Онани йиғлатган фильм мукофот олди

Москвада «Авлиё Анна» талабалар ва дебют фильмлар фестивали бўлиб ўтди. Унда 130 дан ортиқ фильм иштирок этди.
Ўттиз йил мобайнида «Авлиё Анна»да кинотасмадан тортиб, замонавий DVD ва рақамли кинематографгача бўлган фильмлар формати ўзгарди. Аммо мақсад ҳали-ҳамон битта: дебют ижодкорларида ишонч уйғотиш ва кинопрокатга йўл олишига кўмаклашишдан иборат.
Фестивалга тақдим этилган 700 дан зиёд фильмдан 130 таси кинотеатрларда намойиш қилиш учун танлаб олинди. Танлов ҳайъатини нуфузи кино ижодкорлар ташкил этди. Улар 8 та номинация бўйича кўриб чиқди.
Фестивалда ўзбекистонлик ёш режиссёр, ВГИК талабаси Элдор Шодмонқуловнинг «Хайрлашув мактуби» учинчи ўринга сазовор бўлди. Фильм сюжети реал воқеаларга асосланган. Уни Элдорнинг онаси – ўқитувчи аёл болалигида ўз бошидан кечирган.
– Онам бизни доимий қўллаб турди, – дейди Элдор Шодмонқулов. – Сизлар фильм олинглар, биз нонуншта, тушлик ва кечки овқатни тайёрлаб берамиз, деди. Фильм суратга олинган бир ҳафта мобайнида онам гоҳ у, гоҳ бу ерда жимгина йиғлаб оларди. Ҳамма қўшниларга, «Менинг ўғлим мен ҳақимда, болалигим ҳақида кино оляпти», дерди.
Ёш режиссёр Элдор Шодмонқулов – таниқли ўзбек режиссёри Зулфиқор Мусоқов мактаби битирувчиси. Устоз шогирдининг ютуғидан мамнун бўлиб, келгусидаги ишларига ҳам муваффақият тилади.
А.Фатҳуллаев
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter