

Аслида уйни сотиб олган янги мулкдор шу йилнинг ўзида саккиз маротаба уй-жой олди-сотдисини амалга оширган шахс эди.

Ўз навбатида, янги мулкдор она ва болаларни уйдан суд орқали мажбурий тартибда чиқариб юбориш пайига тушиб, бунга ҳаттоки фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судининг 27.10.2020 йилдаги қарори билан эришди ҳам.

Бош прокуратура ҳамда Навоий вилоят прокуратураси томонидан мазкур фуқаролик иши О.П.нинг аризасига асосан ўрганилиб, суд қарорига нисбатан протест келтирилди.

Прокурор протестига асосан ишни Олий суднинг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриш жараёнида низоли уйнинг янги мулкдори ҳам, шу уйни сотиб юборишга эришган эр ҳам ишга чақирилган бўлишига қарамай, суд мажлисига келмади.

Айни пайтда эса Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 18.03.2021 йилдаги ажрими билан прокурор протестида кўрсатилган асосларга кўра, О.П. ва унинг икки нафар вояга етмаган фарзандлари ўзлари яшаб келаётган уйдан фойдаланиш ҳуқуқларини сақлаб қолишди.  Уларни ушбу хонадондан мажбурий тартибда кўчириш талаби эса ўз ўрнида рад қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг