Коронавирусга чалинган ҳайдовчилар ортидан Андижонда қарийб 100 киши карантинга олинди
Шу йилнинг 22 май куни Балиқчи туманида яшовчи 50 ёшли Р.Р. Избоскан туманида яшовчи шериги, 32 ёшли Б.Қ. билан биргаликда халқаро юк ташиш автомашинасида Россиядан Тошкент вилояти Қибрай тумани ҳудудидаги чегара-назорат постига етиб келган. Шу куннинг ўзида ўрнатилган тартиб бўйича постдаги СЭОМ ходимлари томонидан ҳар икки ҳайдовчидан коронавирус инфекциясига суртма олинган. Эртасига, 23 май куни Б.Қ. да гумон натижа қайд этилганлиги учун такроран таҳлил топширган, Р.Р.да эса касаллик аниқланмаган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, ҳайдовчилар белгиланган санитария қоидаларига риоя қилмасдан, чегара-назорат пости автотураргоҳидан уйига чиқиб кетишган.
Шундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари билан ўтказилган тезкор қидирув ва эпидемиологик суриштирув натижасида ҳар икки ҳайдовчининг ҳам ўз уйларидан топилган.
Шу орада дастлаб таҳлил натижалари гумон қилинган Б.Қ.да ҳам, у билан доимий мулоқотда бўлган иккинчи ҳайдовчи Р.Р.да ҳам коронавирус инфекцияси тасдиқланган.
Эпидемиологик суруштирув натижасида Избоскан ва Балиқчи туманида Р.Р. ва Б.Қ. билан мулоқотда бўлган барча 100 нафарга яқин фуқаролар 14 кунлик тиббий кузатувга олинган.
Ачинарлиси, ҳайдовчиларнинг эътиборсизлиги ва санитария қоидаларига риоя қилмаслиги сабаб, уларнинг оила аъзолари, яқинлари, қўшнилари ва бошқа кўплаб инсонларнинг коронавирусда гумонланиб карантинга олинишига, уларнинг соғлигини хавф остига қўйилишига сабаб бўлган.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги яна бир бор барчанинг уй карантини қоидаларига қатъий амал қилишини, жамоат жойларида бўлганда ёки коронавирус инфекцияси аломатларини ўзида сезганда дарҳол ўзини яккалаб, шифокорга мурожаат қилишини сўрайди.
Шунингдек, яна бир бор, карантин қоидаларига, жумладан, ижтимоий масофани сақлаш, қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришишдан тийилиш, сабабсиз кўчага чиқмаслик, жамоат жойларида тўпланмаслик, қўлларни тез-тез ва яхшилаб ювиш, тиббий ниқоб тақиш каби қоидаларга қатъий амал қилишларини тавсия қилади. Бу ўзингиз ва яқинларингиз хавфсизлиги учун жуда муҳим» — дейилади хабарда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter