Бутунжаҳон жамияти олимлари Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилди

«Ўзбекистоннинг маданий мероси — янги Ренессанс пойдевори» муавзусидаги IV Халқаро конгресс якунига кўра, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти олимлари бир овоздан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевга мурожаат қабул қилдилар.
Мурожаатни қабул қилиш ташаббуси, IV Конгресс ишида онлайн режимида иштирок этган япониялик олимлар томонидан билдирилди. Кунчиқар мамлакатдаги Ўзбекистон элчихонасида йиғилган 20 нафар олим мурожаатнинг лойиҳасини тайёрлади ва кейинчалик бу лойиҳа Жамият Бошқаруви ва Илмий кенгаши аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.
Мурожаатномада Бутунжаҳон жамияти аъзолари, мамлакатнинг кутубхоналари ва таълим муассасаларига «Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидан 10 минг нусхадаги 35 томлик китоб-альбомларни топшириш ташаббусини амалга оширишда кўмак берганлиги учун Республика раҳбарига миннатдорлик билдирдилар. Юзлаб шарқшунос олимларнинг фаол хизматлари туфайли, яқинда Ўзбекистоннинг умумтаълим мактаблари ва университетларидаги барча кутубхоналари, Чехия, АҚШ, Италия, Германия, Япония, Буюк Британия, Россия, Ўзбекистон, Туркия ва бошқа кўплаб мамлакатларнинг тўпламларидаги Ўзбекистоннинг маданий мероси ҳақидаги китоб-альбомларга эга бўлишади. Бу ишни амалга оширишда Ўзбекистон ҳукумати кўмак беради.
«Ўзбекистон маданий мероси жаҳон тўпламларида» туркумидаги расмли китоб-альбомларни чоп этиш ҳамда уларни мамлакат кутубхоналари ва ўқув муассасаларига топшириш таклифи III Халқаро Конгрессда илгари сурилган ва давлат раҳбари томонидан қўллаб-қувватланган эди. Уларнинг дастлабки 15 жилди аллақачон барча ўқув юртларига етказилган ва ҳозирда ушбу лойиҳанинг иккинчи босқичи давом этмоқда.
Мурожаатномада қайд этилишича, «Ўзбекистон маданий мероси — Янги Ренессанс пойдевори» мавзусидаги Тўртинчи Халқаро Конгрессда 2021-2025 йилларга мўлжалланган Йўл харитаси қабул қилинган. Кейинги беш йил ичида Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти 100 дан ортиқ янги лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирмоқда.
«Биз мамлакатдаги ва хориждаги музейларда сақланаётган Ўзбекистоннинг маданий мероси ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар ва альбомлар нашр этишни, ҳужжатли ва бадиий фильмлар тайёрлашни, илмий форумлар ўтказишни, ўқув дастурлари яратишни, мамлакат маданий меросини тиклаш соҳасидаги мутахассисларнинг ишларини, қонунчиликни такомиллаштириш, туризмни ривожлантиришга қаратилган ташаббусларни тадқиқ қилишни давом эттириш ниятидамиз» — дейилади Мурожаатномада.
Олимлар, шунингдек, Республика раҳбарининг мамлакатнинг маданий меросини асраб-авайлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар ва улар бундан кейин ҳам Ўзбекистоннинг миллий маданий меросини ривожлантириш ва сақлашга ўз ҳиссаларини қўшишга тайёр эканликларини таъкидладилар.
«Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс даврини амалга оширишга қаратилган, Сиз эълон қилган миллий ғоя аввало маданиятни сақлашга қаратилганлиги билан ҳам жуда ҳурматга сазовор ва Сиз айнан маданият, мамлакатнинг янги Уйғониш даври, жамият маънавиятининг юксалиши, халқни, айниқса, ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг пойдевори эканлигини яхши англайсиз» — дейилади Мурожаатномада.
Шуниси эътиборга лойиқки, Бутунжаҳон жамияти аъзоларининг Республика президентига мурожаатини қабул қилиш яхши анъанага айланиб бормоқда, инчунун мурожаат бугун тўртинчи марта қабул қилинди ва шубҳасиз доимгидек олимлар Республика раҳбарининг ижобий жавобини оладилар. Шундай йўл билан, Бутунжаҳон жамияти ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ўзаро мустаҳкам алоқаларини ўрнатмоқда ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича фаолиятларини бирлаштирмоқдалар.
Маълумот учун: Жамиятни ташкил этиш ташаббуси биринчи маротаба 2017 йил май ойида Тошкент ва Самарқандда бўлиб ўтган «Ўзбекистоннинг маданий мероси — халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги мулоқотга йўл» мавзусидаги халқаро конгрессда тилга олинган эди.
Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятини тузиш тўғрисида қарор, 2018 йилда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган Иккинчи Халқаро Конгресс доирасида қабул қилинди. Жамият 2019 йил август ойида Парижда расмий равишда рўйхатдан ўтказилди. Жамият, давлат ва жамоат ташкилотлари, тадқиқотчилар, экспертлар, илм-фан, медиа соҳаси вакиллари ва бошқа манфаатдор жамоатчилик вакилларининг Ўзбекистон маданий меросини жаҳон маданий меросининг муҳим қисми сифатида сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ишларига кўмак беради.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter