Халқаро илм-фан соҳасидаги хотин-қизлар куни: идиш ювиш машинасидан... аррагача

Ихтирочи ёки олим деганда кўз ўнгимизда кўпинча эркаклар пайдо бўлади. Аммо улар орасида шундай кашфиётчи хотин-қизлар ҳам борки, ихтиролари ажойиб.
Масалан осмон жисмларининг координаталарини ўлчайдиган асбоб эрамиздан аввалги 370 йилда файласуф, астроном ва математик Гипатия Александра томонидан ихтиро қилинган.
Никол Барбе Клико 1808 йилда шампан виносида пайдо бўладиган чўкиндини тозалайдиган ва кристаллдек тиниқ бўлишга имкон берувчи филтрлайдиган техникани ишлаб чиқди. Технология ҳақиқий муваффақият қозонди – ичимлик сифатини сезиларли даражада яхшилади.
Табита Бэббитт олдинга ва орқага тортиладиган арра билан икки эркакнинг ёғоч кесишларини узоқ вақт кузатиб турди. Иккала одамнинг юки бир хил бўлса-да, арра олдинга силжигандагина ёғочлар арраланган, орқага қайтганида эса ҳеч қандай натижа кўринмаган. Бэббитт буни қувватни беҳуда сарфлаш деб ҳисоблади ва 1810 йилда думалоқ арра прототипини яратди, кейинчалик у арра саноатида қўлланила бошланди.
1845 йилда Сара Мэтр томонидан патентланган сув ости перископи эса кузатилган объектларгача бўлган масофани аниқлаш учун ишлатилади.
Гўштли консервани гўштхўрлар ўйлаб топган десангиз адашасиз. 1873 йилда Вена шаҳрида бўлиб ўтган Бутунжаҳон кўргазмасида Надежда Кожина гўшт консерваларини тайёрлаш усулини намойиш этди ва бунинг учун у ҳатто медал олди. Аёлнинг бу ихтироси уруш даврида ҳам қанчадан-қанча аскарларни очликдан сақлаб қолгани бу кашфиётнинг аҳамиятини кўрсатади.
Ўзининг севимли чинни идишлар тўпламидан бир нечта ликопчаларни синдириб қўйган Жозефина Кокрейн фақат идишларни ювадиган, уларни синдирмайдиган машинани 1886 йилда яратди, лекин орадан 40 йил ўтгачгина, ушбу қурилма зарур уй буюми сифатида тан олинди.
Тозалик нафақат уйда, балки кўчаларда ҳам бўлиши керак, деб ўйлади оддий котиба Синтия Вестовер ва 1892 йилда кўчаларни қордан тозалаш учун замонавий машина яратди.
Автомобилларнинг ойнасини тозалаш учун тозалагични аслида машина ихлосмандлари ўйлаб топган бўлса керак, десангиз адашасиз. Биринчи шиша тозалагичлар 1903 йилда Мери Андерсон томонидан ихтиро қилинган. Бўрон пайти ҳар дақиқада машинани тўхтатиб, олд ойнадан қорни қириб ташлашга мажбур бўлган ҳайдовчига раҳми келган аёл ўз ихтироси билан қанчадан-қанча нохушликларнинг олдини олишга ҳисса қўшган.
Мелитта Бенц туфайли қаҳвани севувчилар қайта-қайта қаҳва тайёрлашнинг зерикарли жараёнидан халос бўлишди. Мелитта ўзининг биринчи конус шаклидаги қаҳва фильтрини 1909 йилда мактаб дафтаридаги қоғоз варағидан ясаган.
Автомобилларнинг акустик фильтри 1917 йилда Элле Долорес Жонс томонидан ихтиро қилинган ва у экологиянинг ифлосланиши олдини олишга ҳисса қўшган.
Ҳозирги кунда болалар учун ишлаб чиқарилаётган тагликларнинг турли хили мавжуд. Аммо оналар ва чақалоқларнинг ҳаётини яхшилаган ушбу топилмани ким ихтиро қилгани ҳар биримиз учун қизиқ. У 1917 йилда ихтиро қилинган. Чарчаган она ва уй бекаси Марин Донован душ пардаси билан тикув машинаси олдига келди ва бир неча уринишлардан сўнг сув ўтказмайдиган таглик қопламаларини яратди. Бозорда аллақачон мавжуд бўлган каучук бўёқлардан фарқли ўлароқ, Донованнинг кашфиёти чақалоқ териси учун безиёнлиги билан тез орада оммалашиб кетди.
Ҳатто ўқ ўтказмайдиган кийимни ҳам аёллар ўйлаб топган. 1965 йилда олима Стефани Кволек пўлатдан беш баравар кучли бўлган синтетик матони ихтиро қилди. Унинг бу топилмаси минглаб полициячилар, ўт ўчирувчилар ва аскарларнинг ҳаётини сақлаб қолди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter