Қўрқув, умид, илтижо
COVID... Ким учундир касаллик, кимлар учундир протокол. Кўпчиликка ваҳима, йўқотилган ҳаловат, ўлим, айрилиқ; баъзилар учун эса энг катта ёлғон, ортидан мўмай даромад. Айримларга тавба-тазарру; кимларгадир дам олиш, ижод, имкон. Ғийбат, фисқ-фасод қилаётган, бир-бирига тош отаётганлар қанча! Баъзилар учун эътиқод мустаҳкамлиги, ибн Сино, табобат ёди, бир оғир синов...
Бир йил олдин шу гаплар бормиди? Кўчалар ҳувиллаганмиди? Одамлар оммавий тарзда ниқоб тақиб юрармиди, бир-бири билан сўрашишдан чўчирмиди? Кўпчилик ўз уйида шунча узоқ вақт ўтирганми ҳеч?
Демак, бир йилда, бир ойда, бир кун, бир сонияда ҳаммаси ўзгариб кетиши мумкин. Жон омонатлиги теран идрок этилмоқда. Ҳаёт нақадар ширин.
ФБга кирасан – таъзияхона! Остона ҳатлаб чиқмоқчимисан, ҳеч бир кафолат йўқ – одамлар хавфли. Уйда ўтир, кутгин. Абдулла Орипов мисраси ёдга тушади: «Бир қадам қўйсанг, нарёғи ўлим...»
Барибир... барибир умид қилинг. Ўзингизни бир юмуш, эрмак билан чалғитинг. Хавотир, ҳадикни хушвақтлик билан алмаштиринг. Дуолар ўқинг, илтижо қилинг.
Ризқни Худойим етказади, бировга кўп, бировга камроқ.
Яшамоқчимисиз, умид қилинг, табассумни унутманг. Кўзгуга 15 сония самимий кулиб қаранг, кайфиятингиз кўтарилади...
Икки инсон деразадан боқади, бири юлдузларни, иккинчиси кўлмакни кўради...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter