Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Самарқанд — замин сайқали. Шаҳарда қандай ўзгаришлар бўлади?

Самарқанд — замин сайқали. Шаҳарда қандай ўзгаришлар бўлади?

Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожланиш рейтингида Самарқанд шаҳри яшил ҳудудга киритилган эди. Бугун шаҳар ҳокими Бобурмирзо Саломов Халқ депутатлари кенгашида мурожаат билан чиқиш қилди. Ҳудудда амалга оширилаётган ишлар бўйича берилган ҳисоботдан сўнг шаҳар ҳокими ва журналистлар ўртасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Мулоқот давомида Самарқанд шаҳри йўллари, машина қўйиш жойлари, жамоат транспорти, ичимлик суви ва бошқа масалалар юзасидан савол берилди.

— Шаҳарда автомобиллар қўйиш жойи етишмайди. Ҳатто шаҳар ҳокимлиги олдида ҳам жой йўқ. Вазият шундайки, ҳатто ҳокимлик йиғилишига келганлар машина қўйишга жой топа олмагани учун жарима тўлашига тўғри келмоқда. Бу муаммо қачон ҳал бўлади?
— Тўғри савол берилди, дарҳақиқат шундай муаммо шаҳримизда бор. Самарқандда умумий ҳисобда 119 мингта хонадон ва 60 мингта транспорт воситаси мавжуд. Шаҳарга кириб-чиқадиган автомобиллар билан қўшиб ҳисобланганда кунига 100 мингта транспорт кўчаларимизда ҳаракатланади. Биз бу муаммони ҳал қилиш учун жамоат транспортини ривожлантиришимиз керак. Келгусида шаҳар атрофидаги ҳалқа йўли ва ички йўлларни ўзаро боғлайдиган тизим орқали тўлиқ кўчаларимизни қамраб олишни режалаштирганмиз. Ҳазорадан Сиёб бекатигача кўпроқ жамоат транспортларини қўйишимиз керак. Бизда кўчаларни кенгайтириш имконияти деярли йўқ. Чунки Самарқанд Юнеско қарамоғидаги шаҳар ҳисобланади ва кўчаларни ўзимизча бузиб, кенгайтира олмаймиз. Фақат жамоат транспортини кучайтириш ва кўчаларни бир томонлама ҳаракатга ўтказишимиз мумкин. Илгари битта маҳаллада 2-3 та машина бўларди, энди иккиталаб автомобилга эга хонадонлар ҳам бор. Албатта бу хурсанд қилади, аҳолимизнинг турмуш тарзи ошиб бормоқда. Аммо айнан шу ҳолат тирбандликни ҳам келтириб чиқармоқда. Биз шаҳардан ўтадиган йўлдаги юкламани қисқартирсак, сўнгра автомобил қўйиш жойлари учун майдонлар ажратишимиз мумкин.

Бу масалага ҳар томонлама ёндошув керак. Ҳисоб—китобга кўра Самарқандда 146 та қўшимча бекатлар қурилишимиз керак. Шаҳар бош режасига мувофиқ йирик саноат комплекслари олдида кўп қаватли автотураргоҳлар қурилади. Самарқанд шаҳри аҳолиси бир миллиондан ошиш арафасида. Шу бўйича «миллионли шаҳар» концепцияси қабул қилинган ва жойлардаги тирбандликни йўқотиш ишлари амалга оширилмоқда. Агар Самарқанд «миллионли шаҳар» бўлса, йирик сармоя кириб келади, ноухаулар амалга ошади, IT парклар қурилади. Шунга монанд шаҳарни ривожлантириш лозим.

— Самарқандда туризм салоҳиятини инобатга олиб, шаҳар ичидаги жамоат транспортини замонавийлаштириш, янги автобуслар қўйиш режаси борми?
— Ҳозир шаҳримизда 57 йўналишда 333 та автобус ҳаракатланмоқда. Биз мана шу тизимни такомиллаштиришимиз керак. Ёши катта авлод вакиллари яхши биларди, илгари бекатларда график илинган бўларди ва қайси автобус соат неччида келишини олдиндан аниқ билардик. Йўловчи ўзига ишонч билан йўлга чиқарди. Ҳозир ўша ишонч йўловчиларда қолмаган. Биз мана шу анъанани қайтаришимиз керак. Мутахассислар билан суҳбатда аниқладик, автобус йўналишини кўпайтиришдан кўра ҳар 4 дақиқада бекатга автобус келишини таъминлай олсак, самаралироқ бўларкан. Келаси йил сентябрига қадар Самарқанднинг марказий кўчасига тўртта йўналиш бириктирилади ва автобуслар оралиғидаги интервални йўлга қўямиз. Янги автобусларга келсак, ўзимизда чиқаётган замонавий автобуслар йўналишга қўйилган. Агар одамлар жамоат транспорти қачон ва қандай юришини аниқ аниқ билса, шахсий автомобилида юришдан воз кечади. Чунки жамоат транспорти фойдалироқ бўлади.

— Охирги 25-30 йил давомида транспорт борасида жуда кўп қарорлар чиқарилди, аммо бажарилмай қолиб кетди. Яхши биламизки, кўп давлатларда жамоат транспорти фойда келтирмайди, балки маълум миқдорда дотацияда туради. Самарқандда ҳам жамоат транспортига дотация ажратиш масаласини кўриб чиқиш керак эмасми?
— Тўғри масала кўтардингиз. Афросиёб — тарихий кўча ва у туризмга мослаштирилган. Бу ерни шаҳар билан боғлайдиган тизим жорий этамиз. Йўловчилар қулайлиги учун Афросиёбда дўконсиз бекатлар қурилиши кўзда тутилган. Аниқ интервал асосида юрадиган жамоат транспорти қўя олсак, муаммо ҳал бўлади. Аммо бир нарсани тўғри тушунинг, 25 йил олдин йўқолиб кетган тизимни бир кунда қайтариб бўлмайди, ҳаммаси аста-секин яхшиланади.

Юртбошимиз топшириғидан сўнг уч-тўрт кун фақат транспорт билан шуғулландик. Муаммоларимиз бор, масалан бекат етишмаслиги ҳам бир масала. Бекат бўлмаса автобус ҳам тўхтамайди. Транспорт тўхтаб ўтадиган жойларни давлат хусусий шерикчилиги асосида ташкил этишимиз керак. Бекатда банкоматлар, реклама роликлари ва дўкон бўлиши шарт. Шунингдек автобуслар графиги ҳам осилган бўлиб, унга амал қилиш жамоатчилик назоратида бўлиши шарт. Самарқанднинг ижобий ва салбий жиҳатлари бор бўлиб, айнан жамоат транспортига ўзимиз ҳам қониқарсиз баҳо берганмиз. Бугун нафақат шаҳарнинг ички кўчалари, балки туманлар билан ҳам боғлайдиган йўллар бўйича ҳам архитекторлар билан маслаҳат олиб боряпмиз.

Дотация масаласи келадиган бўлсак, ҳозирда фақат Тошкентда жамоат транспорти дотацияда туради, Самарқандда бу нарса йўқ. Аммо шахсан Президент Шавкат Мирзиёев ушбу масалани кўтариб чиққан ва аҳоли талабидан келиб чиқиб дотация ажратиш лозимлигини таъкидлаб ўтган. Ҳозирда йўл ҳақининг қанча қисмини компенсация қилиш масаласини кўриб чиқмоқдамиз. Албатта буни туман бюджети билан ҳал қилиб бўлмайди, вилоятни қўшиш керак. Ҳаммаси пулга бориб тақалади, қолаверса пандемия вақтида ҳолат қанақалигини ўзингиз яхши биласиз. Ҳозирча ҳисоб-китоб ишлари олиб бориляпти. Ҳаммаси тугагандан сўнг яна маълумот берамиз.

— Самарқанд аҳолисининг бир қисми Зарафшон дарёсининг нариги қирғоғидаги аҳоли пунктларида яшайди. Улар шаҳарга қатнашда муаммоларга дуч келмоқда. Яқингача ҳам дарё устидан кўприк қурилиши ҳақида гап-сўзлар юрарди. Бу масала қачон ҳал бўлади?
— Дарҳақиқат 89-90 йилларда шаҳар аҳолисига уй-жой қурилиши учун Зарафшон дарёсининг нариги томонидан ер берилганди. Ҳозирда Рофут Ҳамроев мавзесида 800 та хонадон мавжуд. Аҳоли яшаш манзилини шаҳар билан боғлаш масаласи кўп кўтарилган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифи давомида кўприк қуриш масаласи кўриб чиқилган ва шахсан Давлат раҳбари томонидан топшириқ берилган. Афсуски бу топшириқни ҳозирга қадар бажаришнинг уддасидан чиқа олмадик ва бунинг учун узр сўрашимиз лозим. Гап шундаки, пандемия вақтида асосий эътибор соғлиқни сақлашга қаратилди ва маблағ асосан шу соҳага йўналтирилди. Биз 2021 йил якунига қадар кўприкни қуриб, фойдаланишга топширишни режалаштириб қўйганмиз. Бунинг учун 81 миллиард сўм маблағ ажратилади.

— Шаҳардаги кўп қаватли уйлардаги узлуксиз ичимлик суви таъминоти қандай ҳолатда?
— Айни вақтда Самарқанд 99.1 фоизга ичимлик суви билан таъминланган. Фақат иккита маҳаллада артезиан қудуқ орқали сув олинади. Узлуксиз сув таъминотига келсак, аввал 8 соат бериларди, ҳозир 18 соатга чиқарганмиз.

— Самарқандда қачон йўл қурилиши тартибга солинади? Амир Темир ва Мирзо Улуғбек кўчаларида ҳамон иш олиб бориляпти. Оқибатда жуда катта тирбандликлар кузатилмоқда.
— Амир Темур ва Гагарин кўчаси Абу Даби томонидан ажратилган 320 миллион долларлик кредит асосида таъмирланиши кўзда тутилган. Бу кўча девордан-деворгача тўлиқ реконструкция қилиниши лозим. Ҳозирда қурилиш компаниялари ўртасида аукцион ўтказилмоқда. Кўчаларни таъмирлаш 2021 йилда якунига етказилади.

Мирзо Улуғбек кўчасига келсак, у марказий кўча мақомида бўлиб, шаҳарнинг асосий қон томири ҳисобланади. Ҳозирда у бир томонлама ёпилган, чунки ер остидаги қувурлар алмаштирилмоқда. Боз устига ушбу йўлни мактаб ўқувчилари кесиб ўтарди ва ЙТҲга хавфли эди. Шу боис тоннел қуриляпти. Қурилиш ишлари 14 кунда тугатилиши кўзда тутилган.

Йўл таъмирини тунда ўтказиш лозим.  Ҳозирда инфраструктурани яхшилаш бўйича жадал ишлар олиб бориляпти. Газ ва канализация қувурлари ўтказиб бўлинди, энди асосий эътибор ичимлик сувига қаратилган. Гап шундаки, шаҳардаги аксарият ичимлик суви қувурлари ўтган асрнинг 60-йилларида ўтказилган бўлиб, ҳозирда яроқсиз бўлиб қолган. Бир кунда 10-11 талаб авариялар бўляпти. 2021 йилнинг сентябр ойига қадар тўлиқ ичимлик суви қувурлари алмаштирилади ва шундан сўнг кўчалар асфалтлаб чиқамиз. Бу бўйича пул тўлиқ ажратилган. Аммо йўлни таъмирлаб қўйиб, кейин яна кавламаслик учун қувурларни янгилаб олишимиз шарт. Бир ишни икки марта қилмаслик керак. Шаҳарда газ, канализация ва электр масаласида муаммо ечилган. Фақат ичимлик суви қолган. Самарқанднинг заиф томони инфратузилма ва коммуникация эди. Ҳозирда бу масала ҳал қилиняпти.

— Афсуски Самарқандда йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш жуда суст. Айниқса таксичиларда маданият даражаси паст. У хоҳ автобус бўлсин, ёки йўналишсиз такси, кўча ўртасидан кетаётган бўлса ҳам йўловчини кўриб қолса, хавфли ҳолатни юзага келтириб бўлса ҳам, уни олишга ҳаракат қилади. Бу масалада қандай чора-тадбирлар амалга ошириляпти?
— Самарқандда 2900 та йўналишсиз такси бор ва улар истаган кўчасига кириб-чиқиши мумкин. Аммо таксичиларда маданият йўқ, машинасига ўтирсангиз, қачон ювиб-тозалангани ҳам номаълум. Йўловчи машинага ўтирдими, салон тоза, ҳайдовчи эса яхши кийинган бўлиши керак. Биз буни умумий транспорт тизими талабларига киритганмиз. Таксичи уйидан кўчага чиқиб кетмасдан, гаражда ўқитилиши керак. Бу нарса аввало ўзимизга боғлиқ. Агар жамоатчилик назоратини кучайтирсак ва муаммони суратга ёки видеога олиб жўнатсак, шаҳримиз ривожига ҳисса қўшган бўлардик.

Маълумот учун: Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг халқ депутатлари кенгашидаги мурожаати оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилди. Бундай мурожаатлар Ўзбекистон Республикасининг барча туманларида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Тадбир давомида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича ОАВ вакиллари билан тўғридан-тўғри мулоқот ташкил этилади. Xabar.uz ахборот таҳлилий портали тадбирларни кузатиб, ёритиб боришни режалаштирган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг