18 декабрь куни оммабоп автомобиллар учун шартномалар очилмайди – «UzAuto Motors»
Ижтимоий тармоқларда бугун оммабоп автомобиллар (масалан, Damas, Nexia-3, Cobalt) хариди учун шартномалар очилиши ҳақида хабарлар тарқалди. «UzAuto Motors» компанияси бу хабарларни рад этди.
Компания томонидан эълон қилинган баёнотда бу борада тарқалган маълумотларга ишонмаслик сўралган.
«Контрактация бошланишининг аниқ санаси тўғрисида «UzAuto Motors» расмий каналларида хабар берилади. «UzAuto Motors» компанияси ўз мижозларидан ҳушёр бўлишни ва шахсий маълумотларини, айниқса, давлат порталидаги шахсий маълумотларни учинчи шахсларга бермасликни сўрайди.
Онлайн шартнома тизими барча учун мутлақо бепул ва тизимда ҳеч ким учун қандайдир алоҳида киришни таъминлайдиган имкон йўқ. Эслатиб ўтамиз, «Chevrolet» оммабоп автомобиллари учун шартнома тузиш фақат «UzAutoSavdo» иловаси (iОС/Android), шунингдек, savdo.uzavtosanoat.uz сайти орқали амалга оширилиши мумкин», дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, автомобилни онлайн харид қилиш бўйича мижозлар қуйидагиларни амалга оширишлари лозим:
- OneID тизимидан рўйхатдан ўтиш;
- Телефонга «UzAutoSavdo» мобил иловасини юклаб олиш (iОС/Android), savdo.uzavtosanoat.uz сайтига кириш;
- OneID тизимидаги логин ва пароль ёрдамида сайтга кириш/иловадан рўйхатдан ўтиш;
- Автомобиль модели, ранги ва комплектацияси ҳамда маъқул келган дилерлик марказини танлаган ҳолда, шартнома тузиш керак бўлади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter